Линклар

logo-print

“Давлат энг ёмон бизнесмендир”

  • Фаррух Юсуфий

Мутахассислар фикрича, Ўзбекистонда юзага келган пул тақчиллиги муаммоси шу бугун пайдо бўлган муаммо эмас, балки ўзбек расмийларининг 15 йилдан буён олиб бораётган молиявий сиёсати маҳсули бўлиб ҳисобланади.

Мутахассислар фикрича, Ўзбекистонда юзага келган пул тақчиллиги муаммоси шу бугун пайдо бўлган муаммо эмас, балки ўзбек расмийларининг 15 йилдан буён олиб бораётган молиявий сиёсати маҳсули бўлиб ҳисобланади.

“Пенсияни вақтида бера олмаяпти. Пенсияни уч ойдан бери бермаяпти. Мана бугун 18 август. Август ойиникини аллақачон бериши керак эди¸ аммо ҳалигача бермаяпти. Жуда қийин бўлди яшаш. Пенсионерга жуда қийин бўлди”.

Сирдарёлик нафақахўр суҳбатдошимиз пенсия пулларининг вақтида берилмаётганидан хафа бўлаяпти.

Танганинг орқаси дастуридаги бугунги суҳбатимиз мавзуси аввалги эшиттиришларимизда бошлаганимиз мавзу – Ўзбекистон ҳукумати олиб бораётган пул сиёсати ҳақида бўлади.

Кейинги бир йил давомида мамлакат иқтисодидаги нақд пул айланмасининг чекланаётгани оддий аҳоли, хусусан, бюджет соҳаси хизматчилари ва нафақахўрларни қийин аҳволга солиб қўйди. Мавзуга қайтишимизнинг сабаби эса вазиятнинг кундан кунга жиддийлашиб бораётганидадир. Бугунги суҳбатимизда бунинг сабабларини ўрганишга ҳаракат қиламиз.

Аҳоли қўлидаги нақд пул миқдорини назорат қилиш воситаси ўлароқ ўтган йилдан бери муомалага киритилган пластик карточкалар камлик қилганидек, кейинги ярим йил давомида ойликларнинг вақтида берилмаётгани аҳоли турмушини янада оғирлаштирмоқда.

- Ҳамма жойда махинация бўлаяпти. Пенсионер қандай яшаши керак? Бугун иккита пенсионер йиғлаяпти. "Тўртта магазинда қарзим бор. Қандай қилиб бераман қарзимни? Пенсияни оламан¸ уни қарзимни узиш учун беришим керак. Кейин қандай яшайман? Кейин нима ейман? Пенсиямни қарзларимга бераман ва яна қарз олишни бошлайман", дейди йиғлаб битта пенсионер. Жуда қийин бўлди яшаш. Пенсионерга жуда қийин бўлди, дейди исми сир тутилишини истаган сирдарёлик суҳбатдошимиз.

Андижонлик биринчи гуруҳ ногирони Нишонбой ака ҳам нафақахўр. У киши пенсиялар вақтида берилмаётгани боис масжид олдида одамлар берган эҳсон пулига кун кўришга мажбур.

- Пенсияларни вақтида олиш жуда ҳам қийин бўлиб кетаяпти. Бунга сабаб пулларнинг камайиб кетганлиги¸ нархларнинг ошиб кетганлиги. Июл ойининг пенсиясини 30 июлда олиб келди. Унгача ўзим тўрт марта бордим. Бергани йўқ. "Август ойининг пенсияси 20 августдан кейин бўлар экан", деган гап юрипти. Ҳали ярмини ҳам бериб бўлганимиз йўқ¸ деяпти. Одамларнинг қўлидаги берган пулга "Тан-жонингиз соғ бўлсин, тинч бўлинг, бола-чақангизнинг бахтига соғ бўлинг" деб дуо қилиб олган пул билан харажат қилиб келаяпман, дейди андижонлик Нишонбой ака.

Сирдарёлик суҳбатдошимизга кўра, нафақа пуллари, ойлик маошлар нега вақти берилмаётгани, бу пулларнинг каттагина қисми нима учун пластик карточкаларга қўйилаётганига оид саволлар расмийлар томонидан жавобсиз қолдирилмоқда.

- Почтанинг каттасидан "Нимага пенсияни вақтида бермайсизлар?" деб сўрасак¸ "Банкдан бизга пул бермайди", дейди. Бир кун мен борсам¸ почта бошлиғининг ўринбосари ўтирган экан. Мен "Нима учун одамларнинг пенсиясини бермайсизлар? Уч ой бўлаяпти. Инсоф борми сизларда? Нимага одамларнинг ғамини емайсизлар?" десам¸ "Мени одамлар қизиқтирмайди", дейди. "Сиз ўринбосарсиз. Чопишингиз керак¸ ҳаракат қилишингиз керак. Сиз гапирмасангиз¸ ким боради? Одамлар очликдан ўлади-ку" десам¸ "Ўлса ўлипти, менга пенсионер камроқ қолади" дейди¸ дея куйинади сирдарёлик суҳбатдошимиз.

Бир неча ойдан бери ойлигини ололмаётган фарғоналик Шарифжон аканинг айтишича эса, Фарғонада нақд пулнинг йўқлиги жаҳон молиявий бўҳрони оқибатларига йўйилмоқда.

- Мурожаат қилдик. "Қаëққа борсанг боравер, пул йўқ" деяпти. Иқтисодий кризисни баҳона қилишаяпти. Аслида иқтисодий кризис бизда 90-йилларда бошланган. Ҳозир бизда жиддий кризис бўлса керак. Буни биз биламиз. Менимча¸ ойлик оладиган ўқитувчилар билан врачлар қолди. Қолган ҳамма ишсиз. Шунга ҳам пул топиб бера олмайдими? Шунга ҳайрон қолаяпмиз, дейди фарғоналик суҳбатдошимиз.

Хўш¸ ҳақиқатан ҳам пластик карточкаларининг жорий қилиниши, нақд пулнинг чекланишига молиявий бўҳрон сабабчими?

Ўтган дастурларимиздан бирида Ўзбекистон Марказий банки вакилларидан бири нақд пул чекланаётганига оид гапларни инкор қилиб, пластик карточкаларни жорий қилишдан асосий мақсад ўзбекистонликларни ривожланган мамлакатларда удум бўлган пластик карточкалар маданиятига ўргатишдир, деган эди.

Тошкентлик иқтисодчи Ориф Ҳошимовнинг ўзбекларни пластик карточкалар воситасида маданиятлаштириш лойиҳасидан хабари йўқ. Лекин, мутахассисга кўра, мамлакат иқтисодида айланмадаги пулнинг чекланаётгани ҳам ҳақиқатга мос эмас. Чунки...

- Авваламбор пул массаси деган тушунчага аниқлик киритиб олиш керак бўлади. Пул массаси фақат нақд пулдангина иборат эмас. Пул массасининг таркибини қарайдиган бўлсак¸ унинг 90-92 фоизи¸ Ўзбекистон шароитида 85-90 фоизи нақд бўлмаган пуллардан иборат. Яъни хўжалик субъектларининг¸ фуқароларнинг банклардаги ҳисоб варақларидаги нақд бўлмаган пул қолдиқларидан иборат. Муомаладаги пул массаси¸ нақд пул массаси жами пул массасининг 10¸ узоғи билан 15 фоиздан ортиғини ташкил этмайди.

Ўзбекистонда ҳам худди Россия¸ Америка¸ Европадаги каби иложи борича экономикани пул массаси билан таъминлашга ҳаракат бўлаяпти. Бу нимада кўринади? Бу марказлаштирилаëтган кредит линияларининг оширилаëтгани билан¸ экспортчи корхоналарга имтиëзли шартларда кредит берилаëтгани билан¸ уларнинг аввал олган кредитларини янги шартларда енгиллаштириш билан кўринаяпти¸ дейди Ориф Ҳошимов.

Айни пайтда, иқтисодчи Ҳошимовнинг айтишича¸ ана шу пул массасининг аҳоли қўлидаги нақд кўриниши чекланаётгани рост ва бунинг ортидаги сабаблар Ўзбекистон иқтисодининг хос хусусиятларига боғлиқдир.

- Ҳозирги ҳолатда муомаладаги нақ пулнинг камаяëтгани¸ аҳоли даромадларининг бир қисмининг нақд пул эмас¸ пластик карточкалар орқали берилаëтгани аҳоли турмуш даражасига қанчалик таъсир кўрсатаяпти¸ деган саволни бермоқчисиз. Бу саволга шундай жавоб беришим мумкин. Аҳолининг реал даромадларига¸ аҳолининг турмуш даражасига¸ аҳолининг сотиб олиш қобилиятига салбий таъсир кўрсатаяпти. Бу куппа-кундуз куни кўринаëтган аниқ¸ ойдин факт. Нақд пул муомаласини ташкил қилишда мамлакат Марказий банки нафақат пул кредит сиëсатини амалга оширади¸ бу ерда фискал сиëсат¸ бюджет сиëсати деган нарсалар ҳам борки¸ шунинг учун иложи борича ҳар қандай мамлакатда нақд пул муомаласини камайтиришга ҳаракат қилинади.

Энди сабабларига тўхталаман. Агарда Ўзбекистон шароитида¸ яъни етук бўлмаган иқтисодиëт шароитида муомалага қанча катта миқдорда нақд пул чиқариладиган бўлса¸ истеъмол баҳолари индекси деган тушунча бор¸ яъни аҳолининг кундалик эҳтиëж моллари¸ асосан озиқ-овқатдан тортиб кийим-кечаккача бўлган товар ва хизматлар нархи ошиб кетишига олиб келинади. Муомалада нақд пулнинг кўп бўлиши ҳисобга олинмайдиган трансакцияларнинг, яъни айланмаларнинг кўпайишига олиб келади. Бу фақатгина Ўзбекистон шароитида. Асосий масала шу ерда. Ҳукуматнинг илғор деган масалаларини амалга ошириш нуқтаи назаридан ҳисобга оладиган бўлсак¸ мен буни ижобий деб айта олмайман¸ тушуниш мумкин бўлган сиëсат, дейди иқтисодчи Ҳошимов.

Шунингдек, иқтисодчининг таъкидлашича, аҳоли зиммасига оғир юк бўлиб тушаётган бу ҳолат бир йил аввал авж олган жаҳон молиявий бўҳрони эмас, Ўзбекистон ҳукумати 15 йилдан бери юритиб келаётган пул сиёсатига боғлиқдир.

- Мақсад аниқ. Лекин “Бу мақсадга эришилиш йўлида қўлланилаëтган ричаглар¸ инструментлар қанчалик самара бераяпти?” деган саволингизга мен ижобий жавоб бера олмайман. Яъни кутилганидек ижобий самарани бера олаëтгани йўқ. Бу сиëсат бугун ëки икки йил аввал бошлангани йўқ. Бу Ўзбекистон мустақил пул сиëсатини амалга ошира бошлаган 1994 йилдан бери амалга оширилаëтган сиëсат. Лекин орадан 15 йил ўтганига қарамасдан, мўлжалланган натижаларга эришилгани йўқ¸ дейди Ориф Ҳошимов.

Демак, иқтисодчининг айтганларидан хулоса қилиш мумкинки, бугун мамлакат иқтисодини қутқариш уринишлари оддий ўзбекистонликларни мушкул аҳволга солиш ҳисобига амалга оширилмоқда. Балким ўзбеклар учун қимматга тушаётган пул тақчиллиги узоқ муддатда улар учун хайрли бўлар?

- Ҳақиқатан менда ҳам шундай фикр пайдо бўлган бўларди¸ лекин бир нарсани билинг: Ўзбекистонда давлатнинг экономикадаги улуши жуда ҳам катта. Яъни Ўзбекистонда давлат фақат ўйин қоидаларини белгилайдиган¸ мувофиқлаштирувчи орган эмас. Давлат иқтисодиëт субъектига айланиб кетган. Тушунтира олаяпманми? Яъни давлат бизнес билан шуғулланишни бошлаганда¸ у энг ëмон бизнесменга айланади. Давлат бизнес билан шуғулланишни бошлаганда¸ коррупция деган муаммо пайдо бўлади. Ўз-ўзидан ишлаб чиқарилаëтган маҳсулот хизматларининг нархи хусусий секторда ишлаб чиқарилаëтган маҳсулот хизматларидан бир неча баробар ортиқроқ бўлади. Сабаби¸ давлат бизнес билан шуғулланганда¸ бизнеснинг устида турган амалдор ҳеч қачон ҳаракатларни минималлаштиришдан манфаатдор бўлмайди¸ асосий муаммо шу ерда¸ дейди Ориф Ҳошимов.

Иқтисодчига фикрича, агар Ўзбекистон ҳукуматининг одамлар турмушини енгиллаштириш ниятлари холис бўлганида, улар кеч бўлса-да, ҳозирги иқтисодий бўҳрон шароитида муайян қадамларни қўйиши лозим эди.

- Бу жуда оғир ва қийин йўл эди. Айнан мана шу кризис пайтида давлат экономикадан қочиш йўлини қилиши керак эди. Бунинг учун жуда кучли¸ жуда қаттиқ сиëсий бурилиш лозим бўлиши керак эди. Яъни ҳукуматнинг бугун олиб бораëтган сиëсатини 180 градусга ўзгартириш дегани бу. Менинг фикримча¸ кризис шароитида хусусийлаштириш жараëнини тезлаштириш керак эди¸ давлат банк тизимидан умуман чиқиб кетиши керак эди¸ давлат ўз харажатларини минимал даражагача қисқартириши керак эди.

Давлат ўз харажатларини қисқартиргандан кейин бюджетнинг даромад қисмига ўз ўзидан зарурат туғилмай қолади ва ўз-ўзидан солиқ ҳам камаяди. Давлат ўзининг икки-уч йилик фуқаролари олдидаги социал мажбуриятларини хусусийлаштиришдан келиб тушаëтган даромадлар ҳисобига қоплаб туриш имконияти пайдо бўларди икки-уч йил давомида. Давлат кейин фақат регуляция билан шуғулланиши керак эди, дейди ўзбекистонлик иқтисодчи Ориф Ҳошимов.

Исми сир тутилишини истаган сирдарёлик суҳбатдошимиз ҳам ҳукуматдан мурувват бўлишига ишонмай қўйган. Лекин у киши бу қийинчиликларга оддийроқ – “бошга тушганни кўз кўрар” қабилида қарайди.

- Яхши бўладими¸ бўлмайдими - одамлар ишонмаяпти-да. Ким билади, яхши бўладими энди йўқми?.. Балки яхши бўлар¸ балки бундан баттар бўлиб кетар. Яшаймиз¸ кўрамиз¸ дейди исми сир тутилишини истаган сирдарёлик суҳбатдошимиз.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG