Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:29

Ўзбек аёли уятчан, лекин...


Осиёда яшовчи 50 миллион аёлга ёстиқдошларидан иммун тақчиллиги вируси юқиш хавфи мавжуд. Бу ҳақда БМТ ЮНЭЙДС дастури “Осиёда ОИТВнинг интим алоқалар орқали юқиши” маърузасида эълон қилди.

Ўзбекистонлик аёллар орасида ҳам ёстиқдошларидан ушбу касалликни юқтириб олиш хавфи билан яшаётганлар кўпчиликни ташкил қилади.

Ўзбекистон ОИТС маркази мутахассиси Майсара Ғозиеванинг билдиришича, ёстиқдошларига иммун тақчиллиги вирусини юқтириш хавфи, асосан, хорижда ишлаб келаётган мардикорлар оилаларида кузатилади.

- Давлат орқали Кореяга ëки бошқа давлатларга расмий ишга кетадиганлар бор. Норасмий кетадиганлар эса МДҲ давлатларига кетиб ишлаб келади. Шу пайтда улар беш-олти ой уйида бўлмайди. Шу вақтда бирор-бир одам билан жинсий алоқада бўлган бўлса¸ шу касалликни юқтириб олиш хавфи бор. Уйига келганда¸ улар кўпинча тиббий кўрикдан ўтмайди ва аëли билан яшашда давом этаверади. Хотини ҳомиладор бўлиб¸ хотин-қизлар маслаҳатхонасига бориб рўйхатга турганда ва текширилганда¸ касалликнинг аниқланиш ҳолатлари бўлаяпти¸ дейди Майсара Ғозиева.

Андижонлик шифокор Абдуқодир Сатторовга кўра, кейинги пайтда мамлакатдан ташқарида ишлаб келаётган ҳар 100 нафар эркакдан камида икки нафари турли хил юқумли касалликларни юқтириб келаяпти.

- Хорижга чиқиб келганларнинг ичида сифилис (сўзак) деган касаллик бор. Ана шу касалликни юқтирганларни биламан. Қозоғистонда ишлаб келганларнинг ичида бор. Ҳар 100 тадан битта-иккита чиқиб туради. Бу эркакка ўтиб¸ эркак аëл билан қўшилганда, аëлга юқади. Четга чиққанлар келган куниëқ тери-таносил касалликлари диспансерига учраши керак. Келиб, билиб-билмай аëли билан қўшилса¸ тамом¸ дейди Абдуқодир Сатторов.

Майсара Ғозиева ҳам хорижга чиқиб ишлаб келаётган эркаклар уйларига қайтгач¸ албатта тиббий кўрикдан ўтишлари шарт, деб ҳисоблайди.

- Аëл уйига эри қайтиб келгандан кейин: "Келинг¸ тиббий кўрикдан ўтайлик, шунча вақтдан бери йўқ эдингиз", деб маслаҳат бериши керак¸ дейди шифокор.

Майсара Ғозиева иммун тақчиллиги вирусини юқтиришдан сақланиш учун аёлларга жинсий алоқа пайтида ҳимоя воситаларидан ҳам фойдаланишни тавсия қилади.

Жиззахлик Саида Қурбонова бу каби тавсиялар аксар ўзбек аёллари учун фойдасизлигини, боиси аёллар ҳимоя воситаларидан фойдаланишни билмасликларини айтади.

- Ўзбек хотинлари алоқа пайтида қандайдир аппаратдан¸ қандайдир мосламадан фойдаланиш¸ сақланиш йўлини мутлақо билмайди. Билмайдиганлар ҳам кўп. Масалан¸ шаҳарда турганлар эшитган бўлиши мумкин. Лекин қишлоқ аëллари буни мутлақо билмайди¸ ҳатто кўрмаган. Нима эканлигини тасаввурига сиғдира олмайди. Аëлларда шунақа ҳолат борки¸ улар врачларга бориб мурожаат қилишга уялади. Ўзбек аëлларида жуда ҳам уят кучли¸ дейди Саида Қурбонова.

Майсара Ғозиева бундай ҳолатларда, аёллар учун аноним текшириш хоналари фаолият кўрсатаётгани ҳақида гапиради.

- Жинсий алоқа йўли орқали юқувчи инфекцияларнинг олдини олиш мақсадида яна қўшимча дўстона хона очилган. Мана бу дўстона хоналарга мурожаат қилганларни мутахассис кўради. Агар жинсий алоқа йўли орқали юқувчи касалликларнинг бирор-бир белгиси бўладиган бўлса¸ шуни аноним ҳолда даволайди¸ дейди Майсара Ғозиева.

Ўзбекистон ОИТС маркази мутахассиси мамлакатда иммун тақчиллигининг олдини олиш борасида жуда кўплаб тадбирлар амалга оширилаётганини айтади.

- 2008 йил 26 декабрда президент қарори чиққан. Шу қарор бўйича Ўзбекистон республикасида ОИТС касаллигининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш¸ Ўзбекистондаги барча аҳолининг шу касаллик бўйича хабардорлигини ошириш¸ айниқса¸ ëшларнинг орасида иш олиб бориш¸ уларни маънавий камол топтиришга йўналтириш кўзда тутилган¸ дейди Майсара Ғозиева.

Шунингдек, Майсара Ғозиевага кўра, ОИТС нинг олдини олиш мақсадида ҳатто жума намозларида ҳам маърузалар қилинади.

- Маҳаллаларда маҳалла ëрдамчилари бор. Касалликнинг олдини олиш бўйича фақат маҳалла фаоллари эмас¸ маҳалла посбонлари ҳам иш олиб боради. Шу билан бирга, жума намозларида¸ маърузаларда бу касалликнинг олдини олиш бўйича айтиб ўтилади¸ дейди Майсара Ғозиева.

Саида Қурбоновага кўра, ҳукумат томонидан бу каби тадбирлар қилингани билан ОИТС хавфидан қутилиш қийин.

- Чунки ҳали иқтисод жуда ҳам оғир. Четга бориш тўхтагани йўқ. Айниқса¸ эркакларимиз йиллаб чет элда қолиб кетади. Уларнинг йиллаб ким биландир алоқада бўлмаслиги мумкин эмас. Шу сабабли ҳам хавфи бор бу нарсанинг. Аëлларга СПИД касали юқишининг хавфи жуда катта¸ дейди Саида Қурбонова.

БМТнинг ОИТСга қарши кураш агентлиги маълумотига кўра, айни пайтда Осиё мамлакатларида яшаётган 1, 7 миллион аёл орттирилган иммун синдроми билан касалланган. Уларнинг 90 фоиздан кўпроғи касалликни ёстиқдошларидан юқтиришган.

2008 йилда Осиё мамлакатлари бўйича ОИТВ аниқланганларнинг 35 фоизи аёллардир. 1990 йилда бу кўрсаткич 17 фоизни ташкил қилган.

"Регнум" ахборот агентлиги Ўзбекистон бўйича қуйидаги рақамларни келтиради:

“2007 йилда Ўзбекистонда ОИТВ га чалинганлар сони жами 3 минг 150 нафар эди. 2008 йилнинг 1 январига келиб эса қайд этилган беморлар сони 13 минг 15 тага етди. Уларнинг 65 фоизи эркак, 34 фоизи аёллардир”.
XS
SM
MD
LG