Линклар

logo-print

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Самарқанд вилояти Иштихон туман бўлими аъзоси Саттор Ирзаев қамоқдан озод бўлди. У 2005 йилда суд ҳукмига кўра олти йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Самарқанд вилоят Иштихон туман бўлими аъзоси Саттор Ирзаев қамоқдан озод бўлгани ҳақида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти аъзоси Абдураҳмон Ташанов маълум қилди.

- Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти барча инсон ҳуқуқлари ташкилотлари қатори бир қанча сиëсий маҳбусларнинг қамоқдан озод қилиниши¸ амнистия туфайли бўлса ҳам тезроқ уйига қайтарилиши тўғрисида кўп талаблар билан чиққан. Ана шуларнинг ичида Саттор Ирзаев ҳам бор. Афсуски¸ у муддатдан олдин озод қилингани йўқ. У шу пайтга қадар амнистияларга тушиб¸ унинг қамоқ муддати тугади, дейди Эзгулик жамияти вакили.

Ирландияда фаолият юритаётган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдужалил Бойматов Саттор Ирзаевнинг қамалиш тарихини эслайди.

- Саттор Ирзаев 2005 йил 13-14 майдаги Андижон воқеаларидан кейин 4 июнда қамоққа олинган. Булар уч киши қамоққа олинган. Саттор Ирзаев¸ Ҳабибулло Оқпўлатов ва Норбой Холжигитов. Булар учаласи ҳам Иштихон тумани бўйича бизнинг ташкилотнинг аъзолари. Норбой Холжигитов ташкилотимизнинг Иштихон тумани бўйича раиси. 2005 йил 18 октябрда 10 йилга қамалган. Саттор Ирзаев ва Ҳабибулло Оқпўлатов 6 йилга озодликдан маҳрум этилган. Буларнинг учаласи ҳам товламачилик айби билан қамалган, дейди Абдужалил Бойматов.

Эзгулик жамияти вакили Абдураҳмон Ташанов Саттор Ирзаев жазо муддати тугашидан аввал эмас, балки муддатни ўтаганидан кейин қамоқдан озод бўлганини айтди.

- Бу ерда диққатга сазовор нарса шуки¸ бошқа маҳбусларга нисбатан қўйиладиган ички тартибни бузиш айби унга қўйилмади. У муддати тугаб, қамоқдан чиқди. Лекин кўпгина сиëсий маҳбуслар ўз вақтида қамоқдан чиққан эмас. Уларга нисбатан сунъий равишда айбловлар қўйилиб¸ "ички тартибни бузди" деган баҳоналар билан ушлаб турилибди.

Мисол сифатида, мана, Мурод Жўраевни яхши биламиз. Мурод Жўраев тўртинчи марта "қамоқхона ички қоидасини бузди" деган айблов билан яна уч йил муддатга кетди. Диндорлар орасида ҳам бунақалар жуда кўп. Бу одамга нисбатан шунақа нарса қўлланилмади, холос, дейди Эзгулик жамияти вакили.

Айни пайтда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Франциядаги вице-президенти Толиб Ёқубов жамиятнинг Иштихон туман бўлими аъзоси Саттор Ирзаев озодликка чиққанидан хурсанд эканини айтади.

- Саттор Ирзаев бизнинг ташкилотимизнинг оддий аъзоси эдилар. Биз у кишини ҳурмат қиламиз ва у кишини қамоқдан озод бўлганлари учун биз жуда ҳам хурсанд бўлдик. У кишига соғлик-саломатлик тилаймиз. Келгуси ишларида омадлар тилаймиз. Келгуси ишлари у кишининг ўзини ҳимоя қилиш¸ яъни қонунсиз қамалганлигини исбот қилиш. Шу соҳада у кишига муваффақиятлар тилаймиз, деди Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Франциядаги вице-президенти Толиб Ёқубов.
XS
SM
MD
LG