Линклар

Бугун Афғонистон мустақиллик кунини нишонлайди



Афғонистон бугун ўз мустақиллигининг 90 йиллигини нишонлайди.

1919 йилги Учинчи инглиз – афғон уруши Афғонистоннинг Британия империясига қарамлигидан озод бўлиши билан якунланган эди.

Афғонистон мустақиллигининг 90 йиллиги бу йил пайшанба, 20 августда ўтадиган мамлакат президенти сайлови арафасига тўғри келди.

Мустақиллик куни ва президент сайлови арафасида Толибон ҳаракати бутун Афғонистон бўйлаб қўпорувчилик ҳаракатларини кучайтириб юборди.

Кеча Кобул шарқида содир этилган портлаш оқибатида камида етти киши, жумладан, БМТнинг маҳаллий икки ходими ва халқаро кучлар аскарлари нобуд бўлди, 50 дан зиёд фуқаро эса жароҳатланди.

Шунингдек, мамлакат шарқида йўл четига ўрнатилган бомба портлаши оқибатида АҚШнинг икки аскари ҳалок бўлди.

Ўрузғон вилоятида эса жонкечди шахс ўзини полиция назорат пункти олдида портлатиб юборди. Оқибатда уч ҳарбий ва тинч аҳоли вакилларидан икки киши нобуд бўлди.

Айни пайтда инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва журналистлар Афғонистон ҳукуматининг маҳаллий ҳамда хорижий журналистларга сайлов куни юз бериши мумкин бўлган зўравонликлар тўғрисида хабар тарқатмаслик тўғрисидаги чақириғини қораламоқда.

Толибон ҳаракати сайловни бузамиз, деб таҳдид қилган эди.
XS
SM
MD
LG