Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:01

Бағдодда портлашлар содир этилди


19 август куни содир этилган портлашлар Ироқ осмонини қора тутунга тўлдирди.
19 август куни содир этилган портлашлар Ироқ осмонини қора тутунга тўлдирди.

19 август куни содир бўлган камида олтита портлаш Ироқ пойтахти Бағдодни ларзага келтирди. Оқибатда 75 киши нобуд бўлди, 300 дан зиёд фуқаро тан жароҳати олди.

Озодлик радиосининг Бағдоддаги мухбири Саъд Комил сўзларига кўра, бугунги портлашлардан энг кучлиси ва энг кўп талафот кўрилгани Ташқи ишлар вазирлиги биноси олдида содир этилган.

- Энг талафотли портлаш Ташқи ишлар вазирлиги биноси олдида рўй берди. Бу ерда кичик ҳажмдаги юк машинаси портлатиб юборилди. Оқибатда Ташқи ишлар вазирлиги биносининг олд томони вайрон бўлди. Унга туташ турар-жой биноларига ҳам жиддий зарар етказилди, деди Саъд Комил.

Айни пайтда полиция ва қутқарувчилар хизмати портлашлар рўй берган ҳудудда қутқарув ишлари давом этар экан, нобуд бўлганларнинг сони янада ортиши мумкинлигини таъкидламоқдалар.

Бағдоддаги биринчи портлашлар эрта тонгда Молия вазирлиги биноси олдида содир этилди. Ҳеч қанча вақт ўтмай Ташқи ишлар вазирлиги биноси олдида ҳам кучли портлаш рўй берди.

Қолган портлашлар эса Бағдоднинг Байя ва Боб ал-Муадҳам савдо марказларида содир этилган.

Саъд Камол Ташқи ишлар вазирлиги олдида содир этилган портлашга шахсан гувоҳ бўлган:

- Шахсан ўзим 40 дан зиёд жасадни кўрдим. Бироқ портлаш оқибатларини бартараф этишда ўт ўчирувчилар ошиғич ҳаракат қилмадилар. Улар жабр кўрганларни қутқариш ва ўтни ўчириш ўрнига томошаталабларни ортга суриш ва журналистларнинг расмга олишга йўл қўймаслик билан овора бўлдилар, дейди Саъд Камол.

АҚШ қўшинлари июн ойида Ироқнинг йирик шаҳарларини тарк этганидан буён бугунги портлашлар Бағдодда энг кўп талафот кўрилган ҳужумлардан бири бўлди.

Мазкур портлашлар учун масъулиятни ҳозирча ҳеч қайси гуруҳ зиммасига олгани йўқ.

Сўнгги пайтда Ироқ бўйлаб содир этилаётган зўравонликлар Ироқ расмийларининг АҚШ кўмагисиз мамлакат хавфсизлигини ҳимоя қила олмаслиги борасидаги ташвишларни янада кучайтирди.

АҚШ қўшинлари июн ойида Ироқ шаҳарларини тарк этгандан буён мамлакат бўйлаб талайгина ҳужумлар уюштирилди.
XS
SM
MD
LG