Линклар

Афғонистон: сайлов участкалари ёпилмоқда


Афғонистонда президент ва маҳаллий кенгашларга сайловлар ўтказилмоқда.

Олинган сўнгги маълумотларга кўра, расмийлар сайлов участкаларини аввал белгиланган вақтдан бир соат кечроқ ёпиш тўғрисида қарор қабул қилганлар.

Афғонистон президентлиги учун 32 номзод, шу жумладан, 2 аёл ҳам курашмоқда. Кузатувчилар фикрича, президентлик учун асосий кураш Ҳамид Карзай ва собиқ ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ Абдуллоҳ ўртасида бориши мумкин.

Яна икки кучли номзоддан бири - Рамазон Башардотнинг 10 фоиз, Ашраф Ғанининг 6 фоиз овоз олиши мумкинлигини тахмин қилинмоқда.

Афғон расмийлари ва полициясига кўра, овоз бериш жараёни осойишта ва тинч ўтоқда. Бироқ улар сайловчиларнинг фаоллиги тўғрисида гапириш ҳали эрта эканини таъкидламоқдалар.

Айни пайтда БМТнинг Кобулдаги матбуот вакили Олим Сиддиқ овоз берувчилар фаоллиги мақташга арзигулик бўлганини маълум қилди.

НАТО бош котиби Андерс Фог Расмуссен ҳам Афғонистондаги сайловларнинг ташкил этилиши мақтовга лойиқ эканини айтди.

Мамлакат бўйлаб хавфсизлик чоралари кучайтирилганига қарамай, айрим вилоятларда зўравонликлар рўй бергани, жумладан, Бағлон шаҳарчасида жангарилар ва полиция ўртасида рўй берган отишмада 22 нафар жангари ўлдирилгани тўғрисида хабар тарқатилди.
XS
SM
MD
LG