Линклар

Генерал Дўстум ўз тарафдорларини иқтидордаги президент Ҳамид Карзайга овоз беришга чақириши айтилмоқда.

Кобулдаги АҚШ элчихонаси баёнот тарқатиб, инсон ҳуқуқларини оммавий тарзда поймол этганлиги билан ном чиқарган генерал Дўстумнинг қайтиши юзасидан хавотир изҳор этди.

Афғонистондаги ўзбеклар орасида генерал Абдурашид Дўстумни қўллаб қувватлайдиганлар қанчалик кўп бўлса, ундан қўрқадиганлар ҳам шунчалик кўп.

Толибон ҳаракатига қарши турган “Шимолий алянс” лидерларидан бири, Афғонистон армияси бош штабининг раҳбари бўлган Дўстум, қарийб бир йил аввал ўзининг собиқ сафдоши Акбарбой ва унинг оила аъзоларига куч қўллаганликда айбланиб, аввал уй қамоғига олинган, сўнгра Туркияга сургун қилинганди.

Афғонистонда 20 август куни ўтказиладиган президентлик сайловидан аввал Карзай генерал Дўстумни қайтаришга қарор қилди.

Афғонистондаги ўзбек сайловчиларига таъсири жуда катта бўлган Абдурашид Дўстум Туркиядан туриб иқтидордаги президент Ҳамид Карзайни қўллаб қувватлади.

Унинг Ватанига қайтиши президентлик сайловидаги асосий номзод Ҳамид Карзай билан қандайдир келишув бўлганини кўрсатади.

Генерал Дўстум якшанба куни Кобулга учиб келиши биланоқ президент Карзай билан сўзлашувлар ўтказгани хабар қилинмоқда.

Душанба куни Дўстум Кобулдан Шибирғонга етиб келди. Дўстумни олқишлаш учун минтақадан унинг минглаб тарафдорлари Шибирғонга йиғилди.

Абдуррашид Дўстум раҳбарлик қиладиган Жумбуш-е миллий партиясининг етакчиларидан бири Масъуд Аҳмад Масъуд Шибирғонда ҳукм сураётган кайфият борасида қуйидагиларни маълум қилди.

Масъуд: Жуда ҳам зўр кутиб олиш маросими бўлади. Раҳбаримиз Абдурашид Дўстум чиқиш қиладилар. Миллатимиздан узоқда¸ Туркияда бўлганликлари учун ҳамма у кишининг дийдорларига ташна бўлган. У кишини кўришга¸ у кишини зиëрат қилишга жуда ҳам муштоқлар.

Озодлик: Дўстум нимага айнан сайловдан олдин келаяпти?

Масъуд: Миллатнинг хоҳиши шу эди. Миллат шу киши билан бўлган¸ у киши миллат билан бўлган. Сайловларнинг жуда ҳам тинч мутмаин ўтказилишини истаган эди. Мана шу муносабат билан шу ҳафатнинг ичида норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Шимолу шарқда минглаб инсонлар кўчаларга чиқдилар.

Озодлик: Яъни Абдурашид Дўстум келмаганида¸ ўзбеклар орасида сайлов яхши ўтмаган бўлармиди?

Масъуд: Ҳеч ким бормас эди. Одамлар “Абдурашид Дўстум Афғонистонга келмаса¸ бизлар сайловда қатнашмаймиз” деб айтган эди. шунингдек бу гапларни қўллаганлар шимолий ва шарқий вилоятларда¸ Ҳиротда¸ Жузжонда¸ Кобулда пайдо бўлган эди.

Озодлик: Абдурашид Дўстум кимни қўллаб-қувватлайди?

Масъуд: Карзай жанобларини. У кишини қўллаб-қувватлаш учун у кишининг катта-катта расмлари осилган.

Озодлик: Карзай жаноблари президент бўладиган бўлса¸ Абдурашид Дўстумга лавозим таклиф қилганми?

Масъуд: Сиëсий ҳамкорликни ваъда қилди. Сиëсий ҳамкорлик зарур.

Айни пайтда Афғонистон шимолига борган муҳбиримиз Олим Кўҳканнинг айтишича, Ҳамид Карзайнинг генерал Дўстум таянчига мухтож бўлиши, унинг пуштун сайловчилари орасида обрўси тушгани билан изоҳланиши мумкин.

Афғонистон ўзбеклари мамлакатда истиқомат қиладиган тўрт йирик этник гуруҳдан бири ҳисобланади.

Бугунги кунда Афғонистондаги ўзбеклар сони 5-6 миллион кишини ташкил этиши тахмин қилинмоқда.
Кобулдаги АҚШ элчихонаси генерал Дўстумнинг Афғонистонга қайтиши борасида хавотир билдириб баёнот тарқатди.

“Айниқса, ушбу тарихий сайлов давомида жаноб Дўстумнинг ўйнайдиган роли АҚШни жиддий ташвишга солади. Дўстумнинг Афғонистонга қайтиши унинг атрофидаги масалаларни кескинлаштиради.

Бошқа хавотирлар қаторида, Дўстумнинг инсон ҳуқуқларини оммавий тарзда поймол этганлиги билан ном чиқаргани ҳам бор”, дейилади баёнотда.

2001 йилда Афғонистонда Толибон ҳаракатига қарши ҳарбий амалиётлар авжига чиққан пайтда генерал Дўстум буйруғи билан асирга тушган толибларнинг қийноққа солингани ва кўпчилигининг ўлдиртирилгани даъво қилинади.

Мазкур айбловларни Дўстум рад этиб келади.
XS
SM
MD
LG