Линклар

logo-print

"Тест тизимида ғирромлик илдиз отган"

  • Фаррух Юсуфий

Ўзбекистондаги тест синовлари натижалари 13 август куни эълон қилинди.

Ўзбекистондаги тест синовлари натижалари 13 август куни эълон қилинди.

Тест синовларини кузатган мутахассилар адолатли рақобатни кафолатлаш мақсадида жорий қилинган тест тизими бу йил ҳам ўз олдига қўйган мақсадни амалга ошира олмаганидан гапирмоқда.

Ўзбекистон давлат тест марказининг ўзини таништирмаган мутасаддиси бу йилги тест синовлари ҳар қачонгидан ҳам юқорироқ савияда ўтказилгани ва ўзбекистонлик минглаб иқтидорли ёшларнинг олий таълим олиш имкониятлари тўла кафолатланганини таъкидлаб, гапни қисқа қилди.

Озодлик радиоси билан исми ошкор этилмаслиги шарти билан гаплашган Наманган давлат университетининг ўқитувчиси ҳақиқатан бу йилги тест синовлари жарёнида бироз ижобий ўзгаришлар кузатилганини айтди:

- Бу йилги тест жараëнлари ўтган йилги¸ ундан олдинги йилдагиларга нисбатан ташкилий томонлари ҳам¸ назорат томонлари ҳам бошқачароқ бўлди. Назорат анча кучли бўлди.

Вазирлар маҳкамасида ишлайдиган Мирмуҳсин Акбаров тест жараëнларини назорат қиладиган киши эди. Бу кишига ўз мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва ҳоказо айблар билан жиноий иш қўзғатилди.

Бу тест жараëнларига ижобий таъсир қилди. Тест марказига ҳам қандайдир таъсир қилиб¸ ижобий ҳолатга ўзгартиришга ҳаракат қилинган ҳолатлар кузатилди¸- дейди наманганлик ўқитувчи.

Лекин суҳбатдошимизнинг айтишича, қаллоблик ва ғирромлик тест тизимида 15 йилдан бери шунчалик илдиз отганки, бу йил ҳам тест тизими адолатли рақобатни кафолатлай олди, деб бўлмайди.

- Барибир бу тизимда давом этиб келаëтган анъаналар сақланиб қолаяпти. Таниш-билишчилик ва ҳоказо. Одатда ҳар бир университет раҳбарларининг ўринлари бўлади. Бу ўринларга абитуриентлар тўпланади ва деканлар билан келишилган ҳолда алоҳида хоналар тайëрланади.

Масалан¸ алоҳида аудитория тайëрланиши мумкин¸ маълум фанлар бўйича тестга ўқитувчилар киритилиши мумкин. Бу ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан келишилади, - дейди наманганлик ўқитувчи.

Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси бу йилги тест синовлари пайтида қонунбузарликларга йўл қўйилмаслиги мақсадида назоратни кучайтиришга оид махсус буйруқни эълон қилган эди.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университетига кира олмаган суҳбатдошимизнинг айтишича, ҳақиқатан бу йил назорат кучли бўлган.

- Қаттиқ текширди. Ҳеч ким ҳеч нарса олиб кира олмади. Бошдан-оëқ ҳамма жойга қўлини тиқиб чиқди. Мен оëғимга она тилидан шпаргалка тиқиб олган эдим. Ўшани ҳам топиб олишди.

Умумжаҳон китобини кичкина қилиб чиқарган. Ичимга ўшани тиқиб олган эдим. Ўшани ҳам топиб олди. Ичкарига кирдингми¸ қўлингни чиқар дейди. Қўл партанинг устида туриши керак. МХХ ходимлари мен ўтирган хонадан бешта болани чиқариб юборди, -дейди собиқ абитуриент.

Лекин ҳукуматнинг назоратни кучайтиришга оид буйруғи барча олий ўқув юртларида бажарилмаган кўринади.

Нозима Ўзбекистон Миллий унивеситетига киришга ҳаракат қилиб, йиқилганлардан.

- Ўзи қоида бўйича кирадиган пайтда иккита ручка¸ паспорт ва ДТМ олиб кирилиши керак эди. Лекин биз бемалол сув ҳам олиб кирдик¸ сумкаларни ҳам олиб кирдик. Қизлар шпаргалка ҳам олиб киришди.

Текширилади дейишдию¸ лекин номига қараб қўйишди. Қизларнинг чўнтакларида шпаргалка тиқилиб ëтган эди. Ичкарига кирдик. Назоратчилар келди. Уларнинг қўлимизда шпаргалкани кўргани табиий. Лекин 3000 сўмдан йиғиб беришди ва улар индашмади.

Ҳамма бемалол шпаргалка ишлатаверди. 30 фоиз болалар телефондан фойдаланишди. Ўшанинг учтасидан телефонни олиб қўйишди ва 20 минутлардан кейин яна қайтариб беришди. Просто қўрқитиб қўйишмоқчи бўлди-да¸ - дейди Ўзбекистон Миллий университетига кира олмаган Нозима.

Лекин тест тизимидаги бу каби қаллобликлар тест синовларига яхши тайёрланган ва ҳақиқатан иқтидорли бўлган ёшларни чув тушираётган ягона омил эмас.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Шуҳрат Аҳмаджоновнинг фикрича, президент Ислом Каримовнинг ҳарбий хизматни яхши ўтаганларни олий ўқув юртларига имтиёзли равишда қабул қилишга оид қарори қонунийлаштирилган ғирромликнинг бир мисолидир.

- Президент 2005 йил 31 октябрда Ўзбекистоя республиакси қуроли кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаëтган ҳарбий хизматчиларга бериладиган имтиëзлар тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорга имзо қўйган эди. Ана шу қарорга асосан ҳарбийларга енгилликлар берилган. Хизматни ўтаганларга рухсатнома берилади. Бу рухсатнома бўйича Ўзбекистондаги барча олий ўқув юртларидаги таълим йўналишларига жорий этилади деб қўйилган. Бу қарор бўйича ҳар бир ҳарбий хизматчига энг юқори баллнинг 25 фоизи миқдорида қўшилади. 56¸7 балла қўшиб берилади. Ана шунинг ҳисобидан жуда кўп чаласавод одамлар университетларга кириб кетди¸ - дейди ҳуқуқ фаоли.

"Бундан ташқари, - дейди ҳуқуқ фаоли, - президент қарорининг яна бир жиҳати адолатли рақобат тушунчасига мутлақ зиддир".

- Ўша фармонда яна бир қизиқ томони борки¸ агар ўқувчи 25 фоизлик баллни қўшганда ҳам ўқишга киришга балли етмаса¸ у контрактга шундай кириши мумкин. Қарорда шундай жой бор.

Абитуриент умуман имтиҳон топширмай ҳам кириши мумкин. Тестга бормаслиги ҳам мумкин. Контрактнинг пулини тўласа¸ ўтиб кетавериши мумиин. Чунки баллнинг ҳеч қандай ҳожати йўқда унга. Мантиқан фикрланса¸ 0 балл бўлса ҳам кириши мумкин, - дейди Шуҳрат Аҳмаджонов.

Ўзбекистон давлат тест марказининг ўзини таништирмаган мутасаддиси биз билан суҳбатда бу йил олий ўқув юрталарига киришга ҳаракат қилган абитуриентлар сони, улардан қанчаси кириб, қанчаси йиқилганига оид саволларимизга жавоб бермади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG