Линклар

Эркин микрофон

  • Садриддин Ашур

Марҳамат¸ +420 602 612 713 рақамига қўнғироқ қилинг, SMS хабарлари йўлланг - Озодликнинг эркин микрофони Сиз учун ҳам очиқ!

Марҳамат¸ +420 602 612 713 рақамига қўнғироқ қилинг, SMS хабарлари йўлланг - Озодликнинг эркин микрофони Сиз учун ҳам очиқ!

Озодликка тингловчи ва муштарийлардан йўлланаëтган SMS-хабарлар, бўлаëтган қўнғироқлар асносидаги суҳбатларда яна турфа мавзулар¸ турфа мулоҳаза ва истаклар Эркин микрофон рукнида жамланди.

Бугунги “Эркин микрофон” рукни меҳмони мамлакатдан ташқарида юрган меҳнат муҳожирлари. Улар уч нафар, дунёнинг уч томонидан.

Бири Жанубий Кореяда ишлаётган қорақалпоғистонлик Рустам ака, бири Новосибирскдаги фарғоналик меҳнат муҳожири Расулжон ва яна бири Португалиядаги самарқандлик Абдураҳмон. Биз суҳбатни Абдураҳмондан бошлаймиз. Зеро, Португалияда ҳам ўзбекларнинг борлиги тингловчиларимизни ажаблантираётган бўлса ажаб эмас.

“Тариқдай сочилган ўзбек....”

Озодлик: Португалияда ҳам ўзбеклар борми?

Абдураҳмон: Э¸ Португалияда ўзбеклар жуда кўп.

Озодлик: Сизлар тирикчилик учун келгансизлар тўғрими?

Абдураҳмон: Албатта.

Озодлик: Қандай келгансизлар?

Абдураҳмон: 1990-йилларнинг охирида бу ерга Шенген виза билан келиб¸ украин болалар билан танишганмиз. Шундай қилиб келиб қолганмиз.

Озодлик: Ўзбекларнинг сонини қанча десак бўлади? Бир ўзларингча ҳисоблаб кўрганмисизлар?

Абдураҳмон: Ўзимнинг таниш-билишларим мана шу зонада 100-150 та бор. Лекин танимаганим ҳам кўп. Кўп кўрасиз-да. Сурхондарëдан¸ водийдан¸ Тошкентдан ҳам бор.

Озодлик: Нима иш қиласизлар?

Абдураҳмон: Кўпчилик легалний ишлайди. Биров қурилишда¸ биров фабрикада¸ биров новвойхонада. Ойлиги паст лекин. Иқтисодиëти анча паст.

Озодлик: Ўзбекистонга қараганда пастроқми?

Абдураҳмон: Э¸ Ўзбекистонга қараганда анча юқори. Паст бўлганда¸ ҳаммамиз Ўзбекистонга кетардик. Ўртача маош 500-600 евро.

Озодлик: Озиқ-овқат нархлари Ўзбекистон билан солиштирганда қандай?

- Ун ва мой бу ерда арзон¸ дейди Абдураҳмон.

“Ҳеч бўлмаса 100 рубл ташлаб кет!”

Новосибирск шаҳрида мардикорлик қилаётган фарғоналик Расулжон Озодлик радиосига қўнғироқ қилиб, фарзандига олган совғаси—ўйинчоқ машина учун ўзбек милиция ходимлари “бож” талаб қилганини куйиниб айтиб берди:

- Россиядан чиқдим. Уйга автобусда бордим. Россиядан чиқдим - индашмади¸ Қозоғистондан чиқдим - индашмади. Ўзбекистонда таможнядан ўтаëтиб¸ икккита декларация тўлдириш керак экан. Мен битта ëздим. Кейин яна биттасини ëзиб қайтардим. Менга иккинчисига печат босмади.

Таможнядан бир бало қилиб ўтдик. Таксига борамиз десак¸ таможнянинг олдида милиция пости бор экан. Ўша ерда тўхтатиб: “Нима бор сумкачада?” деб сўрашди. Мен “Қанд бор ва кичкинагина ўйинчоқ машина бор” десам¸ “Йўқ¸ мана бу машина мумкин эмас”, дейди. “Нимага мумкин эмас? Бу ўйинчоқ-ку” десам¸ “Йўқ¸ ўзимизда сотиб олиш мумкин, у ëқдан олиб келиш мумкин эмас”, дейди. Ахир бу минадиган машина эмас-ку. Милиционерлар: “Бизга ҳеч бўлмаса 100 рубл бериб кет”, дейди. Мен: “Сенлар учун ишлаганим йўқ мен, агар сенларга берадиган пулим бўлганда¸ мен Россияга бориб ишламас эдим, шу ерда ишлаган бўлардим”, дедим. Биз бу ерда бола-чақа боқамиз, деб юрибмиз-да¸ дейди Новосибирск шаҳрида мардикорлик қилаётган фарғоналик Расулжон.

“Хориждан СПИД кирмайди”

Куни кеча Ўзбекистонда СПИД, яъни ОИТС касаллигининг кўпаяётгани ҳақида хабар берган эдик. Унда Ўзбекистонга СПИД хорижда ишлаётган меҳнат муҳожирлари орқали кириб келяпти, деган фикр ҳам айтилган эди. Лекин Жанубий Кореядаги меҳнат муҳожири қорақалпоғистонлик Рустам ака бу фикрга қўшилмаслигини, улар ҳар олти ойда тиббий кўрикдан ўтиб туришларини айтади:

- Мен ўзим Кореяда юриб¸ Корея билан Ўзбекистоннинг шароитини таққослаб кўрдим. Мана, яқинда Ўзбекистонга бориб келдим. СПИД касаллигини Кореяга қараганда кўпроқ Ўзбекистонда орттириш мумкин. Кореяда бу нарсага шароит йўқ. Кореяда ҳар бир ишчини компания ҳисобидан ҳар олти ойда мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиб туради. Бу ҳаммага тегишли¸ дейди Рустам ака.

Рустам ака хорижда ва Ўзбекистонда ОИТСга чалинмаганлик ҳақида маълумотнома олиш йўлларини бир-бирига солиштиради:

- Кореяга қайтадиган пайтимизда¸ СПИД марказига бориб, анализ топширадиган бўлганимизда¸ бизни текширишгани ҳам йўқ. “10 минг сўм берсанг¸ бугун тайëр бўлади, 6000 сўм берсанг¸ бир ҳафтадан кейин тайëр бўлади” деб тўланадиган пулидан ташқари устига пул сўраяпти. Кореяга бизни текширмасдан шу йўл билан юбордилар. Бу теварак-атрофда ўтирган докторлар пулдор бўлиб қолиши учун-да. Сабаб шу. Халқни ўйлаб туриб¸ бу нарсани айтаëтган одам йўқ¸ дейди Рустам ака.

Рустам ака фикрича, Ўзбекистонда медицина жуда хароб аҳволга келиб қолган, бу тизимда алдамчилик ва порахўрлик жуда авж олган.

***

Азиз муштарий! Озодлик радиосининг эркин сўз микрофони сизлар учун доим очиқ. Марҳамат¸ +420 602 612 713 рақамига қўнғироқ қилинг, SMS орқали хабарлар йўлланг.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG