Линклар

Бир ярим йил аввал Ўзбекистонда жиноят содир этганликда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларни қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтганига қарамай, амалда ижобий ўзгаришлар кузатилмаяпти.

Ўзбекистондаги “Экспертлар ишчи гуруҳи” фаоллари Habeas corpus институти бўйича мониторинг ўтказиб шундай хулосага келган.

“Habeas corpus” атамаси лотинчада “шахсни судга келтириш” деган маънони англатади. Соҳа мутахассисларига кўра, бу қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасининг судларга ўтказилиши ва шахс судга келтирилган ҳолдагина унга нисбатан бу турдаги эҳтиёт чорасини қўллаш демакдир.

“Экспертлар ишчи гуруҳи” фаоли Суҳроб Исмоиловга кўра, “Habeas corpus” институти бўйича ўтказилган мониторинг натижасида Ўзбекистонда айни соҳада кўплаб муаммолар мавжудлиги аниқланган.

- Масалан¸ энг катта муаммолардан бири судянинг битта шахсга нисбатан ва битта иш доирасида эҳтиëт чорасини белгилашда бевосита қатнашиши ва кейинчалик худди шу судянинг ўзи ишни биринчи инстанция судларида кўриб чиқилишида қатнашиши. Бу Habeas corpus тизимининг принципларига мутлақо зид бўлган ҳолат ҳисобланади. Судя кейинчалик мана шу шахсга тегишли ишни биринчи инстанция судида кўриб чиқаëтганида¸ албатта ўзининг санкция бериш пайтидаги хатоларини ëки қонунбузарликларини кўрмасликка ҳаракат қилади, дейди Суҳроб Исмоилов.

Ҳуқуқ фаолининг айтишича, Ўзбекистонда жиноят содир этганликда гумон қилинаётган шахсга уни қамоқда ушлаб туриш учун оғирлаштирилган айбловларни қўйиш ҳолатлари ҳам кўплаб кузатилаяпти. Шунингдек, Суҳроб Исмоилов бошқа ҳолатларга ҳам тўхталади.

- Алоҳида шахсларга тегишли¸ фуқароларга тегишли жиноят ишларида кўрилаëтган санкциялаштириш жараëни бўйича ишларни кузатганимизда шунинг гувоҳи бўлдикки¸ бу ҳолатларда судлар бевосита прокуратура ëки давлат айбловчиси вазифасини бажаришга ҳаракат қилишаяпти¸ шунга мойиллик жуда ҳам кучли. Кўп ҳолатларда давлат айбловчиси ëки прокуратура вакили шахсни суд ҳукмидан олдин қамоқда ушлаб туриш каби эҳтиëт чорасини қўллашни сўраб¸ битта ëки иккита асос келтирган бўлса¸ судлар прокуратура ходимининг вазифасини ўзига олиб¸ ҳатто қонун бунга йўл қўймаса ҳам, тўртта-бешта янги асослар қўйиб ташлашаяпти. Суд ва прокуратура ходимлари жиноят ишларида айблов позициясидан туриб иш кўришаяпти, дейди Суҳроб Исмоилов.

Адвокат Руҳиддин Комиловга кўра, айни соҳада шакл ўзгаргани билан мазмун ўз ҳолича қолган.

- Шакли ўзгарди-ю¸ мазмун ўзгаргани йўқ. Санкция бериш ҳуқуқи прокурорда эмас. Шу холос. Битта расмиятчилик бўлди. Прокурор судда тақдимнома билан олдин сўзга чиқадиган бўлди ва суд унга ҳеч иккиланмасдан қарор чиқариб берадиган бўлди. Қанақадир кўзбўямачилик десак ҳам адашмаган бўламиз. Шу пайтгача иштирок этаëтган ишларнинг бирортасида, мисол учун, бир асосли далиллар келтирган тақдиримизда ҳам эҳтиëт чорасини ўзгартирмасдан қамоққа олиш ҳолатлари учраган.

Мисол учун, Дилмурод Саййидни олайлик. Мен Дилмурод Саййиднинг адвокати бўла туриб¸ Самарқанд шаҳар жиноят ишлари бўйича суди унга санкция берган¸ мени судга киритишгани йўқ. Бу жараëнда биз танимаган адвокат иштирок этган. Қанақа бу Habeas corpus бўлади?

Habeas corpusни биз халқаро миқëсда оладиган бўлсак¸ бошқача тушунилади. Ўзбекистонда унинг ўзига хос ва мос талқини бор-да. Ўзбекистонда қонунчиликни мустаҳкамлаш¸ адолат йўлида ҳеч бир қотириб иш қилаëтгани йўқ, дейди адвокат.

Ўзбекистонда мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов Ўзбекистонда халқаро Ҳабеас корпуси институти асосларининг жорий қилинганини ижобий баҳолайди. Бироқ Суръат Икромовга кўра, бу борада ижобий натижага эришиш учун, аввало, Ўзбекистон судлари мустақил бўлиши лозим.

- Судлар мустақил эмас. Буларга юқоридан буйруқ билан санкция бериш талаб қилинади. МХХ органлари бўладими¸ ИИВ тергов органлари бўладими – ўша одамларни олиб келишаяптими¸ бу ҳолатларда судяларга босим ўтказилади ëки юқоридан буйруқ берилади. Судялар мустақил бўлиши керак, яъни уларга ҳеч ким босим ўтказа олмаслиги керак. Судяларга босим ўтказганлар қонун бўйича қонун олдида жавоб беришлари керак. Лекин, афсуски, бундай бўлмаяпти. Судяларнинг ҳаммаси тепадан нима буйруқ бўлса¸ ўшани бажаришаяпти. Замон зўрники бўлиб қолаяпти. Юқори ижроия органларнинг гапи гап бўлиб қолаяпти¸ талабини бажаришга судяларни мажбур қилишаяпти, дейди Суръат Икромов.

Сиёсий таҳлилчи Тошпўлат Йўлдошев фикрича, расмий Тошкент ўлим жазосини бекор қилиш ва қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқини судларга бериш орқали сиёсий манфаатларни кўзлаган эди.

- Ўзбекистон ҳукумати халқаро ҳамжамиятнинг босими натижасида¸ уларнинг талаби натижасида “Мана, бизда ҳам демократик ўзгаришлар юз беради” деб шу ишни қилган эди. Бу қадами билан Ғарб мамлакатлари билан алоқасини яхшилашга ҳаракат қилди ва шунга эришди ҳам. Яъни Ўзбекистонга нисбатан санкциялар юмшатилди¸ маълум даражада инвестициялар кела бошлади¸ ҳар томонлама савдо-иқтисодий алоқалар анча ривожланди. Бу жиҳатдан Ўзбекистон ютиб чиқди.

Лекин бу иш Ғарб мамлакатлари кутгани сингари натижа бермади. Прокуратурадан суд системасига санкция бериш ҳуқуқи берилганлиги умуман ҳеч қандай ўзгаришларга олиб келмади. Прокуратура бўладими¸ суд системаси бўладими - санкция бериши фақат президент аппаратига¸ унинг ўзига¸ махсус хизматларга боғлиқ. Бу ҳеч қандай кўзга кўринарли даражада ўзгаришларга олиб келгани йўқ. Шаклан ўзгариш бўлгани билан амалда ҳеч қандай ўзгариш йўқ, дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Ўзбекистон Олий суди раиси Бўритош Мустафаев Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига берган интервьюсида “бугунги кунда “Habeas corpus”нинг барча талаблари миллий қонунчиликда ўз ифодасини топган”и ва амалда ҳам ижобий натижаларга эришилаётгани ҳақида гапирган.

2005 йилнинг 8 августида Президент Ислом Каримов “Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқини судларга ўтказиш тўғрисида”ги фармонни имзолаган.

2008 йилнинг 1 январидан айни фармон кучга кирди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси маълумотига кўра, ўтган йили мамлкат прокурорлари томонидан судларга гумондор шахсларни эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш борасида 16610 та илтимоснома киритилган бўлиб, шундан 16338 таси судлар томонидан қаноатлантирилган. Фақат 248 та илтимоснома рад қилинган.
XS
SM
MD
LG