Линклар

Грузия МДҲдан батамом чиқди


Президент Михаил Саакашвили ўтган йилнинг 12 июлидаёқ Грузия МДҲга "алвидо" дейиш қарорига келганини эълон қилганди.

Президент Михаил Саакашвили ўтган йилнинг 12 июлидаёқ Грузия МДҲга "алвидо" дейиш қарорига келганини эълон қилганди.

Грузия собиқ совет давлатларини бирлаштириб турган МДҲдан расман чиқиб кетди. Бунинг учун зарур бўлган юридик процедураларнинг барчаси сешанба куни якунига етказилиши хабар қилинмоқда.

Грузиянинг МДҲ таркибидан чиқиши ҳақида мамлакат президенти Михаил Саакашвили бундан бир йил муқаддам – 2008 йилнинг 12 август куни Тбилиси марказида бўлиб ўтган митингда билдирганди.

Ўшанда Саакашвили ушбу қарор Грузиянинг Совет Иттифоқига айтилган сўнгги видоси эканини таъкидлаганди.

- Парламент раиси билан маслаҳатлашувдан сўнг биз Грузиянинг МДҲ таркибидан чиқиб кетаётгани ҳақида эълон қилишга қарор қилдик. Бизнинг давлатимизга қарши зарбаларни Совет Иттифоқини тикламоқчи бўлаётган одамлар уюштирди. Грузия МДҲни тарк этар экан, Совет Иттифоқига алвидо дейди, дея баёнот берганди президент Саакашвили Грузия-Россия урушини назарда тутган ҳолда.

Саакашвили МДҲни “Грузиядаги ҳалокатнинг олдини олишга қодир бўлмаган, таназзулга учраган ташкилот” деб атаб, бошқа республикаларни ҳам Россия манфаатлари учун хизмат қилаётган ушбу тузилмани тарк этишга чақирганди.

Ҳамдўстликдан расман чиқиш учун, МДҲ низомига кўра, расмий нота топширилганидан кейин бир йил кутиш керак бўлади. Бу муҳлат 2009 йилнинг 18 август куни тугайди ва Грузия бугундан бошлаб МДҲдан батамом чиқади.

Россиялик сиёсатшунос Дмитрий Шушарин фикрича, Грузиянинг МДҲдан расман чиқиши, энг аввало, унинг Россия билан алоқани узиш истаги билан изоҳланади, Ҳамдўстликнинг бошқа давлатлари билан эса Грузия алоқаларни узмоқчи эмас.

Грузия давлат канцелярияси ходимлари ҳам Шушариннинг фикрини билвосита тасдиқлагандай бўлдилар. Уларга кўра, Тбилиси МДҲ давлатлари билан (биринчи навбатда, ўзининг йирик савдо ҳамкорлари бўлмиш Украина ва Қозоғистон билан) визасиз тартиб, имтиёзли божхона тарифлари ва ҳ. бўйича икки томонлама шартномалар имзолашни мўлжалламоқда.

Грузия парламенти спикер ўринбосари Михаил Мачавариани фикрича, Грузиянинг Россия билан алоқани узишига сиёсийгина эмас, балки иқтисодий сабаблар ҳам бор.

- 2006 йилда Россия Грузия маҳсулотларини етказиб берилишига эмбарго эълон қилганди. Бу ҳаракатлар Грузия МДҲдан чиқиш қарорини қабул қилишидан анча олдин амалга оширилганди, дейди Михаил Мачавариани.

Айни пайтда таҳлилчилар Грузия ортидан МДҲнинг бошқа давлатлари ҳам, хусусан, Ғарб давлатлари билан чегарадош Украина Ҳамдўстликни тарк этиши мумкинлигини тахмин қилмоқдалар.

Шунингдек, таҳлилчилар сўнгги пайтларда Кремлнинг Марказий Осиёдаги стратегиясидан норози бўлиб келаётган расмий Тошкентнинг ҳам яқин йилларда МДҲ таркибидан чиқиш ҳақида қарор олиши мумкинлигини истисно қилмайдилар.
XS
SM
MD
LG