Линклар

Мухолифатдаги “Бирдамлик” ҳаракати фаоллари ўзларининг Озод Европа/ Озодлик радиосининг ўзбек хизматига қарши очлик акциясини давом эттираётганини айтмоқда.

10 августдан буён норозилик акцияси ўтказаётган “Бирдамлик” ҳаракати аъзолари Озодлик радиосининг мухолифатдаги “Эрк” партиясига тарафкашлик қилаётганликда айблаб, “Озодлик радиоси - диктатор Каримовнинг дўсти” деган шиорларни кўтариб чиқишди.

“Бирдамлик” ҳаракати Озодлик радиосини цензура қўллашда айбламоқда. Ҳаракатнинг бошқа талаблари Озодлик радиосининг айрим ходимларини ишдан бўшатиш каби ички масалаларига оид талаблардир.

Биз “Бирдамлик” ҳаракатининг раҳбари Баҳодир Чориев билан боғланиб, ундан Озодлик радиосига нисбатан айтилаётган ушбу даъволарни изоҳлаб бериши сўрадик.

Озодлик:
Ассалому алайкум. 10 августдан бери Озодлик радиосининг Вашингтондаги қароргоҳи олдида норозилик акциясини ўтказаяпсизлар. Сизларни Озодлик радиоси фаолияти билан боғлиқ қай ҳолат қониқтирмаяпти?

Баҳодир Чориев: Озодликнинг барча эшиттиришлари яхши. Биз жуда ҳам мириқиб эшитамиз¸ жуда ҳам хурсандмиз. Фақат сиëсий соҳада Озодлик жуда ортда қолаяпти. Фақат бир томонлама ëндошиш.

Озодлик: Мана, Озодлик радиосини бир ëқламаликда ва тарафкашликда айблаяпсиз. Бу борада конкрет мисол келтира оласизми?

Баҳодир Чориев: Мана, Жаҳонгир Маматов томонидан Демократик Ўзбекистон конгресси тузилди. Тузилгандан кейин у одам негадир эфир юзини кўрмай кетди. Бундан ташқари¸ Эрк партиясининг Самад Мурод фракцияси. Шу одамдан дарак йўқ. Озодликдан умуман эшитилмайди. Бундан ташқари¸ бирликчилар. Бирликчилар ҳақида ҳам умуман деярли маълумот кам берилади. Абдураҳим Пўлатов жуда ҳам кам чиқади. Деярли чиқмайди у ҳам. Энди Бирдамлик ҳаракати. Бизда ҳам, умуман олганда, мисол учун бирорта бир фаолимиз чиқса ҳам "мухолифатчи" деб берилади. Иложи борича, Бирдамлик номини тилга олмасликка уринилади. Мен ҳам йилига бир марта¸ кўпи билан икки марта радиога чиқаман.

Озодлик: Сиз ўзингиз радио эфиридан четга чиқиб олмадингизми? Йил бошида Озодлик радиосини бойкот қилган эдингиз. Энди эса радиони айблашга уринаяпсиз. Аввал гаплашмайман деганингизни¸ кейин эса мени чеклаяпсизлар, деб даъво қилаëтганингизни қандай изоҳлайсиз?

Баҳодир Чориев: Биласизми¸ агар халқимиз яхши кунларда яшаб¸ мисол учун жуда фаровон бўлганда¸ бизнинг Озодлик билан ишимиз йўқ эди. Халқимизнинг оғир аҳволи бизни жуда ҳам тинч қўймайди. Шунинг учун биз ҳар томонлама кураш йўлини олиб бораяпмиз. Шунинг билан бирга минбар биз учун керак. Ўзимизнинг дардимизни¸ ўзимизнинг фикрларимизни¸ ўзимизнинг ғоямизни халқимизга етказиш керак. Халқ ўзи билади кимнинг орқасидан эргашишни ва кимни қўллаб-қувватлашни. Шу сабабли биз бойкот ҳам эълон қилдик¸ 2006 йил март ойида бир ҳафталик очлик ҳам эълон қилдик. Мана ҳозир шунинг давоми бўлиб турибди. Сабаби, бу нарсага чек қўйишимиз керак. Авваламбор бу бутун бир ўзбек журналистлари ва мухолифати учун уятли нарса бўлаяпти¸ лекин шу ишдан бошқа иложимиз қолмади.

Озодлик: Озодлик радиосида цензура бор, деб илгари ҳеч ким шикоят қилмаган эди. Илк бор сиз “Озодлик радиосида цензура бор”, деб айтаяпсиз. Қайси лавҳа ëки интервьюни назарда тутаяпсиз?

Баҳодир Чориев: Мухолифат учун¸ сиëсий фаолият юритаëтгани учун¸ озодлик учун умуман минбар керак. Алоҳида эшиттириш бўлса ҳам ëмон бўлмасди. Шунақа нарса йўқ бўлгандан кейин Муҳаммад Солиҳнинг Эрк партиясидан ташқари барча сиëсий ташкилотлар таъқиқланиб¸ цензурага йўл қўйилган бу ерда.

Озодлик: Сиз бир томондан “Диктатор Каримов Озодлик радиосининг ўзбек хизматининг дўсти”, деб айтаяпсиз. Бошқа томондан бизнинг журналистларимизни мухолифатдаги Эрк партиясига ëн босаëтганликда айблаяпсиз. Буни қандай тушуниш мумкин?

Баҳодир Чориев: Буни шундай тушуниш мумкинки¸ агар мисол учун ҳақиқатан сизлар ҳам халқ учун¸ бошқа мухолифат ташкилотлар учун бемалол минбар берганларингизда ëки вақт ажратганларингизда эди¸ бунақанги гап-сўзларга ҳожат қолмас эди. Барчани тенг кўринглар. Бундан кейин бунақа нарсаларга ҳожат қолмайди. Мана бу ҳолатда бу ерда фақат диктатура фойда кўрмоқда.

Озодлик: Ҳеч бир оммавий ахборот воситаси бирор гуруҳни бошқа гуруҳ билан бир хилда эфирга узатиш мажбуриятини олмайди. Бу сайлов олди кампанияси эмас-ку. Халқаро оммавий ахборот воситаларининг фаолияти ҳақида ўзингизни хабардор, деб ўйлайсизми?

Баҳодир Чориев: Унчалик тўлиқ хабардор эмас¸ ўрта меъëрда.

Озодлик: Бугунги норозилигингиз мана шу хабарсизлигингизнинг ҳосиласи бўлиши мумкинлигини тан оласизми?

Баҳодир Чориев: Йўқ¸ унчалик эмас. Бу ерда мажбурият йўқ¸ лекин холислик бўлиши керак.

Озодлик: Ўзингиз холислик бор, деб тан олдингиз-ку.

Баҳодир Чориев: Йўқ¸ холислик фақат сиëсий соҳада йўқ. Ҳамма томондан бор¸ фақат сиëсий томондан йўқ. Мен ташкилотларни санаб бердим-ку. Шуларни, умуман олганда, холислик йўқ.

Озодлик: Мисол учун, сиз бизларга чиқиб: “Мана шундай хабарим бор, мана шу жараëнлар бўлаяпти”, деб менга электрон почтада бир марта хат ëзганмисиз?

Баҳодир Чориев: Сизга ëзганим йўқ.

Озодлик: Сиз фаолиятингизни муҳим деб ҳисобласангиз¸ бунинг муҳимлиги қандай билишим мумкин? Бошқа томондан бойкот деб турсангиз.

Баҳодир Чориев: Майли, бойкот ўз йўлида.

Озодлик: Охирги акциянгизлар - Андижон воқеалари муносабати билан пикет уюштиргансизлар. Бу нарсалар тўлиқ ëритилди. Конкрет қайси бошқа хабар ëритилмай қолди?

Баҳодир Чориев: Ундан кейин биз хабарларни берганимиз йўқ. Тўғриси¸ биз Озодликка хабарларни бермай қўйдик. Чунки бефойда эди. Олдинги хабарларни биз бир-икки марта бердик. Мисол учун, ўзимизнинг ғояларимизни олдинга сурмоқчи эдик Озодлик орқали.

Озодлик: Манзара шуки¸ сизнинг аъзоларингиз радиода тез-тез чиқиб туради. Сиз бизларга хабар бермайсиз. Бугунги норозилик тушунарсиз вазиятга айланиб қолмадими?

- Йўқ¸ норозилик жуда тушунарли вазиятда турибди¸ дейди Баҳодир Чориев.

“Бирдамлик” ҳаракатининг айтишича, Озодлик радиосига қарши норозилик намойиши давом эттирилади. Жорий ҳафтадан буён норозилик акциясида иштирок этган “Бирдамлик” икки нафар аъзоси ўзини ёмон ҳис этгани боис очликни тўхтатгани хабар қилинмоқда.

Вашингтондаги Озодлик радиоси қароргоҳи олдида бирдамликчилар тўпланган биринчи куниёқ улар билан Озод Европа/Озодлик радиосининг жамоатчилик билан ишлаш бўлимининг раҳбари Мартин Званерс суҳбатлашган.

Норозилик акцияси борасидаги Озодлик радиоси раҳбариятининг расмий муносабатида радиомиз ўз дастурларига нисбатан қилинган конкрет танқидларни жиддий қабул қилиши ва ўзбек мухолифатининг аввал ҳам билдирган хавотирлари юзасидан текширув ўтказилгани таъкидланган.

“Озод Европа/Озодлик радиоси ўз дастурларида тарафкашлик юзасидан қилинган ҳеч бир даъвода асос топа олмади. Ўзларининг ва оила аъзоларининг ҳаётига таҳдид қилинган ўта оғир шароитда ишлаётган Озодлик радиоси ўзбек хизмати ходимлари Озод Европа/Озодлик радиосининг юқори профессионал стандартларига таянади ҳамда ўзаро мувозанат ҳамда аҳлоқий тамойилларни сақлаш қоидаларига риоя қилади”¸ дейилади Озод Европа/Озодлик радиосининг расмий баёнотида.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG