Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:20

Худойбердиев гуруҳи аъзоси ушланди


Тожик расмийлари иддаосича, исёнчи полковник Маҳмуд Худойбердиев қўшни Ўзбекистондан бошпана топган.
Тожик расмийлари иддаосича, исёнчи полковник Маҳмуд Худойбердиев қўшни Ўзбекистондан бошпана топган.

Тожикистон жанубида исёнчи полковник Маҳмуд Худойбердиев гуруҳи аъзоларидан яна бири қўлга олинди. У Тожикистондаги ички низолар чоғида ҳамда 2000 йилга қадар қатор жиноятлар содир этганликда гумонланмоқда.

Хатлон вилоятининг Қабодиён туманида туғилиб ўсган Абдуғаффор Қодиров ўтган асрнинг 90-йиллари бошида рўй берган ички низолар чоғида исёнчи полковник Маҳмуд Худойбердиев гуруҳида хизмат қилгани ва ўша йиллар бу ҳудудда қатор жиноятлар содир этганликда гумонланиб қўлга олингани билдирилмоқда.

Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг матбуот хизмати масъули Муҳаммад Назриев биз билан ўзаро суҳбатда 38 ёшли Абдуғаффор Қодиров узоқ йиллар давомида қидирувда бўлганини маълум қилди.

Маҳмуд Худойбердиевнинг одами экани айтилаётган бу шахснинг қачон қўлга олингани, унинг шу пайтгача қаерда бўлгани каби саволларимизга жавоб бермаган вазирлик расмийси тергов ишлари ниҳоясига етмагунга қадар бу борада тўла маълумотлар бера олмаслигини айтди.

Вазирлик тарқатган расмий маълумотларга таянган ҳолда шуни айтиш мумкинки, шу йил бошидан буён Тожикистонда Маҳмуд Худойбердиев гуруҳига аъзоликда айбланган яна 8 нафар тожикистонлик қўлга олинган.

Халқ жабҳаси собиқ қўмондонларида бири бўлмиш Маҳмуд Худойбердиев Имомали Раҳмоннинг ҳукумат тепасига келишида салмоқли ҳисса қўшгани борасида тожик жамиятида ҳозирда ҳам эслаб турилади.

1997 йил Тожикистонда ҳукуматга қарши исён кўтариб президент Имомали Раҳмон ишончидан чиққан Худойбердиев мамлакатдан чиқиб кетган эди.

Худойбердиев бошлиқ армия 1998 йилнинг кузида Ўзбекистон ҳудуди орқали Тожикистон шимолига ўтиб, Сўғдда амалга оширган қуролли ҳужумида 200 дан ортиқ одам қурбон бўлган.

Аммо узоқ чўзилмаган қонли тўқнашувда ҳукумат кучлари томонидан тор-мор қилинган полковник иккинчи марта Тожикистонни тарк этган.

Шундан сўнг Тожикистон ҳукумат расмийлари Маҳмуд Худойбердиевнинг Ўзбекистондан бошпана топгани ҳақида гапира бошлаганлар.

Жумладан, Тожикистон Бош прокурори Бобожон Бобохонов ўтган йили бир матбуот анжуманида расмий Тошкент Тожикистоннинг Худойбериевни топширишга доир таклифини эътиборсиз қолдираётганидан шикоят ҳам қилган эди.

Маҳмуд Худойбердиевнинг Ўзбекистонда бошпана топганига доир гап сўзлар, таҳлилчи Рашид Ғани Абдулло фикрича, Тожикистон ва Ўзбекистон муносабатларининг тобора ёмонлашишига сабаб бўлган.

- Расмий Душанбенинг Маҳмуд Худойбердиевни Ўзбекистондан чиқариб ташлаш ёки Тожикистон томонига топширишга доир таклифи ҳамон эътиборсиз қолдирилмоқда. Бир вақтлар Худойбердиев армиясида хизмат қилган ва йиллар ўтиб кутилмаганда республикада пайдо бўлиб қолаётган шахслар мамлакатда беқарорлик келтириб чиқариш мақсадида у ёки бу кучлар томонидан фойдаланилиши мумкин, деган хавотир ҳам йўқ эмас, дейди таҳлилчи.

Айни пайтда ўзбек расмийлари ҳам, исёнчи полковник Худойбердиевнинг тарафдорлари ҳам унинг Ўзбекистонда юрганига доир иддаоларни рад этиб келадилар.
XS
SM
MD
LG