Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:00

Афғонистон: нигоҳлар Ҳилмандга қаратилган


Толиблар истеҳкоми ва қорадори етиштириладиган асосий вилоят ҳисобланмиш Ҳилманддаги овоз бериш натижаси мамлакатда барқарорлик ўрнатишнинг муваффақиятли бўлиши ёхуд аксинча таназзулга учрашини белгилаб бериши мумкин.

Бир ойдан бери давом этаётган ҳужумлар натижасида АҚШ ва Афғонистон кучлари жорий ҳафта бошида Ҳилманд вилоятининг маъмурий маркази ҳисобланмиш Навзад туманини ўз назоратларига олди.

Бир неча ҳафта аввал вилоятнинг 13 туманидан 10 тасида Толибон ҳаракати ҳукмрон бўлгани инобатга олинса, бу жиддий ютуқдир.

17 август куни Ҳилманд вилояти ҳокими Гулоб Мангал Навзад туманига бориб, ғалаба тимсоли ўлароқ Афғонистон миллий байроғини тикди ҳамда аҳолини президент ва маҳаллий-кенгаш сайловларида қатнашишга чақирди.

- Ҳаммамиз Афғонистон Исломий Республикаси кучлари ва халқаро қўшинларнинг жасорати ва қурбонликлари эвазига эришилган бу ғалабани мустаҳкамлашда биргаликда ишлашимиз даркор, токи Навзад туманининг барча бурчакларида тинчлик ҳукм сурсин ва унинг аҳолиси хавфсизликда яшаб, сайловда иштирок эта олсин, деди Ҳилманд ҳокими.

Бироқ бу баёнотга оломон ичидан жавоб қайтарган маҳаллий оқсоқоллардан бири ҳукумат аҳолининг сайловда қатнашишини истаса, тинчлик ўрнатиш ва аҳоли фаровонлигига оид жиддийроқ натижаларни кўрсатиши лозимлигини таъкидлади.

- Хавфсизлик таъминланмагунча¸ ҳеч ким сайлов варақаларини олгани келмайди ва ҳеч ким овоз беришга журъат қилолмайди. Бошқа минтақаларда уй қилган ва тадбиркорлик қилиш имконини топганлар аллақачон Навзаддан кетиб бўлди. Ишчилар, очлар ва тақдир ҳукмига ташлаб қўйилганлар тўрт девор ичидан чиқишга қўрқиб яшаяпти. Аввал барқарор тизимни яратинг, шундан кейин сизнинг олдиингизга келиб, сиздан ёрдам сўрайман, деди оқсоқол.

Бу манзара Ҳилманд вилояти аҳолиси сайловдан олдин икки ўт орасида қолганига оид чизгидир. Ҳилмандликларнинг аксарияти сайловда иштирок этишни истаса-да, хавфсизликнинг беқарорлиги ва сайловда иштирок этганликлари учун келгусида Толибон томонидан жазоланишлари мумкинлигига оид хавотирлар бор.

АҚШ, Британия ва Афғонистон ҳукуматининг 15 минг нафар қўшини иштирокидаги ҳарбий амалиётлар туфайли кейинги ҳафталарда Ҳилманднинг баъзи минтақаларида ютуқларга эришилган бўлса-да, вилоятнинг чекка жойлари ҳамон Толибон назоратида қолмоқда. Шимолдаги Вашир тумани, Над Али ва Навзад туманининг чекка минтақалари ҳам шулар жумласидан.

20 август кунги овоз беришда вилоятдаги 222 сайлов участкасидан 107 тасининг очилиши кутилмоқда, холос.

Толибоннинг ҳужумларни уюштиришига оид қўрқувлар ҳукуматнинг сайловчиларни овоз бериш участкаларига жалб қилиш уринишларидан устун келиши мумкин.

Муҳаммад Илиё Даий Озодлик радиоси афғон хизмати мухбири.

- Агар ҳукуматни ёқловчи кайфият билан Толибонга оид қўрқувларни солиштирадиган бўлсак, Толибоннинг ҳужумлар уюштириши билан боғлиқ хавотирлар анча кучлироқдир. Толибон ҳар қандай одамни қўрқитиши мумкин. Ой бошида Ҳилманд вилояти ҳокими билан Маргир туманига сафар қилгандик. Ҳоким маҳаллий аҳоли олдида чиқиш қилаётган пайтда Толибон жангарилари радио орқали одамларни “бу йиғинга борсаларинг¸ сизни қириб ташлаймиз”, деб қўрқитиб турди, дейди журналист.

Бундан ташқари, кейинги ойлар ичида 200 нафар инглиз аскарининг нобуд бўлгани Ҳилманд ва бутун мамлакатда барқарорликка қандай қилиб эришиш мумкин, деган баҳсларга сабаб бўлди.

Кейинги бир неча йил ичида Афғонистон ҳукумати ва унинг халқаро шериклари бир-бирларини Ҳилманд вилоятидаги назоратни Толибонга бой берганликда айблаб келди.

АҚШ, Британия ва Афғонистон кучларининг июл ойида бошланган ва сайловлар пайтида хавфсизликни таъминлашга қаратилган ҳарбий амалиётларига қадар вилоятда 9 минг инглиз қўшинининг бўлишига қарамасдан, Толибон Ҳилманддаги хуружлар шиддатини ошириб катта-катта минтақаларда ўз назоратини ўрнатишга муваффақ бўлганди.

15 август куни минглаб ҳилмандликлар президент Ҳамид Карзай иштирок этиши айтилган намойишга йиғилди. Лекин хавфсизлик чоралари етарли бўлмагани боис Карзай йиғилганларга телефон орқали мурожаат қилишга мажбур бўлди.

- Бу сайловлар Афғонистон учун ҳаёт-мамот масаласидир. Агар сиз, Ҳилманд халқи кучли ва яхши ҳукуматни сайлашга келсангиз, иншооллоҳ, бу билан Афғонистонга тинчлик ва тотувликни олиб келасиз, деди Карзай.

Айни пайтда, 18 август куни Кобулга сафар қилган АҚШ Сенатори Жон МакКейн Ҳилманд вилоятида эришилган сўнгги ютуқлар ғарбда муайян умидларни туғдираётгани ва Қўшма Штатлар қўшимча ёрдам кўрсатишга тайёрлигини баён қилди.

- Қўшинлар ҳамда моддий, иқтисодий ва бошқа турдаги кўмак сифатида қўшимча ёрдам кераклиги мен учун аёндир. Тушунишимча, қўшинлар кўлами жиддий тарзда кўпайтирилиши лозим ва бу борада Афғонистондаги Халқаро кучлар коалицияси ва АҚШ қўшинлари қўмондони генерал МакКристаллнинг тавсияларини кутаяпмиз, деди МакКейн.

Бироқ 18 август куни Афғонистон ҳукуматининг халқаро ва маҳаллий матбуотга мурожаат қилиб, сайлов куни рўй берадиган зўравонликларни ёритмасликка чақиргани, 20 август кунги овоз бериш пайтида хавфсизлик вазияти таҳликали бўлишига оид хавотирларга ҳисса қўшди.
XS
SM
MD
LG