Линклар

logo-print

Юракдан шеърга – шеърдан қўшиққа

  • Абдулла Искандар

Таниш қўшиқлар саҳифасининг бугунги сонига бундан 22 йил муқаддам тилга тушган ва санъаткор Юлдуз Абдуллаева томонидан куйланган "Соғинаман йўллар қарайман" қўшиғини мавзу қилдик.

Қўшиқ ижрочиси Юлдуз Абдуллаева бу қўшиқни 1987 йилда ижро қилганида 18 ëшда эди.

Тошкент консерваторияси опера қўшиқчилиги факултетининг биринчи курс талабаси эди у.

Юлдузнинг “Менинг ҳам овозим симëғочдаги радиокарнайдан чиқармикан”, деб ҳали гўдаклигида қилган орзусининг рўëби эди бу.

Биз Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Юлдуз Абдуллаевага қўнғироқ қилиб¸ қўшиқ тарихи билан қизиқдик.

Юлдуз Абдуллаева: Мен ўзи шеър ëзиб турардим. “Мен сизни соғиндим” деган шеър ëзганман. Лекин бу шеърни қўшиқ қилиш ниятим йўқ эди. Ўша пайтларда Қадам Саидмуродов Ўзбекистон радиосида ишлар эди. Ўзбекистон радиосида оркестр билан кўп ëзувлар қилиб юрардик.

Ўша пайтларда Қадам акага “Бир шеър ëзган эдим. Бир кўриб беринг” деб кўрсатганман. Қадам ака шеърни кўрганлар ва шу шеърдан илҳомланиб “Мен сизни азизим” деган шеър ëзганлар.

Кейин “Мен ҳам йўлда шунақа шеър ëздим” деб кўрсатдилар. Мен бу шеърни кўрганимдан кейин менга куй келди. Кейин куй басталаганман. Ўша пайтда радиода композитор Дони Илëсов ишлардилар. Мен у кишига шу куйни “оркестр жўрлигида қилиб берсангиз” деб кўрсатганман.

Шу билан бу қўшиқ оркестр учун басталанган ва оркестр билан ижро этганман. Мусиқаси ўзимники¸ оранжировкаси Дони Илëсовники¸ сўзи Қадам ака Саидмуродовники.

Озодлик: Бу қўшиқни биринчи марта қачон ижро қилгансиз?

Юлдуз Абдуллаева: Аниқ эслай олмайманку¸ шу 1986 йилнинг охирлари 1987 йилнинг бошларида ижро этганман буни. Ўзбекистон телевидениеси орқали клип қилишган эди. Ўшанда Ўзбекистон телевидениесида ижро этганман. Ўзбекистон радиоси буни Олтин фондга қабул қилгандан кейин бу радиода айлана бошлаган ва бир ҳафталардан кейин хитга айланиб кетган.

Машҳурлик юки

Озодлик: Машҳурликнинг лаззатини илк марта ўшанда тотиб кўрган бўлсангиз керак. Бу қўшиқ ҳамма ерда қўйиларди. Бу машҳурликни қандай ҳазм қилгансиз?

Юлдуз Абдуллаева: Бу қўшиқни ижро қилганимда мен Тошкент давлат консерваториясида операда ўқирдим. Вокалистка эдим. Ундан олдин телеэкранларда кўп чиқиб юрардим. Бу қўшиқ эстрада йўналишида ижро этган биринчи қўшиғим бўлган.

Бу қўшиқни айтгунимча таниқлиликнинг мазасини озгина кўрган эдим. “Севимли ëрим” қўшиқларини оркестр билан ижро этган эдим. Ўша пайтда халқ оркестрининг раҳбари Мустафо Саид бўларди. Телевизорда бу оркестр билан кўп нарсалар ижро этиб чиқардим. Мен анча-мунча танилиб қолгандим.

“Мен сизни азизам” ашуласи мени машҳур қилиб юборди. Ўша пайтда халқимиз орасида мен бу қўшиғим билан севимли бўлдим деб ўйлайман. Характеримдан ўзи камтаринман. Лекин ўзимдан кетиб қоладиган даражада юлдузлик касалига мубтало бўлмаганман.

Ўша пайтларда телерадиокомитетга иш билан кўп борардик. Деярли куни бўйи ўша ерда бўлардим. Ҳаттоки ўша студияларда ҳам ëзиб олиб радиокомитетнинг ходимларининг ўзлари ҳам эшитиб ўтирарди. Мен бундан хурсанд бўлардим албатта.

Озодлик: Шеърини мен ëзганман¸ шу мавзуни мен бошланганман дедингиз. Бу энди сизнинг ички кайфиятингиз билан боғлиқми ëки бошқа бир сабаб бормиди?

Юлдуз Абдуллаева: Бу менинг кайфиятим билан боғлиқ деб ўйлайман. Агар хоҳласангиз¸ мен ўша шеъримдан ўқиб беришим ҳам мумкин.

Озодлик: Марҳамат.

Юлдуз Абдуллаева: Бу ўша пайтда ëзган шеърим ва Қадам ака айнан шу шеъримдан илҳомланиб мен куйлаган шеърни ëзганлар.

Мен сизни ўйлардим¸
Доимо ўйлардим сизни азизим.
Ўйлардим мен учун яралгансиз сиз¸
Шубҳали хаëллар чангалидан гоҳ¸
Қутулиб кетардим сездирмай изсиз.

Мен сизни куйлардим¸
Доимо куйлардим сизни азизим.
Қўшиқларим эди сизга бахшида¸
Ҳофиза айлади бу қудрат мени¸
Қолди ишқ тасвири умрим нақшида.

Мен сизни сўзлардим¸
Доимо сўзлардим сизни азизим.
Юрагим акс этган байтларимда¸
Бир туғëн бўлдингиз¸ бердингиз илҳом¸
Ҳавасманд шоирдек пайтларимда.

Мен сизни севардим¸
Ўйлардим¸ куйлардим доим¸
Ишқ кўзи аро севардим
Фақат куйлашгина қолди измимда
Ҳавасга айланди сўзламоқ сизни.

Озодлик: Анчагина етук шеър. Менимча¸ Пушкиндан илҳомланган бўлсангиз керак. Пушкиннинг “Мен сизни севардим” деган шеъри бор.

Юлдуз Абдуллаева: Севги мавзуси умрбод мавзуку.

Аскар бола нидоси

Озодлик: Сиз ўша қўшиқни айтиб юрган пайтларингизда¸ “Саодат”¸ “Ўзбекистон адабиëти ва санъати” журналларида ўзбек аскарларининг армиядан ўлиги қайтаëтгани¸ ўзбек аскарларининг муаммолар кўп ëритилар эди. Бу контекстда ҳам мос тушмадими? Баъзи бир клипларда армиядаги ëрни соғинаëтган қилиб кўрсатишди шекилли.

Юлдуз Абдуллаева: Мана шу қўшиққа ëзилган клипда армия сафида хизмат қилаëтган йигитлар кўрсатилган эди. Мен уларнинг олдига бевосита концерт дастурлари билан борар эдим. Шуларнинг олдидаги концерт дастурида ëзилган фрагментлар ҳам бор эдида.

Ҳозиргача армияда хизмат қилаëтган йигитларнинг мана шу қўшиққа меҳри тушиб қолганини айтишади. Ўша пайтларда уларга кассеталардаги ëзувини жўнатишган экан.

Ëшимиз ҳам мана 40 дан ўтаяпти. Тенгдошларимиз “Мана шу қўшиғингизни роса кўп эшитардик. Мана шу қўшиқни эшитиб¸ ота-онамизни¸ уйимизни¸ севган қизимизни эслардик” дейишади. Концертларда ҳозиргача мана шу қўшиқни ижро этиб беринг деб сўрашади.

Озодлик: Бу жуда бир қизиқ ҳолатда. Одатда¸ ўзи эркаклар севги изҳор қилади. Севги изҳорини қиз боланинг тилидан эшитиш¸ айниқса ватандан узоқда бўлган аскарлар учун ғайриоддий. Бу қўшиқнинг тагида қандайдир армон қатламлари бор. Ўша армон қатламлари нима? Бу қўшиқда нима учун ғамгинлик бор? Бу ғамгинлик ўша пайтдаги шахсий ҳаëт билан боғлиқмиди ëки кайфият билан боғлиқмиди?

Юлдуз Абдуллаева: Менинг ҳамма қўшиқларимда шунақа нарса бор. Одам умрбод ниманидир ëки кимнидир кутиб яшайдику. Бу менинг характеримга хос. Ўзим ҳам камсуқумман. Сиз айтганингиздек¸ қизлар барибир севги изҳор қилмагани билан ҳозир замон бошқача. Шунақа пайтда юрак туғëнларини қизлар қўшиққа солиб айтса бўлади. Ҳозирги қизлар севгини изҳор ҳам қилиб юборишаяпти. Менимча¸ севги изҳор қилган қизлар йигитларга ëқса керак.

Озодлик: Албатта. Қўшиқнинг муваффақиятини ҳам айнан мана шу билан боғласа бўлади.

Юлдуз Абдуллаева: Мен қўшиқда балки йигитлар хоҳалган гапларни айтгандирман. Йигитларимиз эшитишни истаган нарсалар бўлгани учун ҳам бу қўшиқ эркакларимиз томонидан яхши қабул қилинганми дейманда.

Озодлик: Сиз ўзингизнинг бахтингизни топдингизми? Биз масалан сизнинг шахсий ҳаëтингиз ҳақида ҳеч нарса билмаймиз.

Юлдуз Абдуллаева: Турмушга чиққанман. Қизим бор. Ҳозир катта бўлиб қолган. Ҳозир 9 синфга ўтди.

Озодлик: Қўшиқ нима учун машҳур бўлади? Дейлик санъаткор бир нечта қўшиқ айтади¸ лекин унинг ичида биттаси омад ва муваффақият келтиради. Бу нимадан?

Юлдуз Абдуллаева: Сири нимада демоқчимисиз?

Озодлик: Ҳа.

Юлдуз Абдуллаева: Машҳурлик авваламбор Худодан деймизку. Кимгадир 18 ëшда келади¸ кимгадир 40 ëшда келади¸ кимгадир бундан ҳам кечроқ келар. Тўғрисини айтсам¸ машҳурлик менга 18 ëшимда келган. Шунга шукур қиламан албатта. Қўшиқни авваламбор ҳис қила олиш керак. Шоир ва композитор ҳис қилган нарсани ижрочи ҳам ҳис қила олиши керак деб ўйлайман.

Кўкка боқиб юлдуз санайман ëки Марғилондан чиққан икки Юлдуз муқоясаси

Озодлик: Агар 1987 йилларга қайтсак ва ўша пайтни старт чизиғи деб олсак¸ сиз машҳурликда¸ қўшиқларингизнинг популярлигида¸ радио ва телевидениеда қўшиқларнинг айлантирилишида баъзи бир қўшиқчилардан¸ дейлик, Юлдуз Усмоновадан икки қадам олдинда эдингиз. Баъзи бировлар кейинчалик сизнинг юлдузингиз хиралашиб¸ Юлдуз Усмонованинг олдинлаб кетганини айтишади. Бунга қандай изоҳ бера оласиз?

Юлдуз Абдуллаева: Ўзи авваламбор мени Юлдуз Усмонова билан тенглаштиришларини ëмон кўраман. Нимага деганда бизларнинг фақатгина исмимиз бир хил бўлиши мумкин. А так биз умуман бошқа-бошқа одамлармиз.

Санъатда менинг ижро йўлим бошқа¸ унинг ижро йўли бошқа. Санъатда мусобақа ўйнаб бўлмайди. Одам ўзининг ҳолатига¸ ўзининг кайфиятига қараб туриб ижод қилади.

Мен консерваторияда Юлдуз билан битта курсда ўқиганман. У консерваториядан академ отпуск олиб чиқиб кетган ва ижод билан шуғулланган. Лекин мен консерваторияни тугатиб¸ дипломни олиб кейин чиққанман.

Мен консерваторияда биринчи курсда бўлган пайтимда таниқли бўлган бўлсам ҳам консерваторияни ташламасдан охиригача ўқиганман. Мен академ отпуск олмаганман. Ўша пайтда озгина йўқ бўлиб қолганимнинг сабаби бу. Чиққан пайтимда дарров санъатга босмаганман. Мусобақа ўйнаш деган нарса ҳеч қачон менинг хаëлимга ҳам келмаган. Ўзи ижодкор шунақа бўладию¸ илҳом келган пайтда айтардим¸ келмаган пайтда ўтирардим. Қўшиқчиларни шунинг учун ҳам “свободний художник” дейдию.

Озодлик: Аммо ҳозир сиз эркин рассом бўла олмайсизда. 1987 йилларда бўла олар эдингиз. Ҳозир “Юлдузлар фабрикаси” деган нарса борку. Ҳар кун маҳсулот беришингиз керак¸ ҳар кун сизнинг атрофингизда шовқин-сурон бўлиши керак. Акс ҳолда шоу-бизнес сиздан қасд олади.

Юлдуз Абдуллаева: Шоу-бизнес билан санъатни умуман тенглаштириб бўлмайди. Шунинг учун ҳам санъаткор свободний художник бўлиши керак деб айтаяпманда. Илҳом келган пайтда кечаси билан ижод қилиши¸ илҳом келмаган пайтда ойлаб ижод қилмаслиги мумкин. Санъаткорни мажбурлаб бўлмайди. Абдуллар Орипов “Олти ойми¸ етти оймики шеър ëзмайман” деганларидай¸ ҳолатга ҳам боғлиқда у. Шунинг учун мени бошқалар билан тенглаштиришларини хоҳламайман. Мен ўзим ҳам бошқаларни бировлар билан тенглаштирмайман. Ҳамманинг ўзига яраша тингловчиси бор.

Қўшиқнинг иккинчи умри

Озодлик: Сизнинг “Мен сизни соғиндим” деган қўшиғингиз бугунги кунда бошқача жаранглаяпти ва ўзининг янги тингловчиларини топаяпти. Биласиз¸ Ўзбекистон ташқарисида меҳнат муҳожирлари бор. Улар йиллаб ўз ота-оналаридан¸ турмуш ўртоқларидан¸ ака-сингилларидан узоқда юришибди. Ҳижрон дарди яна янгилангандайда. Улар бу қўшиғингизни жон-жон деб эшитишаяпти. Бундан хабарингиз борми?

Юлдуз Абдуллаева: Шунақа экан жуда ҳам хурсандман. Юракдан айтилган гап барибир етиб боради дейди. Юракдан ижро этилган қўшиқнинг тингловчиларга етиб бораëтганидан¸ қўшиқнинг иккинчи ҳаëти бошланаëтганидан хурсандман. Бизларнинг ëшимиз ўтиши мумкин¸ лекин санъат асарининг айтилган сўзлари¸ ҳиссиëтлари шундайича қолади. Кўнгил ҳеч қачон қаримайдию.
XS
SM
MD
LG