Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:56

Афғонистон: Президентликка номзодлар баҳслашди


Афғонистонда ўтказилган телемунозарада Карзайнинг асосий рақиби экани айтилаётган Абдуллоҳ иштирок этмади.
Афғонистонда ўтказилган телемунозарада Карзайнинг асосий рақиби экани айтилаётган Абдуллоҳ иштирок этмади.

Афғонистон президенти сайлови арафасида президент Ҳамид Карзай икки асосий ҳарифи – Рамазон Башардўст ва Ашраф Ғанилар билан жонли эфирдаги телемунозараларда иштирок этди.

Бу Афғонистон тарихида биринчи марта ўтказилган теледебатдир.

Собиқ вазирлар Башардўст ва Ғани президент Карзайни коррупцияга қарши кураш ва дала қўмондонлари билан муносабатлар, иқтисодиёт ва чет эл ҳарбийларининг Афғонистондаги ҳозирлиги, толиблар билан муносабатлар ва бошқа соҳалар бўйича қатор саволларга кўмиб ташлади.

Президентликка номзодлар телемунозарани Афғонистоннинг 17 миллион нафарли сайловчисига ўз режалари тўғрисида айтиб олиш учун яхши имкон, деб билди.

Жонли эфирда икки соат давом этган мунозарани Афғонистоннинг RTA телевидениеси ҳамда Озод Афғонистон радиоси трансляция қилди.

Карзайнинг асосий рақиби Абдуллоҳ Абдуллоҳ мунозарада иштирок этмади.

Туриш-турмуши туфайли "Афғон Гандиси" деган ном олган Башардўст мунозара давомида Афғонистондаги жорий вазиятни кескин танқид қилди ва сайловчиларни чин ўзгаришлар учун овоз беришга чақирди.

- Мен ватандошларимни ҳеч қандай номзоднинг, ҳатто Башардўст бўлса ҳам, сўзларига ишонмасликка даъват қиламан.

Башардўст ёки бошқа бир номзод "Сизга хизмат қилмоқчиман, Афғонистонни тикламоқчиман, одил судловни ва қонун устиворлигини таъминлайман”, деса ишонманг.

Сўзларга ишонманг. Одамга ишонинг. Унинг аввалги ишларига қараб, кейин ишонинг, - деди президентликка номзод Башардўст.

Карзай телемунозарадан фойдаланиб, Толибон билан муросага эришиш режаси тўғрисида гапирди. Айтишича, унинг бу йўналишдаги уринишлари халқаро миқёсда ҳам қўллаб- қувватланмоқда.

Бироқ Башардўстнинг фикрича, Карзай бу масалада хомтама бўлмоқда. Чунки ҳануз Афғонистон ҳукуматида дала қўмондонларининг роли кучлигига қолмоқдаки, бу ҳолат мамлакатда миллий ярашувга эришилишига йўл бермайди.

Афғонистоннинг собиқ молия вазири Ашраф Ғани 1 миллион иш жойи ҳамда ишчан ҳукумат тузажаги тўғрисида гапириб, афғонистонликларни Толибон таҳдидидан қўрқмай, ўз ҳуқуқларидан фойдаланиб сайловда иштирок этишга чақирди.

- Мен Афғон халқини табрикламоқчиман. Чунки биз биринчи бор мустақил равишда ўз президентимизни сайлаб олишимиз мумкин.

Ким учун овоз беришимиз муҳим эмас. Овоз бераётганимизнинг ўзи муҳимдир. Биз ҳокимият ёки пулнинг таъсиридан ҳоли бўлишимиз керак, - деди Ашраф Ғани.

Афғонистон президентлигига уч номзод ўртасида бўлиб ўтган телемунозарага Озод Афғонистон радиоси раҳбари Акбар Аёзий модераторлик қилди.

Президент Карзай фахрланиб, Афғонистон тарихида бирон бир давлат амалдори бундай ошкора баҳсда иштирок этмаганини айтиб ўтди.

У, шунингдек, президент лавозимида ишлар экан, ҳар доим миллий манфаатлар учун хизмат қилганини таъкидлаб ўтди.

- Ўтган 7 йил давомида мени муросасозликда жуда кўп бор айблашди. Одамлар : “Ортиқча муросасозлик қилаяпсиз”, дейишди.

Ҳа, мен муроса қилдим. Мен Афғонистоннинг миллий манфаатлари йўлида муросага бордим, Афғонистон тинчлиги учун муросага бордим, Афғонистоннинг миллий бирлиги ва ривожи учун муросага бордим, - деди Карзай.

Президентликка номзодлар ўртасида бўлиб ўтган мунозарани бутун Афғонистон халқи телевиденияда кўриб, радиодан эшитди.
XS
SM
MD
LG