Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:08

Эрон: Суд давом этади


Эронда ўтган президентлик сайловидан сўнг норозилик намойишига чиққан юзлаб эронликлар бугунги кунда судланмоқда.
Эронда ўтган президентлик сайловидан сўнг норозилик намойишига чиққан юзлаб эронликлар бугунги кунда судланмоқда.

16 август куни Теҳроннинг Инқилоб судида 12 июн кунги президентлик сайловидан кейин содир бўлган зўравонликларга алоқадорликда айбланган 25 фуқаро устидан маҳкама бошланди.

Эрон қамоқхоналарида маҳбусларга нисбатан қийноқлар қўлланилаётгани халқаро ҳамжамият томонидан кескин танқид қилинаётганига қарамай, 16 август куни Теҳроннинг Инқилоб судида президентлик сайловидан кейин зўравонлик келтириб чиқарганликда айбланган учинчи гуруҳ устидан оммавий маҳкама жараёни бошланди.

Ҳозирча судланаётганларнинг исм-шарфи ошкор қилингани йўқ.

ИРНА ахборот агентлиги хабарига кўра, судланаётганларнинг баъзиларига Исломий тузумни ағдаришга уринганлик, ноқонуний намойишда қатнашганлик, жамоат мулкига зарар етказганлик, намойиш пайтида қўлбола граната ва бомбалар ишлатганлик айблари қўйилган.


Теҳронда бундан аввалроқ миллий хавфсизликка таҳдид солганликда айбланган 110 киши, жумладан, сиёсий фаоллар, журналистлар ва адвокатлар устидан маҳкама жараёни бошланган эди.

Улар орасида қатор таниқли ислоҳотчилар, хусусан собиқ президент Муҳаммад Хотамийнинг яқин сафдоши бўлган собиқ вице президент Муҳаммад Али Абтахий, ислоҳотлар тарафдори бўлган энг йирик Исломий жабҳа партиясининг раҳбари Муҳсин Мирдамадий ҳам бор.

Адвокатлар айтганига кўра, қамоқхоналарда ҳали айблов эълон қилинмаган юзлаб маҳбус бор.

Эрон мухолифати раҳбарлари маҳбусларнинг баъзилари қамоқда калтаклангани ва зўрланганини айтган. Аммо ҳукумат бундай иддаоларни рад қилган.

Таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Насрин Сотуда ҳибсдаги ислоҳотчилар тарафдори бўлган журналист Иса Саҳархизни ҳимоя қилмоқда. Унга кўра, қамоқда журналистлар калтакланмоқда.

Сотуда Озодлик радиосига берган интервюсида Саҳархиз бир кишилик камерада сақланаётганини айтди.

- Саҳархиз менга қовурғалари сингунича аёвсиз калтакланганини айтди. Қовурға синганини қўл текизиш орқали осонликча аниқлаш мумкинлигига қарамай, унга тиббий ёрдам кўрсатишга рухсат берилмаган.

Бундан ташқари ўтган бир ой давомида унга нисбатан ҳали айблов эълон қилинмаган. Холбуки қўлга олинган шахсга 24 соат ичида айблов эълон қилиниши керак, - дейди таниқли журналистнинг адвокати.

Талаба фаоллардан Шива Назар Ахари Эронда президентлик сайлови натижалари эълон қилинганидан кейин намойишлар бошланганидан бир оз ўтиб ҳибсга олинган ва Теҳрондаги энг ёмон Эвин қамоқхонасида сақланмоқда. Унга адвокат ёллаш ҳамда яқинлари билан учрашишга рухсат берилмаган.

- Қизим ҳибсга олинганига икки ой, 62 кун бўлган бўлса, менга у билан учрашишга бир марта ҳам рухсат берилмади.

Қизим билан учрашишни сўраб Эвин қамоқхонаси расмийларига олти марта мурожаат қилдим. Аммо ҳар гал менга қизим билан учрашишга рухсат берилмаганини айтишди.

Сўнгги 20 кун давомида мен у ҳақда ҳеч қандай маълумот ололмадим,- дейди ҳибсдаги талаба қизнинг онаси Шаҳризод Каримиян .

Келиб чиқиши эронлик бўлган Канада фуқароси Мазяр Бахари сайловдан кейинги тартибсизликлар пайтида ҳибсга олинган журналистлардан бири. Унинг адвокати Солиҳ Никбахт Озодлик радиосига журналист қўлга олинганига икки ой бўлганига қарамай, у билан бир марта ҳам учраша олмаганини айтди.

- Аксар маҳбуслар миллий хавфсизликка қарши ҳаракат қилганликда айбланган. Улар бундай айбловларни рад қилган. “Миллий хавфсизликка қарши ҳаракат қилиш” деганда 15 ёки 16та айбловни тушуниш мумкин. ... Мазярга қандай айблов қўйилаётгани ҳозирча номаълум, - дейди канадалик журналистнинг адвокати.

12 июн куни ўтказилган президентлик сайловидан кейин Маҳмуд Аҳмадийнажод қайта президент этиб сайлангани эълон қилинганидан кейин минглаб одам кўчаларда норозилик намойишлари ўтказган эди.

Хавфсизлик кучлари ва намойишчилар ўртасида содир бўлган тўқнашувларда камида 30 киши нобуд бўлган.

Эрон расмийлари маълумотига кўра, сайловдан кейинги норозиликларда уч мингдан ортиқ одам ҳибсга олинган.
XS
SM
MD
LG