Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:25

Ўзбекистон беқарор мамлакатлар рўйхатида


Ўзбекистон 2009 йилда сиёсий-ижтимоий жиҳатдан дунёдаги энг барқарор бўлмаган давлатлар рўйхатидан жой олди.Бу рўйхат АҚШнинг “Foreign Policy” журнали томонидан эълон қилинди.



Рўйхат 12 та асосий кўрсаткич тахлили натижасида тузилган. Муаллифлар давлат рейтингини аниқлашда мамлакатдаги иқтисодий вазият, инсон ҳуқуқлари масаласи, аҳолининг мамлакатдан миграция қилиш жараёни, махсус хизматлар фаолияти, аҳолининг ҳукуматга муносабати каби омилларни ҳисобга олганлар.

Бу кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистон сиёсий-ижтимоий жиҳатдан дунёдаги энг барқарор бўлмаган давлатлар рўйхатининг 31 поғонасини эгаллаган.

Бундан аввалроқ АҚШ Давлат департаменти ўз фуқаролари учун саёҳат қилиш хавфли ҳисобланган 28 давлатдан иборат рўйхатга Ўзбекистонни ҳам тиркаган эди.

Ўзбекистон рейтингининг ўта паст бўлишида кўплаб халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига ва демократик тамойилларга риоя қилинмаётгани тўғрисидаги фикри ҳам рол ўйнаган.

Жумладан, Ҳюман Райтс Вотч ва Халқаро Амнистия ташкилотлари Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволини даҳшатли деб таърифлаганлар.

Бироқ Ўзбекистон расмийлари мамлакатда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолар мавжуд эмаслигидан бонг уриб келади.

Айтиб ўтиш лозимки, Ўзбекистоннинг жорий йилдаги рейтинги уч йил аввалги кўрсаткичдан ижобий томонга фарқ қилади.

2006 йил Американинг нуфузли “Foreign Policy” журналида эълон қилинган нобарқарор мамлакатлар рейтингида инқироз жари ёқасида турган 28 мамлакат рўйхатида Ўзбекистон 23-ўринни эгаллаган эди.

Foreign Policy журнали 2009 йилда эълон қилган рўйхатнинг биринчи учлигини Сомали, Зимбабве ва Судан каби Африка давлатлари эгаллаганлар.

Ўзбекистонга қўшни бўлган Тожикистон рўйхатдаги 37- ўринни, Қирғизистон 41-ўринни, Туркманистон эса 59-ўринни эгаллаган.
МДҲ давлатлари орасида Молдавия рўйхатнинг 54, Озарбайжон 56-поғонасида тилга олинган.

Ўтган йили дунёдаги энг барқарор бўлмаган давлатлар рўйхатининг 57-поғонасидан ўрин олган Грузия, 2009 йилда 33-ўринга чиқиб қолган.

Ҳисобот муаллифлари буни “Россиянинг Грузияга қарши қилган ҳуружи ва президент Саакашвилининг демократик бўлмаган ҳаракатлари” натижаси сифатида изоҳлайдилар.
XS
SM
MD
LG