Линклар

logo-print

Ўзбек газини Қирғизистонга етказиб бериш бўйича Тошкентга музокарага кетган қирғиз делегацияси кўзланган мақсадга қарийб эришолмай қайтди. Бу ҳақда қирғиз матбуоти хабар қилди.

Аввал хабар қилганимиздек, қирғиз энергетиклари ҳафта бошида мамлакатга етказиб берилаётган ўзбек гази бўйича музокаралар олиб бориш учун Тошкентга жўнаб кетганди.

Қирғиз делегацияси мазкур музокаралар чоғида мамлакатга импорт қилинаётган ўзбек газини арзонлатишга эришишни умид қилаётганди.

Бироқ “Қирғизгаз” ОҲЖ бош директори ўринбосари Қубан Мирзақановга кўра, Ўзбекистон томони бу ҳақда фақат Қирғизистон газ қарзидан тўла қутулганидан сўнг музокара юритиш мумкинлигини билдирган.

Айни пайтда Қирғизистоннинг Ўзбекистон олдидаги газдан бўлган қарзи 18 миллион АҚШ долларини ташкил қилади.

2009 йилнинг 1 июлига қадар Қирғизистон Ўзбекистонда 181 миллион куб метр газ олган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 январидан бошлаб Қирғизистон ўзбек газининг ҳар минг куб метрини 240 АҚШ долларидан сотиб ола бошлади. Уч йил аввал бу нарх 45 долларни ташкил қиларди. Кейинги йилларда эса Ўзбекистон Қирғизистонга сотилажак газ учун аввал 100 доллар, кейин 145 доллар нарх белгилаган.

Қирғизистон саноат ва энергетика вазири Илёс Давидовнинг айтишича, Қирғизистон ва Ўзбекистон газ борасида тузилган шартномани ҳар олти ойда янгилаб турилишига келишган. Бироқ, куни кеча Тошкентдан қайтган қирғиз делегацияси вакилларининг айтишларича, Ўзбекистон томони Қирғизистон газ қарзини тўлалигича тўлаб қўймагунича газ нархини арзонлатиш тўғрисида гаплашишни истамаяпти.

Айни пайтда қирғиз энергетиклари, агар Ўзбекистон олдидаги газ қарзи тўланса, 2009 йилнинг тўртинчи чорагида ўзбек газининг нархи 20 долларга арзонлаши мумкинлигини айтмоқдалар.

“Қирғизгаз” ОҲЖ бош директори ўринбосари Қубан Мирзақанов ҳозир Ўзбекистонга газ қарзини тўлаш масаласида Қирғизистонда ҳукумат раҳбарлари даражасида кенгаш ўтказилаётгани, муҳокама натижалари бўйича муайян қарор қабул қилиниши, сўнгра Ўзбекистон томони билан музокаралар давом эттирилишини маълум қилди.

Аввалроқ қирғизистонлик таҳлилчилар “қирғиз ва рус раҳбарияти томонидан Қирғизистонга Россиянинг яна бир ҳарбий қисми жойлаштирилиши ҳамда “Қирғизгаз” ширкати акцияларининг 88 фоизини “Газпром” сотиб олиши тўғрисидаги меморандумларнинг имзоланиши натижасида Ўзбекистон газ нархини туширишга мажбур бўлади”, дея тахмин қилаётгандилар.

Бундан ташқари, бу йил Тўқтўғул сув омборида сув тақчиллигига қарамай, Қирғизистон қўшни Ўзбекистон эҳтиёжи учун талаб қилинадиган 5,5 миллиард куб метр сувни бераётгани ҳам музокаралар жараёнига таъсир кўрсатиши мумкинлиги айтилаётганди.

Аммо, Тошкентдаги музокаралар натижаларига назар солинса, Тошкентни юқорида тилга олинган муаммолар у қадар ташвишлантирмаётган кўринади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG