Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:00

Сифатсиз ғалла мустақиллиги


Мутахассисларга кўра, Ўзбекистонда етиштирилаётган ғалланинг катта қисми чорва молларига бериладиган озуқа донидир.
Мутахассисларга кўра, Ўзбекистонда етиштирилаётган ғалланинг катта қисми чорва молларига бериладиган озуқа донидир.

Хорижий нашрлар Ўзбекистон ташқаридан сотиб оладиган дони ҳажми йилдан-йилга ошиб бораётгани ҳақида хабар қилаётган бир пайтда ўзбек матбуоти мамлакат аллақачон ғалла мустақиллигига эришгани ҳақида ёзмоқда.

“Ўзбекистон сўнгги 5 йил давомида ун импорти ҳажмини 6,7 мартага оширди ва дунё бўйлаб унни энг кўп импорт қилувчи икки давлатдан бирига айланди. Иккинчиси Афғонистондир”, деб хабар қилди Россиядаги "СовЭкон" ташкилоти ўз сайтида.

Бу хабар "СовЭкон" сайтида пайдо бўлган куни Тошкентда босиладиган "Народное слово" қуйидагиларни ёзди:

"Бугунги кунда республикадаги барча қишлоқ ва шаҳарлар ўзимизда ишлаб чиқарилган ун ва нон маҳсулотлари билан тўла таъминланган".

Бу бир-бирини инкор этувчи икки хабарнинг қай бирига ишониш мумкин?

Хорижлик эксперт маълумоти

“СовЭкон” раҳбари Андрей Сизовнинг Озодликка билдиришича, юқоридаги хабарни тайёрлашда сайт бош қароргоҳи Лондонда жойлашган Халқаро дон кенгаши ташкилоти маълумотларга таянган.

Халқаро дон кенгаши (ХДК) вакили Даррен Купернинг Озодликка айтишича, ХДК ўз ҳисоботларини дон экспорт қилувчи давлатлар тақдим этадиган маълумотлар асосида тайёрлайди.

- Ун импорти бўйича биз эълон қилган Ўзбекистон ва Афғонистонга оид маълумотлар асосан экспорт маълумотларини таҳлил қилиш асосида белгиланган. Биз дон экспорт қилувчи давлатларнинг қайси мамлакатга қанча дон жўнатгани ҳақидаги ҳисоботларни ўрганамиз, деди Даррен Купер.

ХДК маълумотларига кўра, сўнгги беш йил ичида Ўзбекистон, юқорида қайд этилганидай, ун экспорти ҳажмини 6,7 мартага оширган.

Қиёслаш учун: сўнгги беш йил ичида ташқаридан ун сотиб олишни Афғонистон 2,7 мартага, Тожикистон 2,3 марта кўпайтирган.

Шу муддат ичида Қозоғистон ун экспортини 4,5 мартага оширган.

"Народное слово" газетасидан

12 август сони: “Мамлакатимиз ғаллакорлари яқиндагина меҳнат ғалабасини кенг нишонладилар. Жорий йилда улар 6 миллион 610 минг тоннадан зиёд дон йиғиб олди... Бугунги кунда республикадаги барча қишлоқ ва шаҳарлар ўзимизда ишлаб чиқарилган ун ва нон маҳсулотлари билан тўла таъминланган”.

Ҳукуматга хайрихоҳ эксперт фикри

- Пахта экиш фойдалироқ бўлишига қарамай, биз ғалла етиштириладиган майдонларни кўпайтирдик. Чунки дон хавфсизлигимиз кафолатидир. Баъзи йилларда эҳтиёжимизнинг 80 фоизини қоплайдиган ҳосил етиштирамиз. Бу рақам 100 фоизга чиқадиган йиллар ҳам бўлади. Етмаганини сотиб оламиз

Етмаганини Қозоғистондан сотиб оламиз. Чунки Қозоғистоннинг дони бизникидан яхши. Нон айнан ўша буғдой унидан ёпилади.

Ўзимизда етиштириладиган буғдойнинг катта қисми чорвага бериладиган озуқа дондир. Ана ўша, ўзимиз етиштирган озуқа донни чет элга, энг аввало Афғонистонга сотамиз¸ дейди тошкентлик иқтисодчи Виктор Ивонин.

Собиқ давлат амалдори фикри

“Ўздонмаҳсулот” давлат ҳиссадорлик корпорациясининг собиқ раиси Олим Отаевнинг ўрганаётганимиз мавзу юзасидан ёзилган, лекин ҳали ҳеч қаерда эълон қилинмаган мақоласидан парчани муаллифнинг қизи ўқиб берди:

“Ўзбекистон ўз далаларида 1 миллион 470 минг тонна сифатли озиқ-овқат донини етиштириши мумкин, холос. Қолган доннинг ҳаммаси чорвага бериладиган озуқа донидир”.

Оддий ўзбекистонликдан олинган маълумот

Жиззахлик фермер Маъмуржон Азимовдан сўрадик:

Озодлик: Қозоғистон уни ун бозорининг тахминан неча фоизини қоплайди?

- Мен ўзим магазинларни кеча-бугун кўрганимда 10 хил турдаги ун Қозоғистонники турибди¸ Жиззахникининг битта тури турибди. Ҳозир Ўзбекистонда мавжуд бўлган барча новвойхоналар ëки нон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи цехларнинг деярли ҳаммаси Қозоғистон унидан фойдаланади. Қозоғистон унидан нон ишлаб чиқаришади. Ўзбекистон унидан фойдаланмайди¸ дейди жиззахлик фермер Маъмуржон Азимов.
XS
SM
MD
LG