Линклар

logo-print

"Дадамни касаллигига қарамай ишлатишаяпти"

  • Ҳурмат Бобожон

Ҳуқуқ ҳимоячиси Аъзам Турғунов 2008 йилнинг 23 октябр куни Амударё туман суди қарори билан 10 йилга озодликдан маҳрум этилганди.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Аъзам Турғунов 2008 йилнинг 23 октябр куни Амударё туман суди қарори билан 10 йилга озодликдан маҳрум этилганди.

Ўзбекистонда 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган ҳуқуқ ҳимоячиси Аъзам Турғуновнинг аҳволи кескин оғирлашган. Бу ҳақда Озодликка маҳбуснинг қариндошлари маълум қилишди.

Аъзам Турғуновнинг ўғли Муродбек сўнгги учрашув пайтида отасининг аҳволини кўриб хўрлиги келганини айтади.

- Анча озиб кетганлар. Тахминан 40-45 килограммча бўлиб қолганлар¸ дейди Муродбек.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг соғлиғи кескин ёмонлашгани ва кексалигига қарамай, уни бошқа маҳбуслар қаторида Қаршидаги ғишт заводида ишлатишаяпти.

- Дадам: “Қийин ишга қўйди”, деяптилар. Дадам уже 60 ëшга қараб кетаяптилар. 50 ëшдан ошганларни ўзи ғишт заводига қўйишмас¸ бошқа ишга қўйишар экан. Дадам эса 50 ëшдан ошган бўлишларига қарамасдан, ғишт заводга ишга қўйилган экан. "Мени атайлабдан шунақа жойга қўйиб қўйишди"¸ деяптилар¸ дейди Аъзам Турғуновнинг ўғли Муроджон.

Мухолифатдаги “Эрк” демократик партияси фаоли ва Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилмаган “Мазлум” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари бўлган Аъзам Турғунов бир йил аввал Қорақалпоғистонда, фуқаролик иши бўйича шахслардан бирининг жамоатчилик ҳимоясини амалга ошираётган чоғида ҳибсга олинган ва кейинчалик Қорақалпоғистон суди қарори билан товламачиликда айбланиб, 10 йилга қамалган эди. Ҳозир Турғунов жазо муддати Қаршидаги умумий режимли колонияда ўтамоқда.

Турғуновнинг партиядошлари ва ҳуқуқ фаоллари уни қамалишини касбий фаолияти билан боғлиқ эканини айтмоқдалар.

- Бу юқорининг буюртмаси билан тўқилган иш¸ дейди Аъзам Турғунов аъзо бўлган мухолифатдаги “Эрк” партияси бош котиби Отаназар Орипов.

"Эрк" бош котиби Турғуновни озод этишга улар қайтадан жиддий бел боғлаганликларини айтади.

- Ҳозир яна иш бошлаяпмиз. Янги адвокат олдик. У киши кейинги ҳафтадан Аъзам Турғуновнинг ҳимоясига иш бошлайди¸ дейди Отаназар Орипов.

Аъзам Турғунов панжара ортида қолаётган Ўзбекистондаги ягона ҳуқуқ ҳимоячиси эмас. Ҳюман Райтс Уотч маълумотларига кўра, фақатгина 2005 йилги Андижон қирғинидан кейин 10 дан зиёд ҳуқуқ ҳимоячиси қамалган. Булар Аъзам Фармонов, Алишер Кароматов, Жамшид Каримов, Норбой Холжигитов, Ҳабибулла Оқпўлатов, Насим Исоқов, Расул Худойназаров, Йўлдош Расулов, Солижон Абдураҳмонов, Дилмурод Саййид ва бошқалар.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдужалил Бойматовнинг айтишича, Ўзбекистонда сиёсий маҳбуслар сони кўпайса кўпаймоқдаки¸ зинҳор камаяётгани йўқ.

- Саттор Ирзаев қамоқдан чиқди¸ лекин Дилмурод Саййид қамалди. Бундан ташқари, Оязимхон Хидирова ва Фарҳод Мухторов ҳам қамалди¸ дейди Абдужалил Бойматов.

Мурод Жўраев, Мамадали Маҳмудов, Муҳаммад Бекжонларнинг қамалганига эса 10 йилдан ошди.

- Мана, Мурод Жўраевнинг аҳволи ҳозир анча оғир. У 1994 йилдан бери қамоқда ўтирибди. У сил касалига чалинган экан. Унинг ҳозир қайси қамоқхонада эканлигини уйидагилар топа олмаëтган экан¸ дейди Отаназар Орипов.

Қамоқда қолаётган ҳуқуқ фаолларидан яна бири Норбой Холжикитовдир. Бир гуруҳ ҳуқуқ ҳимоячилари халқаро ташкилотларга очиқ хат йўллаб, 60 яшар сиëсий маҳбус Норбой Холжигитовнинг саломатлиги ëмонлашгани хусусида жиддий ташвиш изҳор қилдилар.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдужалил Бойматов ҳамкасби Норбой Холжикитов озод этилишини сўраб¸ Ўзбекистон президенти қизи Гулнора Каримовага хат билан мурожаат этди.

- Қамоқда соғлиғи ниҳоятда оғирлашиб қолибди. Чап оëғи ва чап қўли ишламаслик даражасига бориб қолган. Чунки у одам қанд касали билан оғриган ва қонида қанд миқдори ошиб кетган. Оëқ ва қўлларининг бармоқлари аллақачон қорайишни бошлаган¸ лаблари кўкариб кетган. Бу гангренанинг бошланиш аломатлари экан. Демак¸ Норбой Холжигитовга ҳам қамоқда ҳеч қандай тиббий ëрдам кўрсатилмаяпти экан. Бунақа одамни қамоқдан чиқариш керак. Ташқарида унга ëрдам берилиши¸ даволаниши керак. Лекин Ўзбекистон ҳукумати бу ишни қилмаяпти.

Шунинг учун мен Гулнора Каримовага хат ëзишга мажбур бўлдим. Мен унга Ўзбекистондаги ëш сиëсатчи ва инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистоннинг БМТдаги элчиси сифатида мурожаат қилдим. Гулнора Каримованинг отаси орқали бу одамларни қамоқдан чиқаришга бемалол қурби етади. Бу унинг вазифаси. Кўрамиз¸ бунга қандай жавоб бўлади¸ дейди Абдужалил Бойматов.

Аъзам Турғунов қамалишидан олдин Ўзбекистон қамоқхоналаридаги аҳвол ҳақида хавотирли сўзларни айтганди:

- Ўзбекистонда қийноқлар бўлаëтгани ҳақида Ван Бовен бир неча йил олдин гапирди. Ўша пайтдан бери кучайса кучайдики¸ сусайгани йўқ. Очиқ олиб қарасак¸ бу миллий фожеа¸ деган эди Аъзам Турғунов.

Бугун эса унинг ўзи қамоқхонада.

Ўзбекистонга нисбатан Европа Иттифоқи жорий этган санкциялар тўлалигича сақланган пайтда қамоққа ташланган айрим журналист ва инсон ҳуқуқларининг озодлиги Иттифоқ ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо объектига айлангани маълум. Октябр ойида Ўзбекистонга қарши жорий этилган қурол-аслаҳа эмбаргоси қайта кўриб чиқилади.
XS
SM
MD
LG