Линклар

Қорақалпоғистон Қўнғирот туман суди беш кишини Конституциявий тузумга тажовуз қилганликда айблаб, озодликдан маҳрум этди. Бу ҳақда Озодлик радиосига маҳкумларнинг яқинлари маълум қилди.

Жиноят ишлари бўйича Қўнғирот туман суди беш йигитни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159-моддаси (Конституциявий тузумга тажовуз), 244-моддасининг биринчи ва иккинчи бандлари (Диний ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, иштирок этиш) айбловлари билан айблади. Бу ҳақда судланганлардан бирининг акаси, ҳозир муҳожирликда яшаётган Муҳаммадсолиҳ Абутов хабар берди:

- Мана шу судда 1973 йилда туғилган укам Саидкамол Абутов 13 йилга қаттиқ муддатли колонияларда жазони ўташга ҳукм қилинган. Унинг ëнида яна тўртта одам ҳам қамалган. Шароф Рашидов қишлоғидан Тўхтабой деган деҳқон бола бор эди. Бу болани мен танирдим. 12 йил беришибди унга. Қувват деган этикчи бола 15 йил олибди. Мен билан тенгдош Азим деган бола - синфдошим десам ҳам бўлади - 13 йил олган. Эргаш деган бола 12 йил олган¸ дейди Муҳаммадсолиҳ Абутов.

Унинг сўзларига кўра, укаси Саидкамол Абутовнинг ҳибсга олинганига бир йилу икки ой бўлди. Шунча пайт унга қийноқлар воситасида айбловлар қўйдиришга ҳаракат қилинган. Лекин, Муҳаммадсолиҳ Абутовнинг айтишича, суд айбланувчиларни эшитмаган ҳам, уларнинг арзларига қулоқ ҳам солмаган:

- Кеча борган одам билан гаплашган эдим. “Судда нима гаплар бўлди?” десам¸ “Шу судя чиқиб олиб¸ "булар Ўзбекистон режимини бузмоқчи бўлган¸ тўпланиб ўтирган¸ кассета эшитган¸ қандайдир диск тарқатган"¸ у-бу деган гаплар айтилди. Шу билан муддат берилди. На адвокат гапирди¸ на бошқа. Ҳеч бир далил-исбот йўқ. кулгили¸ бир а=моқона суд бўлди”, деб айтди. Ўзбекистоннинг суди ҳам¸ бошқаси ҳам ҳаммага маълум-ку¸ дейди Муҳаммадсолиҳ Абутов.

Унинг айтишича, ўтган бир йил давомида бу Тўрткўл туманидан бўлган диндор ёшлар устидан ўқилган учинчи ҳукмдир:

- Ўтган йил жами 45-50 нафарга яқин одам қамалган. Ҳали яна уч гуруҳ бор экан. Ҳаммаси Тўрткўлнинг одамлари. Ҳаммасини Ҳизбут-Таҳрирми¸ ваҳҳобийми, деб айблашаяпти. Уларнинг ҳаммаси оддий¸ намозхон болалар эди.

Нари-бери намоз ўқийдиган одамлар кап-катта давлатни бузадиган одамга айланиб¸ "террорист" деб қамаляпти. Ўзи аслида давлат сиëсати шунга қурилган-да. Шунинг орқасидан ИИВ ходимлари ëки МХХ ходимлари унвон олади¸ обрўси ошади. Шунақа ишлари учун давлатдан мукофот олади. Шунақа ҳаëт¸ зулм ва зўравонлик давом этаяпти мана¸ дейди муҳожирликда яшаётган Муҳаммадсолиҳ Абутов.

Биз бу ҳақда тўлиқроқ маълумот олиш учун Қўнғирот тумани судига мурожаат қилдик. Лекин у ердан маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG