Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:03

Чеченлар умуммиллий қурултой чақирмоқчи


Чеченистон Ичкерия республикаси ҳукуматига раҳбарлик қилиб келаётган Аҳмад Закаев Чеченистоннинг Кремлга хайрихоҳ расмийлари билан мулоқот бундан буён ҳам самимий кечишига умид қилади.
Чеченистон Ичкерия республикаси ҳукуматига раҳбарлик қилиб келаётган Аҳмад Закаев Чеченистоннинг Кремлга хайрихоҳ расмийлари билан мулоқот бундан буён ҳам самимий кечишига умид қилади.

Чеченистон Ичкерия республикаси раҳбарияти ва Чеченистоннинг Кремл тарафидан тайинланган маъмурияти шу йил охирида биргаликда чеченлар жаҳон қурултойини ўтказишади.

Сургунда фаолият юритаётган ва Чеченистон Ичкерия республикаси ҳукуматига 2007 йилдан бери раҳбарлик қилиб келаётган Аҳмад Закаев бу борада Чеченистоннинг Москвага хайрихоҳ ҳукумати билан келишилганини айтди.

- Биз Чеченлар Жаҳон қурултойини ўтказиш зарурлиги ҳақда келишиб олдик. Бундан мақсад ягона сиёсий платформани ишлаб чиқишдир, деди Закаев.

Аҳмад Закаев бу ҳақда Чеченистоннинг Кремл тарафидан тайинланган парламент спикери Дукваха Абдураҳмонов билан Лондонда ўтказган музокаралари сўнгида маълум қилди. Закаевга кўра, учрашув самимий руҳда ўтган.

- Ўйлайманки, бу бошланиши ва кейинги давра учрашувлари яна ҳам самимий рухда ўтади, деди Аҳмад Закаев.

Бу Чеченистон Ичкерия республикаси раҳбарияти ва Чеченистоннинг Кремл тарафидан тайинланган маъмурияти ўртасидаги учинчи мулоқотдир. Лондондаги Чечен тинчлик форуми раҳбари Ивар Амундсен воситачилигидаги аввалги икки мулоқот Ослода ўтказилган эди.

Дукваха Абдураҳмоновнинг билдиришича, ушбу мулоқот ташаббусчиси Рамзон Қодировдир ва у Россия президенти Дмитрий Медведев ҳамда бош вазири Владимир Путин розилиги билан ўтказилмоқда.

Аммо Закаев ҳам, Абдураҳмонов ҳам Лондондаги мулоқот тафсилотларини ошкор қилмадилар, қолаверса, мулоқотга Доку Умаров каби чечен дала қўмондонлари ҳам таклиф этилган ёки этилмагани номаълум.

Сўнгги интервьюларидан бирида Умаров Москва тарафидан уюштирилувчи бунақа тинчлик музокаралари самарасига ишонмаслигини билдирган ҳамда Закаевнинг Чеченистонда Москва тарафидан тайинланган ҳукумат ва ҳуқуқ-тартибот тизимларига қарши ҳаракатларни 1 августдан тўхтатиш чақириғини ҳам рад этган эди.

Йил охирида бўлиши айтилаётган Чеченлар Жаҳон қурултойи кун тартиби ва унинг Чеченистондаги вазиятга қандай таъсир этиши мумкинлиги масаласи ҳозирча очиқ қолмоқда.

Музокараларга воситачилик қилаётган Ивар Амундсен фикрича, Чеченистонда тинчлик қарор топтиришнинг ягона йўли мулоқот экани ва бу ишда Закаевдан фойдаланиш кераклигини Москва ниҳоят тушуниб етган.

Аммо кузатувчилар бундай мулоқотларни ўтказишдан мақсад Рамзон Қодировнинг тушиб бораётган обрўсини кўтариш эканини айтишади.

- Ҳозир Қодиров ҳукуматининг обрўси ниҳоятда тушиб кетган. Айниқса Чеченистонда рўй берган қотилликлардан сўнг Қодиров имижи кўтарилишга жуда муҳтож, дейди Озодлик радиосининг Шимолий Кавказ бўлими раҳбари Аслан Докаев.

Ушбу ҳафта Чеченистонда ҳуқуқ фаоли Зарема Саъдуллаева ва унинг турмуш ўртоғи Алик Жаброилов, июл ойида эса бошқа бир ҳуқуқ фаоли Наталья Эстемирова ўлдирилди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари Рамзон Қодиров ҳукуматини қотиллик юзасидан тергов ўтказишга лаёқатсизликда айблашган.
XS
SM
MD
LG