Линклар

logo-print

Ўзбекистонда қўшхотинлилар кўпаймоқда

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистонда иккинчи ё учинчи хотинга уйланаётган йигитлар биринчи турмушида бўлгани каби дабдабали тўй қилмай, кўпроқ жўнгина никоҳ маросими билан чекланмоқдалар.

Ўзбекистонда иккинчи ё учинчи хотинга уйланаётган йигитлар биринчи турмушида бўлгани каби дабдабали тўй қилмай, кўпроқ жўнгина никоҳ маросими билан чекланмоқдалар.

Ўзбекистондаги оғир иқтисодий шароит ижтимоий мувозанатни бузиб, айниқса, ёлғиз аёллар аҳволини тобора танг қилиб бораяпти. Бу ҳолат бугунги ўзбек жамиятида аввал кам кузатилган қўшхотинлилик масаласига бошқачароқ ёндошувларни келтириб чиқармоқда.

Хотин олиш осонми ё қийин? Ёки “Аршин молчи” фильмида айтилганидек, битта мулла, уч сўм пул ва бир калла қанд билан битадиган ишми? Ҳар ҳолда, хотин олиш бугун Ўзбекистонда беш-олти миллион сўмлик жамғармасиз битмайди. “Гап пулда”, дейди ўша фильмдаги қаҳрамонлардан бири.

Лекин биз бугун бошқа бир ижтимоий ҳолат - қўшхотинлилик ҳақида гаплашмоқчимиз. Наманганлик Носир Зокир фикрича, агар собиқ иттифоқ пайтида қўшхотинлилик яккам-дуккам учраган бўлса, бугунги кунда Ўзбекистонда қўшхотинлилар кўпайиб кетди:

- Ҳозир мен ўз кўзим билан кўриб турган нарсаларни гапирадиган бўлсам¸ мана, мен яшаëтган кўп қаватли домни олайлик. Шу домда 77 хонадон бўлса¸ хоҳ ишонинг¸ хоҳ ишонманг шунинг 70 фоизида иккинчи хотинлар ўтиради. Уларнинг баъзиларининг уйларидаги хотинлари иккинчи хотини борлигини билади. Баъзилари эса билмайди.

Бизга келган маълумотларга қараганда¸ ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари¸ ҳокимиятда ишлаëтганлар¸ бой одамларнинг деярли кўпчилигининг иккинчи хотини бор. Жуда кўпчилиги мана шунақа. Бу менинг ўз кўзим билан кўриб турганим¸ дейди Носир Зокир.

Бу никоҳларнинг аксарияти, Носир Зокирнинг айтишича, биринчи хотинларнинг розилигисиз ва яширин тарзда амалга оширилади. Худди “Темир хотин” фильмидаги Қўчқорвойнинг Аломатхонга уйлангани каби.

Қўчқор ака-ку, ҳар ҳолда, темир хотинга уйланган. Лекин биз билан суҳбатдош бўлган тошкентлик Дилрабо икки дунёда ҳам эрининг иккинчи хотин олишига рухсат бермаслигини айтади:

- Биласизми¸ гап менталитетда эмас-ку¸ лекин менинг шахсиятимга тегадиган нарса, деб тушунаман. Ҳамма ўзининг тарбиясига қарайди. Бизларнинг оиламизда кичкиналигимиздан бунақа нарсани кўрмаганлигимиз учун бу нарсага бизлар қанақадир ғалати қараймиз. Менга ëқмайди бу нарса. Тўғриси¸ мен “йўқ” дейман. Биласизми¸ бу нарсаларнинг ичида яшаб катта бўлган одам бу нарсани тўғри қабул қила олар¸ дейди Дилрабо.

Лекин тошкентлик Роҳила бу масалага бағрикенглик билан ёндошишни маслаҳат беради. Унинг айтишича, агар унинг эри “иккинчи хотин оламан” деса, қаршилик қилмайди:

- Эркакларнинг иккинчи ëки учинчи хотинга уйланиши дегани бу биринчисини ташлаб кетади дегани эмас, деб ўйлайман. Кўп эркакларни суриштирганимда¸ майли, иккинчи ëки учинчисини севиб қолиб уйлангандир¸ кўпинча ўша аëлларга моддий ëки маънавий қувват сифатида уйланишлари мумкин. Ҳаммаси инсонни яратган Оллоҳга аëн. Инсоннинг имкониятларини¸ инсоннинг хоҳиш-истакларини¸ майлларини ëки табиатини Оллоҳ энг устун билгувчироқ. Шаръий қонунлар ҳам инсоннинг табиатидан келиб чиқиб яратилган¸ дейди Роҳила.

Роҳиланинг фикрича, эркакларда силаи раҳм бўлиш керак ва ана шу раҳмни уларнинг аёллари ҳам тушуниши керак. Суҳбатдошимизга кўра, бугунги Ўзбекистондаги оғир иқтисодий шароитда аёлларни ўз ҳимоясига олиш эркаклар учун фарздир:

- Никоҳ бўлмагандан кейин аëллар нима қилади? Ўзининг хоҳиш-истакларини қондириш учун никоҳсиз яшайверади. Мен исломий фикрда бўлганим учун¸ нима десам¸ фаҳш қилишни истаганлар бунақа қонун-қоида бўлса ҳам фаҳш қилиб юраверади. Лекин ҳалол¸ пок ҳаëт кечиришни истаганлар иккинчисигами¸ учинчисигами¸ дейлик, рози бўлиб ноиложликдан турмушга чиқаяпти. Ҳамма ҳам эркакнинг ëлғиз аëли бўлишни¸ биринчи бўлишни истайди. Лекин замон талаби¸ ҳаëтнинг ўзи мажбур қилиб шунақа аҳволга тушиб қолгандан кейин¸ тақдирида шу нарса ëзилгандан кейин бор-йўғига кўникиб яшашга рози бўлаяпти аëллар¸ дейди Роҳила.

Лекин Ўзбекистон қонунчилиги қўшхотинлиликка рухсат бермайди. Носир Зокирга кўра, аслида ўша қонун ҳимоячиларининг аксариятининг қўш хотинлари бор. Яъни бир калла қанд, уч сўм пул ва битта мулла билан қилинган никоҳлар. Шунинг учун ҳам¸ Носир Зокир, қонунчилик бунга рухсат бериши керак:

- Бас шундай экан¸ бундан бу ëғига кўп ҳам бўлади. Иқтисодий аҳвол қийин бўлганлиги сари мана шу нарсалар бўлиб боради. Бу нарсани ноқонуний қилгандан кўра¸ менинг назаримда¸ расмий маънода иккинчи хотинлиликка рухсат бериш керак. Айтаяпман-ку¸ 70 дан ошиқ хонадонлар бор домнинг 60-70 фоизида иккинчи хотинлар ўтиради. Бас, шундай экан¸ шунга қонуний йўл берилса¸ бузилиб кетаëтган аëлларнинг ҳам анчагинасини бойлар¸ бошқалар қарамоғига олиши мумкин. Шунда бир яхшироқ бўлиши мумкин дейман-да. Буни ҳам ҳамма қилавермайди. Ҳозир одамлар иқтисодий аҳвол ëмон бўлганлиги учун битта хотинни ҳам эплай олмаяпти¸ дейди Носир Зокир.

Хўш, бунга тингловчиларимиз нима дейди? Қўшхотинлилик бу раҳм-шафқатми, меҳрга муҳтож одамга ёрдамми ёки ҳою ҳавас?

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG