Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:44

Фермер аёлга янги айбловлар қўйилмоқда


Оязимхон Хидировани ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари доимо ҳақсизликка қарши курашиб келган жасоратли аёл сифатида таърифлашади.
Оязимхон Хидировани ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари доимо ҳақсизликка қарши курашиб келган жасоратли аёл сифатида таърифлашади.

Йигирма уч кундан буён қамоқда сақланаётган Ўзбекистон Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти Арнасой туман бўлими раҳбари Оязимхон Хидировага яна учта айблов эълон қилинди. Бу ҳақда Озодликка жиззахлик ҳуқуқ фаоли Зиёдилло Раззоқов маълум қилди.

Фермерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, маҳаллий ҳокимият ва прокуратуранинг ғайриқонуний ишларини доим танқид қилиб келган Оязимхон Хидированинг тўқима айбловлар билан узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилиш эҳтимоли борлиги ҳуқуқ ҳимоячиларини ташвишга солмоқда.

Оязимхон Хидирова шу кунгача Ўзбекистон ЖКнинг 272-моддаси 2-қисми – “Безорилик”, 184-модданинг 2-қисми - “Солиқ тўлашдан бош тортиш” ва 205-модда - “Мансабни суиистеъмол қилиш”¸ 168-модда - “Фирибгарлик” моддалари билан айбланаётган эди.

Жиззахлик инсон ҳуқуқи фаоли Зиёдулла Раззоқовнинг айтишича, 18 август кунги тергов давомида у яна янги учта жиноий модда бўйича сўроқ қилинган:

- Янгилари бу – 228-модда - “Ҳужжатларни қалбакилаштириш”¸ 167-модда - “Камомад келтириш”¸ 166-модда - “Талон-тарож”. Еттита модда билан айб эълон қилмоқчи булар¸ дейди Зиëдулла Раззоқов.

Аслида Фарғона водийсидан бўлган Оязимхон Хидирова ҳозир 35 ёшда. Ҳуқуқ фаоли Маъмуржон Азимов унга "жиккаккина, чўрткесар ва ҳақиқатни юзга айтадиган аёл" дея таъриф беради.

- Оязимхонда шундай жасорат бор эдики¸ у қандай раҳбар бўлишидан қатъий назар¸ уларнинг камчилигини йиғилишларда шартта туриб гапирарди. Уларнинг қилаëтган ноқонуний ҳаракатларини¸ жиноятларини шартта туриб юзига айтарди. У ҳеч нарсадан қўрқмасди ҳам¸ қайтмасди ҳам. Шундай ўтюрак аëл эди. Раҳбарларга камчиликларини жамоатчилик ичида айтарди¸ дейди Маъмуржон Азимов.

Унга қўйилган айбловлардан бири солиқдан бош тортиш. Лекин, Маъмуржон Азимовнинг айтишича, агар шу модда қўлланадиган бўлса¸ вилоятдаги барча фермерлар қамоққа олиниши керак:

- Оязимхон Хидирова солиқ тўлашдан бош тортмаган. Чунки солиқнинг ўз вақтида тўланмаëтганлиги фермернинг айби билан бўлаëтгани йўқ. Оязимхон Хидирова “Бошқа фермерлар ҳам жасоратли бўлса”, деб орзу қиларди. Фермерлар Оязимхон бўладиган йиғилишларда эркин ўтиришарди. Оязимхон Хидировага суянишарди¸ ишонишарди¸ дейди Маъмуржон Азимов.

Аслида кетмон чопиб катта бўлган бу қишлоқ қизи, аввал фермер бўлди, кейин “Бухоро” сувдан фойдаланиш уюшмаси раҳбари этиб тайинланди. У шўр ерларни ўз кучи билан ер қилди:

- Катталарнинг орқасидан юриб¸ экскаватор олиб кавлатиб, бу ерда шундай пахта бўлди. 24 гектар эмас¸ 26 гектарини ер қилиб олдим¸ деган эди Оязимхон Хидирова.

Лекин у орзу қилган кунлар келмади, фермерлар бойиб кетмади, маҳаллий раҳбарлар уларни эркин ишлашга қўйишмади. Оязимхон бундай тартибга чидай олмади. 2007 йилда Озодлик радиосига берган интервюсида у шундай деган эди:

- Бир кунда икки маҳал мажлис бўлади. Кечқурун соат 21.00 да бошланади¸ 24.00 да чиқиб кетамиз. Эрталаб соат 05.00 да бошланади. Соат 07.00 да одамларимизни пахтага жўнатиб қайтамиз. Унда ҳам “бошида турасан” деган сиëсат. Ҳар хил одамлар келиб кетади. Ҳали униси: “Мен каттаман, сен ундай қилмаяпсан”¸ ҳали буниси: “Мен каттаман, сен бундай қилмаяпсан”, дейди. Тушунмай ҳам қолдим. Одамнинг миясини ачитиб¸ жинни қилиб ташлаяпти.

“Аҳолини чиқарайлик, фермерлар қийналиб кетди, айбимиз пахта экканимизми?” десак¸ “Сен кимсан, нимага сенинг тилинг узун бўлиб қолди? Биз хоҳлаган одамимизни қўямиз. Биз айтган гап билан иш қиласан. Агар бизга гап қайтарадиган бўлсанг¸ сразу аризангни ëз. Бизнинг айтганимизни қилмасанг¸ давлат сиëсатига қарши чиқаяпти, деб қамаб юборамиз ëки ерингни оламиз” деб прокурор Жиззахдан бир милицияни¸ ëнида бир каттани олиб келибди¸ деган эди Оязимхон Хидирова.

Оязимхон ҳуқуқ фаоли сифатида фермерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилди. Раҳбарларга камчиликларни рўй-рост айтди. Ўз ҳақини, фермерлар ҳақини талаб қилди. Ҳуқуқ фаоли Бахтиёр Ҳамроев фикрича, уни қамоққа туширган сабаблар бир нечтадир:

- Оязимхон, биринчи навбатда, ҳуқуқ ҳимоячиси. Қишлоқ хўжалик сектори коррупциялашиб кетган. Айнан мана шу коррупциялашиб кетган жамиятдаги барча инқирозларни¸ барча бўлаëтган воқеаларни айнан президентга¸ Бош прокуроратурага¸ МХХга – ҳамма ерга ўз мурожаатини қилган. Шуниси жуда ачинарлики¸ Оязимхонга жавоблар Тошкентдан келган. “Оязимхон ëзган шикоятлар бўйича текширувлар ўтказилсин, жавоби 28 июн куни Тошкентга жўнатилсин” деган нарса Омбудсмандан ҳам келган¸ Бош прокуратурадан ҳам келган¸ президент идорасидан ҳам келган¸ Акмал Саидовнинг идорасидан ҳам келган. Шуниси қизиқки¸ айна 28 июн куни буни қамоққа олишаяпти¸ дейди Бахтиëр Ҳамроев.

Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Зиёдулла Раззоқовнинг айтишича, Оязимхоннинг очиқда қолиши ғайриқонуний иш қилиб юрган маҳаллий раҳбарларга ёқмасди, чунки оддий фермерлар секин-секин ўз ҳақларини таний бошлаган эдилар:

- Бутун ҳақиқатни рўëбга чиқарадиган аëллар бизнинг жамиятимизда керак эмас¸ раҳбариятга керак эмас. Уларнинг мақсади бундай одамларнинг фаолиятини чеклашдан иборат¸ дейди Зиëдулла Раззоқов.

Оязимхон Хидировага қўйилган айблардан бири безорилик. Яъни бор-йўғи 45-50 килограмм тош босадиган бу муштдек аёл сувдан фойдаланиш уюшмаси раҳбарини калтаклаган. Оязимхоннинг ўзи буни тўла рад этмайди. Раҳбар одам уни:

- У гап¸ бу гап билан ҳақоратлади. “Сен бу ëққа кел, ҳақоратлаëтган тилингни оғзингдан юлиб оламан” деб шундай кўйлагидан тортган эдим¸ кийими йиртилиб кетиб, яна ҳақоратлади. “Менинг онамни сўккунча¸ ўзингнинг онангни сўкиб қўя қол” десам¸ аччиқ устида бир тепди¸ деган эди Оязимхон Хидирова.

Оязимхон онасини ҳақорат қилишганидан сўнг, раҳбарни юлиб, унинг баданига тирноғини ботириб олган. Бу судмедэкспертиза хулосасида ҳам бор. Раҳбар киши жабрлангани ҳақида дарҳол милицияга мурожаат қилган. Оязимхонни шу айблов билан қамоққа олишди, кейин бошқа айбловлар қўшила борди.

Бу калтакланган раҳбарни ўйлаб туриб, машҳур футболчи Зайниддин Зидан эсга тушади. Ўшанда у рақиб футболчиларни бирига калла қўйган эди онасини ҳақорат қилгани учун. Ҳар ҳолда, Оязимхон Зидан эмас - калла қўйишга бўйи етмабди.
XS
SM
MD
LG