Линклар

"Давр менинг тақдиримда" эшиттиришининг бугунги қаҳрамони марҳум санъаткор Муҳриддин Ҳоликовнинг беваси, 37 ёшида ўз турмуш ўртоғидан ажралиб қолган Гулсара Қаюмова.

“Ҳозиргача қийин. Фарзандларимга жуда ҳам қийин. Мен барибир онаман. Менинг қўлимдан фақатгина оналик вазифаси кела олади”.

Гулсара Қаюмова 37 ëшида турмуш ўртоғи¸ таниқли ҳофиз¸ Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Муҳриддин Холиқовдан айрилди.

“Менга жуда ҳам оғир бу нарса”.

Гулсара Қаюмова таниқли ҳофиз билан бир маҳаллада яшар эдик¸ деб гап бошлади.

Гулсара Қаюмова: Биз битта маҳаллада яшаганмиз. Чорсуда Ц-26 да яшаганмиз. Ўша маҳаллада танишганмиз.

Озодлик: Севиб турмуш қурганмисиз ëки анъанавий совчилар келганми?

Гулсара Қаюмова: Биз бир-биримизни ëқтириб¸ яхши кўриб, турмуш қурганмиз.

Озодлик: Тўйларингиз қачон бўлган?

- Тўйимиз 1983 йил октябр ойида бўлган¸ дейди Гулсара Қаюмова.

Кейин эса бировдан олдин¸ бировдан кейин дегандек ҳаëт бошланди. Бирин-кетин фарзандлар туғилди.

Гулсара Қаюмова: Биринчи фарзандимиз қиз. Исми Камола. Ундан кейин учта ўғлим бор. Темурбек¸ Камронбек¸ Одилбек. Камчиликлар бўлган¸ етишмовчиликлар бўлган¸ ўзаро муаммолар бўлган. Лекин ҳаммасини бирдамликда енгиб чиқишга ҳаракат қилардик. Мен уларни кўпроқ тушунардим. Муҳриддин акам уришиб ë бошқа қилиб юрмасдилар. Ўтирғизиб¸ ҳаммасини маромида тушунтиришга ҳаракат қилардилар.

Санъаткорнинг аëли бўлиш жуда қийин. Ҳар тарафдан қийин. Кечалари уйқусизлик¸ келди-кетди. Ўзларига ҳам дам беришмас эди. Кўпинча уйда бўлсалар ҳам “Уйда йўқ” дейишга мажбур бўлардик. Уйда эрталабдан кечгача¸ кечдан эрталабгача меҳмон бўларди. Уларни кутиш¸ кузатиш.

Булар халққа танилганларидан кейин кўп гастрол сафарлари чиқиб қоларди. Ҳафталаб¸ 10 кунлаб уйда бўлмас эдилар. Биз энди уйда ўтирган аëлмиз. Кўчани билмасдик. Тўғри¸ ҳамма нарсамизни қилиб беришар эди. Бунинг устига у пайтларда қўл телефонлари йўқ эди. Бир кетишса¸ ҳафталаб кўрмас эдик. Фарзандларим касал бўларди. Ўша пайтларда ëнимда бўлмаганларидан қийналардим.

Мен санъаткорга жуда катта имконият аëл тарафидан яратиб берилиши керак, деб ўйлайман. Шундагина санъаткор ўз ижодини давом эттириб¸ ижод қила олади. Агар унга ундоқ¸ бундоқ деб тўсқинчилик қилсангиз¸ бўлмайди. Аëл киши ҳар тарафдан кўп нарсани бўйнига олиши керак. Ҳозирги пайтда ўша даврни жуда ҳам соғинаман.

Озодлик: "Баҳор қайтмайди" деган видеофилмни кўрганмисиз?

Гулсара Қаюмова: Албатта.

Озодлик: Ўша ерда санъаткор ва унинг оиласининг фожеаси ҳақида гап кетадида. Санъаткорнинг мана шунақа фожеавий ҳаëти қанчалик ҳақиқатга яқин?

Гулсара Қаюмова: Менинг ҳаëтимда шу даврда шунақа бўлган деб айта олмайманку¸ лекин¸ тўғри¸ у пайтда ëш бўлганман¸ қизғанганман¸ рашк қилганман. Бу ҳамма оилада бўладиган нарса.

Ҳозирги ëшимда ўзим тушунаманки¸ халққа танилган, нафақат санъаткор, балки бошқа соҳадаги таниқли инсон бўлсин¸ унинг атрофида аëллар кўп бўлар экан.

Эркак киши хоҳламаган тақдирда ҳам, шунақа бўлиб қолиши мумкин. Ўзимнинг оиламда ҳам бўлган бунақа нарсалар. Муҳриддин акам хоҳламасалар ҳам ¸сўксалар ҳам¸ урушсалар ҳам ўзимнинг олдимда жуда кўп бўлган бунақа нарсалар.

Барибир телефон қилиб қўйишмас эди. Тўйга борсалар¸ болалардан қаерга тўйга кетганини суриштириб билиб¸ орқасидан борган қизларни ўзим ҳам кўрганман. Қаëққа борсалар¸ орқаларидан юрган қизларни кўрганман.

Озодлик: У киши қўшиқ куйлаганда¸ кўпинча қизларга қаратиб куйлаган ва “Эй¸ гўзал” қўшиғи жуда машҳур бўлган. Мухлисалар кўп бўлган. Рашк қилмаганмисиз ўша вақтларда?

Гулсара Қаюмова: Албатта, рашк қилганман. Рашк қилмаганман, дейдиган аëлнинг ўзи бўлмаса керак. Лекин бизники уруш¸ тўполонгача етиб бормас эди. Кўп қизларнинг исми билан ашула айтганларидан кейин шунақа исмли қизлар кўп телефон қилишарди. Уйга телефон қилиб¸ очиқчасига сўрашарди.

Озодлик: Сиз бирор-бир қўшиқнинг яралиш тарихига бевосита гувоҳ бўлганмисиз?

Гулсара Қаюмова: Муҳриддин акам кеч¸ баъзан эрталабга яқин кириб келишарди. Ҳар доим кириб келганларида “Привет хотин¸ пришëл твой сурбет” дердилар. Кўпинча эрталабки пайтда кириб келишарди. Эшикни ҳар доим ўзим очардим.

Уйда болалар бўларди¸ шогирдлари бўларди. Лекин мен ойнадан қараб, эшикдан кириб келишларини пойлаб ўтирардим. Кириб келганларида¸ ҳар доим икки қатор бир нарса айтардилар. Икки қатор нарса айтиб¸ “Яхши чиқиб қолдими” деб Муҳаммад Юсуфни чақиртириб¸ шу сўзнинг давомини ëзиб беринг дердилар.

Кўпчилик қўшиқларини уйда ëзардилар. Чунки бу қўшиқлар уйда, ўзимизнинг подвалда ëзиларди. Жуда ëш¸ кўпчилик танимайдиган шоир болалар келишарди. Мен подвалга тушиб уларга “Барака топгурлар¸ қизларнинг исми билан айтмасдан ашула ëзинглар” дердим. Қанақа қизнинг исми билан ашула чиқса¸ шунақа исмли қизлар безовта қилишарди.

Озодлик: Гулсарахон¸ ярангизни янгилайман¸ кечирасиз. Ўша 37 ëшингизда Муҳриддин Холиқовдан айрилганингиз қандай бўлди? Қандай кўтардингиз бу айрилиқни?

Гулсара Қаюмова: Менга ўша пайтда қийин демайман¸ ҳозиргача эсласам¸ менга жуда ҳам оғир бу нарса. Одам барибир бир ëстиққа бош қўйгандан кейин бунақа деб ўйламайсиз.

Ҳозир кўп қарияларни кўраман. Яқинда даволаниш марказига ëтган эдим. Ўша ерда қари эр-хотинлар кўп бўлишди. Шуларга қараб туриб¸ ўзимнинг шу ëшдаги ҳаëтимни кўз олдимга келтириб¸ ëнимда йўқликлардан жуда афсусландим ва афсусланаман.

Ҳозиргача қийин. Фарзандларимга жуда ҳам қийин. Мен онаман. Менинг қўлимдан оналик вазифаси келади. Лекин шунақа вақти-соати келдики¸ ëш ўғилларга ота суянчиғи барибир керак. Болаларимнинг ҳаммасини ўтқазиб “Болаларим даданглар йўқ. Нима бўлган тақдирда ҳам оиламизда сир бўлиши керак эмас. Ҳаммасини айтиш керак” деб айтаман.

Кўчада юрадиган ўғил болалар ҳаммаси. Кўз тегмасин¸ мен ўзим гапиришга қўрқаман¸ фарзандларимнинг ҳаммаси Худога минг қатла шукур¸ ақлли¸ ҳушли. Шу пайтгача отасининг номини сотиб¸ бир ишлар қилишган эмас.

Муҳриддин акамда ўзи ëшлигидан туғма талант. Чунки қайнотам Жалолиддин Холиқов санъаткор бўлганлар. Қайнонам Қурбоной Убайдуллаева журналист бўлганлар. Мана ҳар хил кўп суратлари бор. Ëшлигидан булар санъатга қизиққанлар. "Камолот- 89" дан кейин халққа “Эй¸ гўзал”¸ “Қиз бола” ашулалари билан танилганлар. Жуда ëшлигидан бу кишини бутун Наманган таниган. Чунки Наманганда туғилганда бу киши.

Озодлик: Сизнинг ўзингизнинг касбингиз нима? Нимага ўқигансиз?

Гулсара Қаюмова: Мен ўзим бухгалтерияда ўқиганман. Мен 17-18 ëшимда турмушга чиққанман. Ундан бу ëғига ишламаганман ҳам¸ ўқимаганман ҳам.

Озодлик: Эр-хотин қўш ҳўкиз¸ дейди. Турмуш ўртоғингизнинг ўша пайтларда муваффақиятларга эришиб¸ сизнинг уйда ўтириб қолганингиз алам қилмаганми?

Гулсара Қаюмова: Ўша пайтларда алам қилмаганку¸ лекин мана ëш қолдим. 37 ëшимда Муҳриддин акам ҳаëтдан кўз юмдилар. Фарзандларимнинг бирортаси ўқимаган эди у пайтда. Улар мактабда ўқиб юрган пайтлари эди. Уларни ўқишга киргазиш керак эди. Ўша пайтда анча қийинчилик бошимга тушган эди. Шу вақтда бир жойда ўқимаганимга¸ бир жойда ишламаганимга жуда ачиндим. Унгача менга бу нарса билинмаган эди.

Озодлик: Мана 1983 йилдан бу ëққа анча йиллар ўтди. Шу даврга бир назар солсак. Бошингизга санъаткорга рафиқа бўлиш тақдири тушди¸ ундан айрилиш тақдири тушди.

Гулсара Қаюмова: Ўша пайтларни одам барибир соғинади. Қайтиб келмаслигини билсам ҳам барибир ëш боладай орзу қиламан. Агар дунëга иккинчи марта келадиган бўлсам¸ шу одам билан ҳаëтимни қийинчилик кунлар бўлса ҳам барибир давом эттирган бўлардим.

Муҳриддин акам жуда қисқа умр кўрган бўлсалар ҳам ҳаëтда жуда кўп нарсаларга улгуриб етишдилар. Фарзандлар тарбияси¸ ҳатто мен ўзим ҳам кўп нарсани булар орқали ўрганганман. Овқат қилишда ҳам уйда бўлган пайтларида кўп нарсаларни ўргатардилар. Ҳеч нарсани уруш¸ жанжал¸ тўполон билан қилмасдилар. Ўтириб¸ ҳаммасини тўғри тушунтиришга ҳаракат қилардилар. “Болани урмагин¸ урушмагин. Тўғри ўтирғизиб гапирсанг¸ тушунади” деб кўп марта айтардилар. Кўп нарсага улгуриб кетдилар, деб ўйлайман.

Озодлик: Муҳриддин ака клипларда¸ кадрларда¸ расмларда жуда жиддий кўринадилар. Ҳаëтда қандай эдилар?

Гулсара Қаюмова: Ҳаëтда унақа инсон эмас эдилар. Жуда ҳам қувноқ одам бўлганлар. Бундай қарасангиз¸ биров ортиқча гапини гапира олмас эди. Келган одамлар ҳам олдин қўрқиб турарди. Лекин ўтириб гаплашсангиз¸ тўймасдингиз. Ҳаттоки¸ булар билан гаплашишга бир кун вақтингиз ҳам етмасди. Жуда ҳам ҳазилкаш инсон бўлганлар. Лекин қўшиқ куйлаëтганда ҳар доим жиддий бўлиб турардилар. Ҳаëтда¸ оилада эса жуда қувноқ¸ ҳазилкаш инсон бўлганлар.

Муҳриддин акам жуда сахий эди. Эшикдан ëрдам сўраб келган одамларни ҳеч қачон қуруқ қайтармаганлар. Ҳозир бизларда “Қувайт” хайрия жамғармаси деган ташкилот бор. Мен ўша ташкилотга аъзоман. Бутун туман ва вилоятлар бўйича бевалар¸ боқувчисини йўқотган аëллар¸ отасини йўқотган балоғат ëшига етмаганлар рўйхатда туради. Ўшаларга қўлимиздан келганча ëрдам берамиз¸ тадбирлар ўтказиб берамиз. Мен кўпроқ шу ишлар билан банд бўламан.

Озодлик: Мана болаларингиз катта бўлаяпти. Оллоҳ уларнинг умрини узоқ қилсин. Ўзингизнинг бошингиздан кечирганингизни уларга раво кўрармидингиз?

Гулсара Қаюмова: Ўзимнинг ҳаëтимда қийинчиликлар бўлди. Тўғри¸ жуда ҳам қийналиб¸ нонсиз қолмадик. Фақат фарзандларимни ўқишга киргазишда озгина қийинчилик бўлди. Шунда ҳам яхши¸ саховатли инсонлар бор. Ўзингники эмас¸ бир хил пайтларда бегона одамлар шунчалик қўлидан келган ëрдамини қиладики¸ мана қизим ўқишга кирганда ҳам менда ҳеч қанақа имконият йўқ эди. Tанишим йўқ¸ бир жойга бора олмайман¸ кира олмайман. Ўзингиз ўйланг¸ уйда ўтирган аëл бирданига бу нарсаларга журъат эта олмайди.

Мана энди ҳаëтда турткиланиб¸ секин ўзимни ушлаб олишга ҳаракат қилдим. Иккинчи ўғлим дипломларини олди, Худога шукур. Ўша пайтдаги қийинчликларимиз ортда қолди¸ лекин шу пайтларда мен “Нима қилиб бўлса ҳам фарзандларимни ўқитишим керак” дер эдим. Бу отасининг орзуси. Ҳар доим “Ҳаммаси ўқисин” дердилар.

Муҳриддин акам вафот этишларидан олдин ҳамма бозор иқтисодиëтига ўтиб кетган давр эди. Муҳриддин акам фарзандларимизга “Ҳали шунақа даврлар келадики¸ ўқиш сизларга асқотади” дер эдилар. “Буларнинг бирортаси ўқимай қолса¸ мен қандай қилиб жавоб бераман” деган нарса мени жуда қийнаган эди. Мана, Худога шукур учинчи ўғлим институтни битириб¸ диплом олди. Энди энг кенжам Одилжон қолди. У ҳам ҳозир юридик коллежда ўқияпти.

Озодлик: Болаларингиз қўшиқ айтаяптими?

Гулсара Қаюмова: Ҳа. Энг кичкина фарзандим Одилжон Холиқов ҳозир Озодбек Назарбековга шогирд тушган. Қўшиғини радиода ҳам беришаяпти.

Озодлик: Фарзандим қўшиқчи бўлсин, дейсизми ë бошқа касб эгаси бўлсинми?

Гулсара Қаюмова: Бўлсин¸ менга қолса ҳаммаси бўлсин. Санъатда отасининг давомчиси бўлсин¸ давом эттиришсин. Лекин бошқа соҳада ўзининг иккинчи мутахассислиги бўлиши керак.

Озодлик: Бугун минглаб қизлар телевизор экранларида қўшиқ айтаëтган йигитларга турмушга чиқишни хоҳлашади. Сиз бу қизларга нима деган бўлардингиз?

Гулсара Қаюмова: Бир тарафдан қиз боланинг яхши кўргани бекор нарса. Қиз болани¸ хонандами ким бўлишидан қатъий назар¸ эркак киши яхши кўрсин¸ меҳр берсин. Ўшандагина ҳаëт бўлади. Булар ҳозир бунинг ашула айтаëтганини¸ экран орқали чиқаëтганини кўриб туриб¸ шу нарсани хоҳлашади.

Уларнинг ҳам оиласи оддий оила. Уларнинг ҳам оиласида овқат пишiрилади¸ уларнинг оиласида ҳам йиғиштириш бор. Қизлар кўпинча бошқача хаëлда юришади. Оддий оиладай оила¸ фақатгина халққа таниқли санъаткор. Бу қизларга нима дея оламан? Қизлар хонандага санъатини давом эттиришга¸ йўлини очиб беришга¸ куч-қудрати¸ сабр-тоқати етсагина турмушга чиқишсин. Кўпчилик келиб чиқаëтган санъаткорларни биламан¸ уйлангандан кейин ижодини¸ санъатини давом эттира олмай қолади. Бу нарсани кўпчиликда ўзим кўрдим. Бунга кўплаб мисоллар келтиришим мумкин. Булар телевизорда кўришади ва енгил ҳаëтни орзу қилишади. Ваҳоланки¸ санъаткорнинг аëли бўлиш жуда қийин. Бунинг учун жуда катта сабр-тоқатли бўлиш керак.

Озодлик: Бировлар “Гулсарахон бир ҳофизнинг йўлида умрини хазон қилди” ,дейиши мумкин. Ачинмайсизми?

Гулсара Қаюмова: Нимага ачинишим керак? Мен ҳеч қачон ачинмайман. Мен турмушга чиққанимда Муҳриддин Холиқов деган номга турмушга чиқмаганман. У пайтда оддий санъаткор бўлган. Шу йили маданият иснтитутига энди кирган бўлганлар. Бу кишини халқ танимас эди. Фақат тўйларга борарди. На радио¸ на телевидение орқали ҳеч ким танимаган.

Мен шунақа инсонга турмушга чиққанман. Иккинчи ўғлим туғилгандан кейингина бу киши халққа танилган. Мен ҳеч қачон ачинмайман. Лекин меҳр керак. Неча ëшга чиққанда ҳам барибир ота меҳри фарзандларга керак.

Мен бир нарсани айтмоқчиман. Мана ҳозир кўп оилалар бузилиб кетаяпти. Ëш турмуш қуришади¸ бошқа қилишади. Эрсиз ҳам эплайман, деган аëлларни кўп эшитаман. Лекин ҳаëтда бир қўл билан иш қила олмайдиган пайтлар ҳам келиб қолади. Шуларга айтмоқчиманки¸ яхшими¸ ëмонми ҳеч қачон бунақа дейишмасин. Яхшими¸ ëмонми ëнида ҳар доим турмуш ўртоғи бўлсин. “Мен ўзим ҳамма нарсани эплай оламан” деб ўйлашмасин. Бу менинг юрагимдан чиқариб аëлларга айтаëтган гапим.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG