Линклар

Чўчқа гриппи пандемияси давом этаётгани боис бу йилга ҳаж мавсумида Маккага борадиган зиёратчилар сони чекланадиган бўлди. Бу ҳолат Ҳаж зиёратига тайёргарлик кўраётган ўзбекистонлик мусулмонларни ҳам хавотирланмоқда.

Бу йилги Ҳаж мавсуми учун чекловларни жорий қилишга оид тавсиялар ўтган ой охирида Саудия Арабистонида A/H1N1 вирусидан бир кишининг нобуд бўлишидан кейин пайдо бўлди.

Шу пайтгача Саудия Арабистонида чўчқа гриппидан камида олти киши ўлди ва касаллик минглаб одамга юқиб бўлди.

Вазият жиддийлашган сари касаллик тарқалишининг олдини олишга қаратилган чоралар ҳам кучайтирилмоқда.

Саудия Арабистони соғлиқни сақлаш вазирлиги чиқарган махсус кўрсатмаларга кўра, мамлакатга кириш нуқталари, яъни аэропорт ва портларда назоратни кучайтириш тавсия қилинади. Мамлакатга кираётган зиёратчилардан сурункали ва бошқа юқумли касалликлари йўқлигини тасдиқловчи маълумотномалар кўрсатиш талаб этилади. Шунингдек, 65 ёшдан каттароқ, ҳомиладор, сурункали касаллиги бўлган ва 5 ёшдан кичикроқ бўлган зиёратчиларга бу йил Ҳаж ва умра зиёратини қолдириш тавсия қилинади.

Айтиб ўтиш керак, бу кўрсатмалар мажбурий эмас, тавсия тусига эгадир.

Ўзбекистонда эса бу тавсияларга жиддий ёндошилаётган кўринади.

Қўқонлик Равшан ака исмли тингловчимизга кўра, Ўзбекистонда умра зиёрати бутунлай қолдирилган ва Ҳаж зиёрати ҳам қолдирилиши мумкин.

- Аямлар Қадр кечасига умрага бормоқчи эдилар. Ўша йўқ бўлибди. Фарғона бўйича аям билан бирга 300 киши Қадр кечасига кетишаëтган эди. Ҳозир Фарғона вилояти муфтиятидан билсак¸ қўқонлик Саидаъзамхон аканинг телефон қилиб айтишича¸ Тошкентдан муфтиятдан келиб: "Рамазон ойида умрага борадиганларнинг пулини қайтиб беринглар", дейишипти. Ҳажгача чўчқа гриппининг вакцинаси топилса ва одамлар эмланса¸ Ҳажга борилар экан. Агар эмланмайдиган бўлса¸ Ҳаж ҳам қолдирилар экан, деган гап-сўз бор, дейди қўқонлик суҳбатдошимиз.

Айни пайтда, Саудия Арабистони Ҳаж ишлари вазирлиги мутасаддисининг Озодлик радиосига айтишича, умра ва Ҳаж ибодатларини бутунлай қолдириш ҳақида гап йўқ.

Бундан ташқари, Ҳаж вазирлигининг ўзини таништирмаган ходимининг айтишича, сўнгги кўрсатмаларга кўра, чекловлар фақатгина Ҳаж ибодати учун бўлиб, 65 ёшдан каттароқ ва 12 ёшдан кичикроқ зиёратчиларга қўлланилади.

- Ҳукумат умра зиёрати учун ҳеч қандай чеклов жорий қилгани йўқ. Лекин Ҳаж ибодати учун муайян чекловлар бор, улар фақат 65 ёшдан каттароқ ва 12 ёшдан кичикроқ бўлганларга тааллуқлидир. Бошқа ҳеч қандай чеклов йўқ, дейди Саудия Арабистони Ҳаж ишлари вазирлигининг ходими.

Демак, жумладан, Ўзбекистон фуқароларининг умра зиёратини адо этишлари учун ҳам ҳеч қандай чеклов йўқ.

Ўзбекистон дин ишлари бўйича қўмитаси раиси Ортиқали Юсуповнинг қабулхонасида телефонга жавоб берган ходим вазиятни изоҳлашдан бош тортди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, А/H1N1 вируси пандемиясига оид вазият жиддийлигича қолмоқда. Хусусан¸ Марказий Осиё мамлакатлари орасида Қозоғистонда чўчқа гриппига чалинганлар қайд этилган.

Доктор Каролин Браун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг H1N1 вируси пандемиясини бартараф қилиш ҳаракатларида қатнашаётган мутахассислардан бири.

- Марказий Осиёдаги вазият ҳақида гапирадиган бўлсак, ҳозирда Қозоғистонда вирус 17 кишига юққани тасдиқланди. Қолган тўрт мамлакатда ҳам вирус юқтирилгани гумон қилинаётган ҳолатлар бўйича лаборатория текширувлари ўтказилмоқда, дейди ЖССТ мутахассиси.

Шунингдек, доктор Браунга кўра, ЖССТ фуқароларнинг сафар қилишига оид тавсиялари давлатлар ҳукуматлари кўраётган чоралардан фарқ қилади.

- Бизнинг ягона тавсиямиз касал одамлар, хусусан, грипп аломатлари бўлган беморларга сафар қилмасликни маслаҳат беришдан иборатдир. Бу ҳозирда биз эълон қилган ягона тавсиядир¸ дейди доктор Браун.

ЖССТ вакилининг қўшимча қилишича, ҳар бир давлат пандемиянинг олдини олиш ёки уни бартараф қилиш бўйича чораларга оид қарорни ўзи чиқаради ва улар ЖССТ тавсияларига мос бўлиши шарт эмас.

Айни пайтда бошқа мамлакатларда ҳам умра ва Ҳаж зиёратига отланаётганларга нисбатан чекловлар жорий қилинмоқда.

Масалан, Эронда ҳам ибодатлар бутунлай бекор қилинмаган бўлса-да, зиёратчиларга сафарни қолдириш тавсия қилинган ва Саудия Арабистонига самолётлар бекор қилинган.

Озодлик радиоси Эрон хизмати мухбири Мино Бахормазнинг айтишича, расмийлар бу чораларни аниқ изоҳлаётгани йўқ.

- Тўққиз кун аввал Саудия Арабистонига барча авиақатновлар Рамазон ойи охиригача бекор қилинганини эълон қилишди ва бунга чўчқа гриппини сабаб қилиб кўрсатишди. Чунки¸ расмийларга кўра¸ Эронда қайд этилган А/H1N1 вируси ҳолатларининг учдан икки қисми айнан Саудиядан олиб кирилган.

Лекин душанба куни Эрон Ташқи ишлар вазири Манучеҳр Муттақий Саудия Арабистонининг Теҳрондаги элчиси билан учрашгани ва учрашув пайтида Саудия расмийлари эронлик зиёратчиларга нисбатан ёмон муносабатни тўхтатгандагина самолётлар қатновини яна йўлга қўйилишини маълум қилганини баён этди. Яъни бу ерда асосий сабаб сифатида, чўчқа гриппи эмас, сунний саудияликларнинг шиа мазҳабидаги эронликларга нисбатан ёмон муносабати кўрсатилмоқда, дейди эронлик журналист.

Айтиб ўтиш жоизки¸ ҳар йили Ҳаж сафарини адо этадиган эронликлар сони бир неча юз минг кишини ташкил қилади.

Озод Ироқ радиосининг директори Сергей Данилочкинга кўра, араб давлатларининг баъзилари ҳам умра ва Ҳаж ибодатлари пайтида зиёратчилар сонини чеклашга оид тавсияларни қабул қилган.

- Ўтган ойда араб давлатларининг соғлиқни сақлаш вазирлари Мисрда тўпланиб, бу масалани муҳокама қилишди. Улар диний ибодатлар бўйича мутахассис бўлмаган кишилар сифатида, масалага тиббий нуқтаи-назардан ёндашган ҳолда, муқаддас зиёратлар пайтида муайян чоралар кўрилишини таклиф қилишди. Бу чоралардан бири ўлароқ зиёратчиларнинг ёши белгилаб олиниши тавсия қилинди. Мақсад бу муҳим ва шу билан биргаликда оғир шароитларни тақозо қиладиган муқаддас зиёратни жисмонан кучли ва соғлом кишилар адо этишини таъминлашдан иборатдир. Яъни 12 ёшдан кичик, 65 ёшдан каттароқ, ҳомиладор аёллар, касалванд кишиларга бу йил Ҳаж зиёрати тавсия қилинмаяпти, дейди журналист.

Ўтган йили Ҳаж зиёратини уч миллионга яқин мусулмон адо этганди. Бу йилги чекловлар нафақат зиёратчилар, балки Ҳаж мавсумида катта даромад кўрадиган саудиялик тадбиркорларни ҳам хавотирга солмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG