Линклар

logo-print

Эркин микрофон

  • Барно Анвар

Марҳамат¸ +420 602 612 713 рақамига қўнғироқ қилинг, SMS хабарлари йўлланг - Озодликнинг эркин микрофони Сиз учун ҳам очиқ!

Марҳамат¸ +420 602 612 713 рақамига қўнғироқ қилинг, SMS хабарлари йўлланг - Озодликнинг эркин микрофони Сиз учун ҳам очиқ!

Озодликка тингловчи ва муштарийлардан йўлланаëтган SMS-хабарлар, бўлаëтган қўнғироқлар асносидаги суҳбатларда яна турфа мавзулар¸ турфа мулоҳаза ва истаклар Эркин микрофон рукнида жамланди.

“Қишлоғимизга газ келди”

Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидан қўнғироқ қилган суҳбатдошимиз бундан бир ой муқаддам бизга сим қоққан ва туманнинг бир неча қишлоқларида январ ойидан буён газ берилмаётгандан шикоят қилган эди.

Суҳбатдошимизга кўра, ўша суҳбат Озодлик эфири орқали ҳавога узатилганидан икки кун ўтиб, қишлоққа газ келган.

- Бизда тахминан 25 фоиз одам Озодлик радиосини эшитади. Сизлар эшиттириш бергандан кейин икки-уч куннинг ичида ëнди. Ҳозир бўлиб бўлмаяпти.

Озодлик: Демак¸ газ келган¸ лекин босими унчалик кучли эмас.

- Босими ҳам зўр деб айта олмайману¸ лекин ўртача. Мана бугун обедгача бўлса¸ обеддан кейин бўлмай ҳам қўяверади. Кечқурун ëндириб ҳам қўяверишади. Лекин олдинги ҳолатга қараганда яхши. Анча ўзгарди.

Озодлик: Чой қўйса¸ қайнаяптими?

- Ҳа¸ қайнаяпти. Қозонда бир-икки овқат ҳам қилдик, Худога шукур. Сизларнинг шу чиқишларингиздан кейин анча ўзгариш бўлди.

Озодлик: Биз бундан жуда хурсандмиз¸ лекин бу ҳали етарли эмас-да, тўғрими?

- Энди қиш мавсумига келаяпмиз. Газ бўладими ëки йўқми - бу ҳақда аниқ бир гап айта олмаймиз. Улар ҳам аниқ ваъда бериша олмаяпти. Пенсияни олиб келадиган почтачилардан баъзида: “Қишда газ бўлармикан ëки ўтини ғамлашни бошласакмикан?” деб сўрасак¸ “Биз билмаймиз, қиш келсин-чи кўрамиз, биз ҳозир бир нарса деб ваъда бера олмаймиз” дейишади. Улар пайти келса йўқ газга пул ушлашганда пенсионерлардан. “Ҳисоблагични бир кўрайлик, балки давлат қарздир” дейиш йўқ. Стандарт кетаверади. Қўл қўйиб олиб кетаверишади. Мана қиш келаяпти. “Газ аниқ бўлади” деган ваъдаларни бера олмаяпти. Бўлмаслиги ҳам мумкин. Чунки биз бир йил газсиз ўтирганмиз¸ дейди фарғоналик суҳбатдошимиз.

“Ўзбек ҳаққини яхши танийди¸ лекин...”

Андижонлик суҳбатдошимиз бизга мурожаат қилар экан, Озодлик эшиттиришлари иштирокчилари кўп бор тилга олган бир фикрга қатъий эътироз билдирди.

- Бир нарсани айтишим керак-да. Кўпинча бизнинг радио ва телевидениеда ҳам¸ газета ва журналларда ҳам¸ сизларнинг эфирларингизда ҳам: “Халқимиз ўз ҳақ-ҳуқуқларини билмайди, қонун-қоидаларни билмайди¸ тушунмайди” дейишади. Билади¸ тушунади. Оддий мисол билан айтсам¸ оғзидаги нонини олдириб қўяди. Кекирдагидан бўғиб олиб қўйса бўлади. Лекин ўшанга қўл кўтаришга ботинмайди. Нимага? Сабаби қўрқади. Халқимизда қўрқув бор.

Озодлик: Бу асоси бор қўрқувми ëки шунчаки бир ваҳимами?

- Асоси бор ҳам¸ йўқ ҳам¸ ваҳима ҳам – ҳаммаси аралаш. Мисол учун, мен шахсан ўзимни айтадиган бўлсам¸ мен инсон боласидан қўрқмайман. Ўлимдан ҳам қўрқмайман ўзи аслида. Чунки Яратган пешонамга нима ëзган бўлса¸ шу бўлади¸ ўзгача бўлмайди. Лекин менинг қўрқишим - ота-онам бор¸ ака-укаларим бор¸ қариндош-уруғларим¸ фарзандларим бор. Ана ўшаларнинг тақдиридан қўрқаман мен. Уларнинг емаган сомсага пул тўлашларидан қўрқаман. Ҳамма ҳам шунақа-да. “Э¸ қўй¸ тинчлик керак” дейди.

“Қўлингда турибди, шундай ушла, талаб қилиб олсанг бўлади-ку” деса¸ “Ҳозир мен унга ëмонлик қилсам¸ ҳаққимни талаб қилсам¸ эртага мени бошқа томондан кавлаб менинг расвоимни чиқаради, менга кучи етмаса¸ қариндош-уруғларимга ëпишади, ўзимга душман орттириб нима кераги бор”, дейди. Халқимизнинг 90 фоизи десам ҳам кам бўлиб қолса керак, менимча. Халқимизнинг 90 фоизи оддий халқ бўладиган¸ 10 фоизи катта раҳбарларимиз бўладиган бўлса¸ раҳбарларимиз ҳам қип-қизил ëлғончи қўрқоқлар-ку. Қўрқоқ бўлмаса¸ халқимизнинг шундай қашшоқликка¸ шундай азоб-уқубатга етиб борганини кўриб туриб¸ тахтидан¸ курсисидан кетиб қолмаслик учун индамаслиги учун улар биринчи ўриндаги қўрқоқлардир¸ дейди андижонлик суҳбатдош.

Суҳбатдошимизга кўра, Ўзбекистондаги ўта шавфқатсиз сиёсат ўзбек халқининг оғзига қулф солмоқда.

"Россияга борманг, синглим"

Россиянинг Астрахан областида ишлаб юрган хоразмлик меҳнат муҳожири куни кеча ўзи учратган уч юртдошининг аянчли тақдиридан бизга хабар берар экан, ўз миллатдошларининг феъл-атворидан куйинди.

- Мен сизга битта янгиликни айтсам бўлади. Мен Россияда¸ Астраханда ишлайман. Қўшни бригадада битта жойда учта хоразмлик йигитнинг паспортини олиб қўйган. Уч ой бўлиб қолибди бунга.

Озодлик: Ким олган паспортни?

- Иш берадиган доғистонлик одам олган. У томонда улар қурилишда ишлаган. Бир ой ўтгандан кейин пул сўраса¸ “Иш тугасин, кейин ҳисоб-китоб қиламан”, деган. Икки ой ишлаган бу йигитлар. Овқат-повқатнинг тайини бўлмагандан кейин бу уч йигит қочиб кетган. Далада ишлаб юришипти. Билмадим¸ уй томонга қанақа қилиб кетишади. Уларни Москвага боргунча¸ ҳар бир қадамида текширади. Бир тийин пули йўқ. Далада ишлаëтган пулларини ҳам нима қилишаëтганини билмайман. Энди ўзларидан ҳам ўтади-да. Биринчи навбатда, одамнинг ўзи сабабчи бўлади бундай ҳолатга. Келгандан кейин, биринчи навбатда, “Менинг иш ҳақим қандай бўлади?” деб сўрамайдими. Рози бўлса¸ ишласа¸ рози бўлмаса¸ ишламаса бўлади. Овқатини берса¸ юрипти¸ ойлик билан иши йўқ.

Озодлик: Уларга қандай ëрдам бериш мумкин? Уларни қандай ҳимоя қилиш мумкин?

- Энди уларга ҳеч қанақа ëрдам бўла олмайди. Уларнинг паспортини олиб қўйишган. Уларга ҳеч ким ëрдам бера олмайди. Озгина виждони бор одам бўлса¸ йўлкира ҳақини бериши мумкин. Бу ерда ҳозир одам деган ҳам тиқилиб кетган.

Озодлик: Одамлар нимага шунақа? Мана, мусофирчиликка борган. Ë ҳақини сўрамайди¸ ë эртасининг ташвишини қилмайди. Нимага шунақа?

- Бизларнинг одамларимиз бу ëққа келишдан олдин ҳеч нарсани ўйламайди. “Россияга борсак¸ пул топамиз. Ўзбекистондан Россия яхши. Ҳаммаси пул топиб келиб турибди. Бизлар ҳам яхши пул топамиз” деган ўй-фикр бор-да. Бу ерга келгандан кейин шароит бошқача. Ўзингизнинг ҳуқуқингизни билмасангиз¸ бу ерда сиз ҳеч нарса қила олмайсиз. Олдинги куними¸ “Моксвага бориб ишлайми, ишламайми?” деяëтган наманганлик битта қизни эфирга чиқардингизлар-ку.

Озодлик: Сизнингча, у Моксвага борсинми ëки бормасинми?

- Мен бормагани яхши, деб ўйлайман. Эркаклар бу ерда зўрға-зўрға ишлаб юрганда¸ қиз болаларга йўл бўлсин. Бу ерда юрган ўзбекистонлик қизлар бор. Кўрсангиз¸ эҳ-ҳеее... Кимнингдир сигарет чекиб юрганини¸ кимнингдир ароқ ичиб юрганини кўрганман бу ерда. “Борсанг¸ далада ишлайсан, у қиласан¸ бу қиласан” деб кўндиради. Бу ëққа олиб келгандан кейин иш берадиган одамга сотиб кетади - бўлди. Поездга чиқиб келгани билан бу ерда иш тайëр эмас. Текинга иш ҳар бир қадамда бор. Пулини ололмаса¸ қанақа бўлади у¸ дейди суҳбатдошимиз.

***

Азиз муштарий! Озодлик радиосининг эркин сўз микрофони сизлар учун доим очиқ. Марҳамат¸ +420 602 612 713 рақамига қўнғироқ қилинг, SMS орқали хабарлар йўлланг.
XS
SM
MD
LG