Линклар

Тожикистонда мустақил радио фаолияти тўхтатилди

  • Гулнора Равшан

“Имрўз” радиоси фаолияти тўхталганини Тожикистондаги расмий идоралар техник нуқсонлар изоҳлаётган бўлсалар, кузатувчилар бунинг остида сиёсий омиллар ётганини таъкидламоқдалар.

“Имрўз” мустақил радио эшиттиришлари бундан бир ҳафта аввал FM тўлқинидан олиб қўйилган эди. Тожикистоннинг “Телерадиоком” ҳиссадорлик ширкати раиси Суҳроб Алиев мухбирингиз билан ўзаро суҳбат чоғида “Имрўз” эшиттиришлари техник сабабларга кўра вақтинчалик тўхтатилганини билдирди.

“Имрўз” радиоси раҳбари Рустами Жоний радионинг “Телерадиоком” ширкатига ижара пули ва радио дастурларини эшиттириш учун хизмат ҳақини вақтида тўлаб борганини маълум қилар экан, бу ерда молиявий муаммо ҳам, техник муаммо ҳам йўқлигини, билъакс, сиёсий омиллар боис “Имрўз” FM тўлқинидан олиб қўйилгани таъкидлади.

- Биз “Тожиктелерадиоком” ширкати билан икки ёқлама шартнома имзолаганмиз. Шу ҳужжат асосида улар техник ускуналар ишдан чиқиб қолгани ҳақида бизни ёзма тарзда огоҳлантириши керак ва уни тузатиш тадбирларида бизнинг ишчиларимизга ҳам рухсат беришлари шарт. Аммо, мана неча кундирки, биз “Тожиктелерадиоком” томонидан бирор-бир огоҳлантириш олмадик. Улар ҳақиқатан техник муаммолар бор-йўқлигини аниқлаш учун борган техник мутахассисларимизни ҳатто ичкарига ҳам йўлатмаганлар. Шунинг учун биз “Телерадиоком” ширкатининг техник сабабларга кўра эшиттиришларимиз тўхтатилганига доир иддаоларини рад этамиз. Бу ерда фақат сиёсий омил мавжуд, холос. Агар оддий тил билан айтадиган бўлсак, «Имрўз” эшиттиришларини эфирга узатувчи радиостанцияга қўшимча овозлар тарқатадиган махсус ускуналар, яъни филтрлар ўрнатилган. Ўз-ўзидан маълумки, икки тўлқиннинг тўқнашуви натижасида ўша радио эшиттиришлари тўлқиндан йўқолади ёки сифатсиз эшитилади. Бу биздан чиққан гап эмас, буни “Телерадиоком” ширкатини назорат қилиб турувчи Тожикистон автомобил ва телекоммуникация вазирлиги махсус бўлими аниқлаган, деди Рустами Жоний.

“Имрўз” раҳбарининг билдиришича, улар фаолияти анча вақтдан буён Тожикистон давлат радио ва телевидение қўмитасининг оммавий ахборот воситаларини назорат қилиш бўлими ходимлари томонидан текширилиб турилган ҳамда кўплаб лавҳа ва интервьюлар махсус экспертизадан ўтказилган.

Шу ўринда Телерадиоком ширкатининг номи ошкор этилишини истамаган масъул ходимларидан бири биз билан ўзаро суҳбатда “Имрўз” радиоси журналистлари асосланмаган далиллар юзасидан лавҳалар тайёрлагани ва бу эса мамлакат қонунчилигига зид, деб топилганини таъкидлади.

Рустами Жоний Телерадиоком ширкати “Имрўз” радиосига юборган энг сўнгги хатида уларни лицензиядан маҳрум қилиниши огоҳлантирилганини маълум қилар экан, бунинг сабабларига тўхталади.

- Биз бу хатни олишдан сал аввалроқ Тавилдарадаги вазият ва бу ҳудудга журналистларнинг киритилмаётганига доир лавҳа қилган эдик.
Ўша лавҳада Тожикистон давлат телевидениеси журналистлари ҳам Тавилдарага киритилмагани айтилган эди. Биз бу борада тўла ва етарли далилларга эга эдик. Ўша далилларга таянган ҳолда, лавҳа тайёрланган эди. Ўша лавҳа эфирга кетган куни эртаси бизга ҳар томондан турли таҳдидлар ёғила бошлади. Жумладан, “Телерадиоком” ширкатидан олинган хатда ҳам Тавилдарадаги вазият ва унинг атрофидаги хабарлар исботланмаган фактлар асосида тайёрлангани ва биз лицензиядан маҳрум этилишимиз борасида огоҳлантирилган эдик, дейди Рустами Жоний.

“Имрўз” радиоси “Телерадиоком” ширкати масъулларини журналистикадан хабарсизликда айблайди.

Айни пайтда Тожикистон давлат радио ва телевидениеси қўмитасининг юқори мартабали шахслари эса “Имрўз” атрофидаги муамолардан хабарсизликларини билдиришди.

Тожикистон журналистлар миллий уюшмаси раиси Нуриддин Қаршибоев “Имрўз” мустақил радиоси фаолиятининг тўхтатиб қўйилишида сиёсий омиллар ётганига асло шубҳа қилмаслигини қайд этади.

- “Имрўз” радиоси бошқа мустақил радиолардан фарқли ўлароқ жамиятдаги воқеа ва ҳодисаларни реал акс эттиришга уринади, ўз навбатида, бу ҳукумат айрим мулозимларини ташвишга солган бўлса ажаб эмас. Шунинг учун улар ўзларининг бу ишлари билан “Имрўз” ва бошқа мустақил оммавий ахборот воситаларига “қадамини билиб босиш”ни уқтириб қўймоқчи бўлаётгандир, дейди Нуриддин Қаршибоев.

Журналистлар уюшмаси раисига кўра, бу ҳодиса Тожикистонда илк бор кузатилаётгани йўқ. Қаршибоев бунгача ҳам тожик жамиятидаги мустақил радио, телевидение ва газеталар эшикларига қулф солиниб, ҳар турли баҳоналар билан уларнинг масъуллари суд идораларида саргардон бўлганини эсга олади.

Айни пайтда тожик расмийлари “Имрўз” радиоси фаолиятининг тўхтатилиши остида сиёсий омиллар йўқлигини таъкидламоқдалар.

“Ориён-Медиа” ширкатига тегишли “Имрўз” мустақил радиоси 2007 йилнинг 9 августида ташкил этилиб, эшиттиришларини FM-107.4 тўлқини орқали узатар эди.

“Имрўз” радиоси ўзининг икки йиллик фаолияти давомида шу билан учинчи марта бу тўлқиндан олиб қўйилмоқда.

Ўтган йили ҳам 15 кун танаффус қилишга мажбур бўлган «Имрўз” радиоси ўз раҳбарларининг кўп уринишларидан сўнг мазкур тўлқинда қайта эшиттириш бера бошлаган эди.

Шарҳловчиларга кўра, бу гал “Имрўз” мустақил радиоси атрофидаги жанжаллар ўта жиддий ва бу масала Тожикистон ҳукумат юқори доираларида ҳал этилиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
XS
SM
MD
LG