Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:23

Томчи билан шўр ювиб бўлмайди


Айрим мутахассисларга кўра, Ўзбекистон ерларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш учун миллиардлаб доллар маблағ керак бўлади.
Айрим мутахассисларга кўра, Ўзбекистон ерларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш учун миллиардлаб доллар маблағ керак бўлади.

Расмийлар Ўзбекистонда ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш учун 130 миллиард сўм сарфланишини айтмоқдалар. Аммо муттахасисларга кўра, бу денгиздан бир томчидир.

"Регнум" агентлиги эълон қилган хабарда айтилишича, Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг ерлар мелиорацияси бошқармасининг бошлиғи Шавкат Примов ерлар унумдорлигини оширишга 130 миллиард сўм, яъни 87 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағнинг сарфланиши кўзланаётганини маълум қилган. Бу эса ўтган йилгига нисбатан 33 ярим миллиард сўмга кўпроқдир.

Вазирлик расмийси Шавкат Примов Озодлик радиосига берган интервюсида "Ерлар мелиорацияси масаласига давлат томонидан кўрсатилаётган эътибор кейинги йилларда ижобий натижаларни бермоқда", деган фикрни айтди.

- Ҳақиқатан яхшиланаяпти. Давлат тарафидан қилинаëтган тадбирлар беш йиллик давлат дастурига киритилган-ку. Ҳозир олдингига нисбатан тизимли ишлар олиб борилаяпти. Олдин етарли даражада маблағ ажратиларди¸ лекин тизимли қилиб қилинмас эди. Суғориладиган ерларга хизмат қиладиган мелиоратив коллекторларимиз бор¸ - дейди Шавкат Примов.

"Давлат дастури доирасида ажратилаётган улкан маблағлар мелиорация тизимини таъмирлаш, янги коллекторларни қазиш, замонавий техника воситаларини сотиб олиш имконини бермоқда", дея қўшимча қилди вазирлик расмийси.

Қорақалпоғистонлик фермер Қубай Ортиқовга кўра, ҳақиқатан жорий йилда мелиорация соҳасида қилинаётган ишлар ижобий натижа бермоқда.

- Шунинг ҳолатидан бу йилги деҳқончилик жуда ҳам зўр. Зах таъсир қилмаган деҳқончилик бўлаяпти-да. Шунақа зўр пахта бор Худога шукур. Вазият аста-секин яхшиланаяпти. Ахир мамлакат бўйича катта фармон чиқди, - дейди қорақалпоғистонлик фермер.

Лекин мамлакатнинг барча минтақаларида ҳам муаммо ўз ечимини топмаётган кўринади. Хусусан, Жиззах вилоятида суғориладиган ерларнинг унумдорлиги масаласи долзарблигича қолмоқда..

Маъмуржон Азимов бу соҳада давлат томонидан катта маблағларнинг ажратилаётганига қарамасдан, ерларнинг шўрлашиш даражаси кун сайин ёмонлаши бораётганидан шикоят қилаётган жиззахлик фермерлардан бири.

- Жиззах миқëсида оладиган бўлсак¸ вилоят бўйича ерларнинг шўрланиши ой сайин кучайиб бораяпти. Бунинг сабаби зовурларнинг ўз вақтида кавланмаганлиги¸ зовурларнинг тўлиб қолганлиги¸ ерни ювиш имконияти бўлмаганлиги натижасида ернинг шўрланиши йилдан йилга кучайиб бораяпти, - дейди жиззахлик фермер Маъмуржон Азимов.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, бунинг оқибатида нафақат фермерлар, балки давлат ҳам катта зарар кўрмоқда.

- Битта мисол келтиришим мумкин. "Самарқандқудуқ" сувдан фойдаланиш хўжалигида битта фермердан мисол келтиришим мумкин. У "Бу йил беш гектар ерига пахта экасан", деб ҳокимият томонидан мажбур қилинган. Мана шу беш гектарга экилган пахта яккам-дуккам бўлиб ўсиб чиқди ва қуриб қолди. Шўрланиш натижасида пахтанинг ҳаммаси қуриб қолди. Бу фермер беш гектар ерга қилинган харажатнинг ҳаммасига куйди¸- дейди Маъмуржон Азимов.

Ўзбекистонлик олим, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Қурбон Розиқов ўтган йили Озодлик радиосига берган суҳбатида, "Мамлакатдаги экин майдонларининг бугунги аянчли аҳволга келиб қолганига кўп йиллар давомида заҳарли кимёвий моддаларнинг ишлатиб келингани сабабчидир", деган эди.

- 75 йил шўролар даврида пахта етиштирганда¸ унинг касалликларига¸ зараркунандаларига қарши¸ баргини тўкишда пестицид деган заҳар-заққумлардан жуда ҳам кўп миқдорда тартибсиз ишлатдик. Шунчалик даражада тартибсиз ишлатилдики¸ бугунги кунда бу заҳар-заққумларнинг қолдиғи бир квадрат километр майдонда 72 килограммдан ошиб кетди. Энди бу рақамнинг кам ëки кўплигини билиш учун таққослаш керак. Америкада бу кўрсаткич бир килограмм¸ Россияда ўрта ҳисобда тўрт килограмм¸ -деган эди қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Қурбон Розиқов.

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги мутасаддиси ҳам республикадаги суғориладиган ерларнинг катта қисмидаги унумдорлик муаммо бўлиб қолаётганини эътироф этади.

- Ҳозирги кунда республикамиздаги суғориладиган ерларнинг 50 фоизи шўрланган. Бир йилнинг ичида ҳаммасини яхши қилишни ҳеч ким ҳал қила олмайди. Коллектор ва зовурларни тозалаш ишларини ҳар йили олиб боришимиз керак. Бундан ташқари¸ шўр ювиш деган нарсаларимиз бор. Бу нарсаларнинг ҳаммаси комплекс олиб борилиши керак. Маблағ ажратилди дегани ҳамаси яхши бўлиб кетади дегани эмас¸- дейди вазирлик расмийси.

Вазирлик расмийсига кўр, ерларнинг мелиоратив аҳволини яхшилашда фермерларнинг ўзлари ҳам қўл қовуштириб турмаслиги лозим.

Жиззахлик Маъмуржон ака ҳам ерлар унумдорлигини оширишда фермерлар ҳам ҳаракат қилиши кераклигини тан олади. Лекин унинг айтишича, фермерларга бундай имконият берилмаяпти.

- Фермерларнинг ўзига эркинлик берилиши керак. Масалан¸ беш гектар ерни келгуси уч-тўрт йиллик режага киритмасдан туриб¸"Мана шу ерни тозалайсиз", деб фермерга берилса¸ яхши бўлади. Фермерлар йил давомида ерга табиий ўғитлар бериши керак. Фермерга имконият¸ эркинлик берилиши керак. Уни "Мана шу нарсани экасан", деб мажбур қилиш керак эмас¸ - дейди Маъмуржон Азимов.

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги расмийсига кўра, соҳадаги вазиятни ўнглаш ишларида халқаро ташкилотлар, хусусан Осиё Тараққиёт банки молиявий ёрдам кўрсатмоқда.

Ўзбекистон ҳукуматининг амалдорларидан бири, Озодлик радиоси билан ўзаро суҳбатда, мелиорация муаммосини ҳал этиш учун ҳукумат сарфлаётган 87 миллион АҚШ доллари денгиздан бир томчидай гап, деган фикрларни айтди. Унинг айтишича, Ўзбекистон қишлоқ хўжалигидаги вазият, жумладан, экин майдонларига оид муаммонинг ҳал бўлиши учун миллионлар эмас, бир неча миллаирд АҚШ доллари керак.
XS
SM
MD
LG