Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:36

Қирғизистон афюн таҳдиди остида


Кўкнори халқаро наркомафияга йил сайин 1.5 триллион долларгача даромад келтирмоқда.
Кўкнори халқаро наркомафияга йил сайин 1.5 триллион долларгача даромад келтирмоқда.

Кунига банг моддалари билан боғлиқ олти жиноят содир этилаётган Қирғизистон наркотик ноқонуний савдоси ҳамда наркотрафиги ривожланган давлатга айланиб қолиш хавфи остида қолаётир.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг 2009 йил биринчи ярим йиллигида наркотикларга қарши кураш тўғрисидаги ҳисоботи билан танишган мутахассислар мана шундай ташвиш билдирмоқдалар.

Халқаро кузатувчилар дунёдаги афюннинг 90 фоизи Афғонистонда етиштирилиши ва бу банг моддалари асосан Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон орқали Ғарб давлатларига олиб ўтилиши ҳақида гапириб келадилар.

Қирғизистонлик мутахассислар ҳам бу маълумотнинг ҳақиқат эканини эътироф этган ҳолда, мамлакатнинг наркотик моддалар олиб ўтилувчи транзит йўлагига айланиб қолгани ижтимоий вазиятга жуда қаттиқ салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлайдилар.

Маълумотларга кўра, наркотик транзит йўлагига айланган Қирғизистоннинг жанубий вилоятларида гиёҳвандлар сони кундан кунга кўпайиб бормоқда ва бу ҳудуд ОИТС касаллиги тарқалиши бўйича минтақадаги энг олдинги ўринни эгаллайди.

- Банг моддаларининг асосий қисми жанубий вилоятларда мусодара қилинган. Бу мазкур ҳудуднинг қулай географик жойлашуви билан боғлиқдир. Наркотикларнинг асосий қисми мана шу ҳудуддан олиб ўтилади, деди Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги расмийси Раҳматилло Ахмедов.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги расмийсининг айтишича, 2009 йилнинг олти ойи мобайнида наркотик моддалар билан боғлиқ 946 жиноят иши очилган ҳамда 1 тонна 241 килограмм банг моддаси мусодара қилинган.

Айни пайтда халқаро ташкилотлар Қирғизистон ҳудудидан олиб ўтилаётган наркотик моддаларнинг фақат 10 фоизигина мусодара қилинади, қолган 90 фоизи эса ўз манзилига етиб боради, деб ҳисоблайдилар.

Бишкеклик сиёсатшунос Ўрўзбек Мўлдалиев халқаро ташкилотларнинг хулосасига қўшилади.

- Нафақат Қирғизистонда, балки дунёнинг бошқа давлатларида ҳам банг моддаларининг 10 фоизга яқинигина қўлга тушади. Бунинг сабабларидан бири, наркотик савдосига айрим ҳукумат амалдорлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг аралашиб қолаётганидир. Шунинг учун ҳам наркотиклар ноқонуний айланмасига қарши кураш самараси кўнгилдагидай эмас, дейди сиёсатшунос.

Маълумотларга қараганда, наркотик моддалари ноқонуний савдоси дунёдаги энг кўп фойда келтирадиган тармоқлардан биридир. Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, ҳар йили наркомафия 500 миллиард доллардан 1,5 триллион долларгача бўлган миқдорда даромад олади. Бу эса жаҳон қонуний савдо айланмасининг 8 фоизига тенг бўлган маблағдир.
XS
SM
MD
LG