Линклар

Тошкентда уй-жой қимматлади


Тошкенда уй-жой нархи июл ойида 2 фоизга ўсган.

Тошкенда уй-жой нархи июл ойида 2 фоизга ўсган.

Ўзбекистондаги Avesta Research таҳлилий маркази ҳисоботида айтилишича, пойтахт Тошкентда уй - жой нархлари ой сайин ўсишда давом этмоқда.

Ҳисобот муаллифлари Тошкент шаҳрида июл ойи мобайнида уй-жой нархи ўтган ойга нисбатан ўртача 2 фоизга, пул ҳисобида эса 576 долларгача кўтарилганини таъкидлаганлар.

Avesta Research таҳлилий маркази мутахассислари июн ойида уй-жойнинг бир квадрат метри учун ўртача нарх 562 долларни, июл ойида эса 576 долларни ташкил этганини кузатганлар.

Айтиб ўтиш жойизки, уй-жой нархи бино шаҳарнинг қайси қисмида жойлашганига ҳам боғлиқ бўлмоқда.

Масалан, июн ойида шаҳар марказидан 5 километр узоқликдаги уй-жой нархи бир квадрат метрига 812 долларни ташкил этган бўлса, июл ойида 820 долларга кўтарилган. Шаҳар марказидан 5-10 километр узоқликдаги уйларнинг бир квадрат метри июл ойида 618 долларга баҳоланган. Июн ойида эса бу нарх 592 доллар бўлган.

Тошкент марказидан 10 километрдан узоқликда жойлашган уйларнинг бир квадрат метри эса июн ойида 426 доллардан, июл ойида эса 436 доллардан сотилган.

Айни пайтда уйларни ижарага бериш ҳам 1,7 фоизга қимматлаган ва бир квадрат метр ижара ҳақи 5,7 долларга тенг.

Офис биноларини сотиш нархи ҳам июл ойида 3, 2 фоизга ўсган ва квадрат метрига 842 долларни ташкил этган.

Айни пайтда биноларни офис учун ижарага бериш нархи 6,1 фоизга тушгани ҳам қайд этилган. Июн ойида офис ижарасининг ҳар бир квадрат метри учун 9,8 доллар тўланган бўлса, июл ойида бу кўрсаткич 9,2 долларни ташкил этган.
XS
SM
MD
LG