Линклар

Бугун Афғонистонда сайлов


Ижтимиоий сўров натижаларига кўра, афғонистонлик сайловчиларнинг 45-46 фоизи Ҳамид Карзайни қўлламоқда.

Ижтимиоий сўров натижаларига кўра, афғонистонлик сайловчиларнинг 45-46 фоизи Ҳамид Карзайни қўлламоқда.

Асосий интрига, албатта, президент сайлови атрофида бўлади. Ҳамма – афғонистонликларнинг ўзлари ҳам, чет элликлар ҳам “Президент сайлови биринчи босқичдаёқ якунига етадими ёки иккинчи босқичга ўтадими?” деган савол жавобига қизиқмоқда.

Мамлакатни 8 йилдан буён бошқариб келаётган Ҳамид Карзайнинг лавозими номи дастлаб ўзгариб турди, сўнгги 5 йил давомида у президент, деб аталди. Эндиликда эса, президентликнинг иккинчи муддати учун "от солмоқда".

Ғалаба қилдим, дейиш учун у сайловчиларнинг 50 фоизи ва плюс битта овозини олиши керак.

Ижтимоий сўров натижаларига кўра, уни қўллаб-қувватловчилар 45-46 фоизни ташкил қилмоқда.

Афғонистон президентлиги учун 32 номзод, шу жумладан 2 аёл ҳам курашмоқда.

Кузатувчилар фикрича, Карзайнинг асосий ҳарифи собиқ ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ Абдуллоҳки, агар сайлов иккинчи босқичга ўтар бўлса, айнан шу номзод туфайли ўтади.

Яна икки кучли номзоддан бири - Рамазон Башардотнинг 10 фоиз, Ашраф Ғанининг 6 фоиз овоз олиши мумкинлигини ўтказилган сўров кўрсатди.

Президентликка номзодларнинг барчаси сайловга мустақил номзодлар сифатида кирмоқда. Бироқ кўпчилигининг ортида муайян сиёсий партиялар, кучлар, уруғлар бор.

Афғонистон президенти ваколатлари муддати 5 йил қилиб белгиланган. Бир шахс қаторасига икки муддатгина президентлик қилиши мумкин.

Конституцияга биноан президентликка номзод Афғонистон фуқароси, мусулмон ва камида қирққа кирган бўлиши керак.

Бундан олдинги президент сайлови 2004 йили БМТ ҳомийлигида ўтказилган, ўшанда сайловга 17 номзод кўрсатилиб, Ҳамид Карзай 55,4 фоиз овоз билан ғалаба қилган эди.

Президент сайловини Афғонистон мустақил сайлов комиссияси ўтказмоқда. Сайловнинг 220 миллион долларли сарф-ҳаражатини халқаро донорлар кўтармоқда.

33 миллион кишилик Афғонистон аҳолисининг 17 миллиони сайловда қатнашиши мумкин.

Агар номзодлардан биронтаси 50%+1 овоз ололмаса, сайловнинг иккинчи давраси 2 ойдан кейин ўтказилади.

Президент сайлаш учун овоз бериш участкаларига келадиган сайловчилар вилоят кенгашлари аъзолигига номзодлар учун ҳам овоз беришлари мумкин.

Афғонистонда вилоят кенгашлари "шўро" деб аталади. Шўро консултатив орган бўлиб, у ижроия ҳокимиятга ўз тавсияларини бериши мумкин.

4 йил фаолият юритадиган шўроларнинг дастлабкилари 2005 йили сайланган эди.

Мамлакат бўйлаб 3396 номзод, шу жумладан 324 аёл 34 вилоят шўросидаги 420 жой учун курашмоқда.

Бир вилоят шўросидаги ўрин сони иккинчисиникидан фарқланиши мумкин. Масалан, аҳолиси 500 минг кишидан оз бўлган вилоят шўросида 9 тагина ўрин, аҳолиси 3 миллион кишидан зиёд вилоятникида 29 ўрин бор.
XS
SM
MD
LG