Линклар

logo-print

Ўзбекистонда “Инсон ҳуқуқлари журналист нигоҳида” номли ижодий танлов ўтказилиши эълон қилинди. Аммо, ўзбекистонлик кузатувчиларга кўра, бу танловда мустақил журналистнинг иштирок эта олиши даргумон.

Маълумотларга кўра, мазкур танлов мамлакатда демократик, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотлар жараёнлари чуқурлашаётганини матбуотда кенг ёритиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинлигини таъминлаш, шунингдек, журналистлар фаоллигини ошириш мақсадида ўтказилмоқда.

Лекин ўзбекистонлик мустақил ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов “Инсон ҳуқуқлари журналистлар нигоҳида” номли ижодий танловни ўтказишдан кўзланган асл мақсад баён қилинганидан бошқача эканини айтади.

- Ўзбекистон ҳукумати, уларнинг жаргонида (тилида) айтадиган бўлсак¸ ўзига хос¸ ўзига мос сиëсатини оммавий ахборот воситаларида тарғиб қилиб боради. Инсон ҳуқуқлари масаласида ҳам худди шундай. Яъни инсон ҳуқуқлари вазиятини яхши қилиб кўрсатиш¸ умуман, “инсон ҳуқуқлари вазияти жаҳон стандартларига тўғри келади” деган иддаоларни олға суриш ҳам ўша идеологиянинг кўринишларидан бири. Бу танлов ҳам хилма-хил ялтироқ тадбирларнинг биттаси, дейди ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли.

ЎзА ахборот агентлиги хабарида “Инсон ҳуқуқлари журналист нигоҳида” номли ижодий танловга жорий йил бошидан 1 декабрга қадар республика матбуотида нашр этилган информацион-таҳлилий, публицистик ва фотоматериаллар тақдим этилиши мумкинлиги билдирилган.

Швейцарияда фаолият юритаётган ўзбекистонлик мустақил журналист Алишер Таксанов бу танлов нафақат Ўзбекистон, балки халқаро жамоатчилик кўз ўнгида инсон ҳуқуқлари борасида Тошкент ҳукумати тадбирлар ўтказаётганини намойиш қилишга уринишдан бошқа нарса эмас, деган фикрда. Унга кўра, танловда инсон ҳуқуқлари борасида Ўзбекистондаги реал воқеликни акс эттирувчи мақолалар бўлмайди.

- Бу халқаро ҳамжамият учун ҳам уюштирилмоқда. Ҳукумат инсон ҳуқуқлари бу мамлакатда ёпиқ мавзу эмаслиги, бу борада вазият яхши экани ва инсон ҳуқуқлари мавзуида ҳатто танловлар ҳам ўтказилмоқда, деган мужда йўллашга уринмоқда. Асосий гап эса бу танловга қандай мақолалар тақдим этилишида.

Менимча, танловга реал воқеалар, масалан, маошлар берилишининг кечикиши ёки одамлар хоҳишига қарамай, маошларнинг мажбурий равишда пластик карточкаларга ўтказилаётгани ҳақида мақолалар бўлмаслиги аниқ. Бу ҳам инсон ҳуқуқларининг бузилиши-ку. Бундай мавзулар муҳокамадан четда қолади, дейди Таксанов.

Абдураҳмон Ташанов ҳам танловда муқобил фикрлар билдирган журналистлар мақолалари қатнаша олмайди, деган фикрга қўшилади.

- Албатта¸ бу ерда мустақил кузатувларга ëки бўлмаса мустақил алтернатив фикрларга ҳеч қанақа ўрин берилмайди. Чунки танлов шартларининг ўзида Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларидаги ва Ўзбекистон доменларидан ўтган интернет нашрлардаги мақолалар қабул қилинади¸ деб ëзилган. Бундан ташқари, материалларнинг форматлари ҳам ëзилган. "Умумжаҳон декларациясининг анъаналарини тарғиб қилиш", деб белгиланган. Ўзбекистон ҳукумати умумжаҳон декларациясини фақат ўзларининг талқинича тушунишади. Тушунчаларни кенг ëритиб бериш идеологияни бойитиш нуқтаи назаридан ўтказилаëтган тадбирлардан бири, деб ҳисоблайман¸ дейди ўзбекистонлик мустақил ҳуқуқ ҳимоячиси.

Францияда фаолият юритаётган Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари ассосиацияси раҳбари Надежда Отаева танловга фақат республика матбуотида нашр этилган информацион-таҳлилий, публицистик ва фотоматериалларнинг тақдим этилиши фуқаролик ҳуқуқларининг бузилишидир, деган фикрда.

- Бу танловнинг эълон қилиниши ҳукуматнинг инсон ҳуқуқларига қандай муносабатда эканини яққол кўрсатади. Биринчидан, бу ерда фуқаролик ҳуқуқлари бузилмоқда. Қандай қилиб давлат бу танлов қатнашчиларини чеклаши мумкин? Мавзу инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ.

Ҳар қандай давлатда инсон ҳуқуқлари чегараси йўқ. Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари декларациясини имзолаган ҳар қандай давлатдаги инсон ҳуқуқлари вазият ҳақида фикр билдириш ҳуқуқига эга.

Ҳукумат Тожикистон, Афғонистон, Россия ва бошқа давлатлардаги инсон ҳуқуқлари ҳақида фикр билдириши мумкин. Ўз мамлакатим ҳудудида яшамасам ҳам нима учун мен бу жамиятни ташвишга солаётган муаммолар ҳақида фикр билдира олмайман?

Мамлакатимиздаги инсон ҳуқуқлари тўғрисида Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Кенгашида чиқиш қилаётган ҳуқуқ ҳимоячилари нима учун бу танловда қатнаша олмайди, дейди Надежда Отаева.

Абдураҳмон Ташанов Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни журналистлар учун ижодий танловлар ўтказиш орқали яхшилаб бўлмайди, деган фикрда.

- Ëлғон ҳеч қачон вазиятни яхшилаш учун ëрдам бермаган. Қолаверса, “бу жамоатчиликни чалғитади” деган фикрда ҳам эмасмиз. Чунки жамоатчилик инсон ҳуқуқлари вазиятини билади. Юқорида айтганимдек, бу идеологиянинг кўринишларидан биттаси, холос, дейди ўзбекистонлик мустақил ҳуқуқ ҳимоячиси.

“Инсон ҳуқуқлари журналист нигоҳида” номли ижодий танлов Ўзбекистон мустақил матбуот ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон республикаси миллий маркази томонидан ўтказилмоқда.

Танлов ғолиблари диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланиши эълон қилинган.
XS
SM
MD
LG