Линклар

Россия "анъана"дан воз кечдими?

  • Садриддин Ашур

Адвокат Ольга Цейтлинанинг айтишича, ўз ҳимоясидаги Ўринбой Эргашевнинг вақтинчалик бошпана беришни сўраб ёзган аризаси шу кунларда Россия Федерал муҳожирлик хизматига қайта жўнатилган.

Адвокат Ольга Цейтлинанинг айтишича, ўз ҳимоясидаги Ўринбой Эргашевнинг вақтинчалик бошпана беришни сўраб ёзган аризаси шу кунларда Россия Федерал муҳожирлик хизматига қайта жўнатилган.

Санкт-Петербург суди мавжуд “анъана”га зид равишда андижонлик Ўринбой Усмоновни қамоқдан озод қилиб, уни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш ҳақидаги қарорни бекор қилди.

52 ёшли Ўринбой Эргашев Андижон вилояти қишлоқларининг бирида масжид имоми бўлган. У Андижон воқеаларидан сўнг диндорларга бўлаётган таъқиблардан қочиб Россияга келган. Санкт-Петербург шаҳрида ҳайдовчи бўлиб ишлаган.

Эргашев ўтган йилнинг сентябр ойида Ўзбекистон томонининг сўрови билан ҳибсга олинган. Унга Ўзбекистон Конституциявий тузумига тажовуз қилиш, диний ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш каби бир қанча айблар қўйилган эди.

Унинг адвокати Ольга Цейтлинанинг айтишича, беш ой давомида Эргашев Россия қонунлари ва халқаро қонунлар бузилган ҳолда қамоқда асоссиз сақланди. Ҳуқуқ ҳимоячилари ва адвокатларнинг талаби билан у 2 феврал куни қамоқдан озод қилинди, бироқ бир ойдан сўнг Интерпол тизими орқали яна қўлга олинди. Ўринбой Эргашев яна тўрт ой қамоқда қолди.

14 август куни Санкт-Петербург шаҳар жиноят ишлари суди уни қамоқдан озод қилиш ва Ўзбекистонга экстрадиция қилмаслик ҳақидаги аризасини қондириб, ҳибсдан озод қилди.

Адвокатнинг сўзларига кўра, бироқ бу ҳали унинг тўла озод бўлди, деган гап эмас. Етти кун ичида прокуратура суд қароридан норозилик билдириб, Россия олий судига мурожаат қилиши мумкин:

- Федерал муҳожирлик хизмати Ўринбой Эргашевнинг вақтинчалик бошпана сўраб ёзган аризасини рад қилган эди. Ҳозир бу ариза яна қайтадан кўриб чиқиш учун жўнатилди, дейди адвокат Ольга Цейтлина.

Адвокатга кўра, Санкт-Петербург шаҳар суди коллегиясининг бу қарори, яъни Ўринбой Эргашевни қамоқдан озод қилиши ва унинг экстрадициясини бекор қилиши ўзбекистонлик қочқинларга шу пайтгача Россияда шаклланиб келган “анъана”га зиддир:

- Албатта бу муҳим бурилиш бўлди. Ҳеч кимга сир эмас - Россия судлари шу пайтгача Ўзбекистон талаби билан ҳибсга олинган шахслар муҳожирми, бошпана изловчи шахсми, бу томонларига эътибор бермасдан, қочқинларни Ўзбекистонга экстрадиция қилиб юбораверарди.

Судлар ҳатто бу шахсларнинг ватанига қайтариб юборилиши хавфли эканлигини ҳам суриштириб кўрмас эди. Биз судларнинг эндиликда инсон ҳуқуқларига ҳурмат билан қараётганидан хурсандмиз, дейди адвокат Ольга Цейтлина.

Ваҳоланки, Ўринбой Эргашев қамоққа олинган пайтда Россия оммавий ахборот воситалари айбсизлик презумпциясига қарамасдан уни “хавфли террорчи” деб таърифлаган эди.

“Ўринбой Эргашев жуда хавфли жиноятчи ва ваҳҳобийлар диний оқимининг лидерларидан бири. У Фарғона водийсида ислом давлати қуришни режалаштирган эди”, дея жар солган эди Санкт-Петербург маҳаллий телевидениеларидан бири.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг айтишларича, бу айбловлар Ўзбекистон томoни тақдим этган айбловлардан олинган кўчирма, холос. Энди эса Россия суди уни оқлади.

Хўш, бу ҳақиқатан ҳам Россия судларининг қонунчиликка ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенцияларга ҳурмат билан қараётганими ёки бошқа нарса? Ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевнинг айтишича, Россия судларининг бундай “хайрихоҳ”лиги тагида гап бор:

- Кейинги пайтларда Россия билан Ўзбекистоннинг алоқалари анча таранглашиб қолди. Олдинлари 10 киши бўладими¸ 100 киши бўладими, Ўзбекистоннинг талаби билан Россия ҳуқуқ-тартибот идораларнинг қўлига тушадиган бўлса¸ улар Брюсселнинг¸ Европа Иттифоқининг¸ Американинг¸ халқаро ташкилотларнинг қатъий қаршилигига қарамасдан экстрадиция қилинар эди. Оëғини ерга теккизмасдан самолëтга олиб чиқиб¸ ўзларининг ходимлари билан Тошкентга жўнатишарди.

Кейинги пайтларда¸ хусусан, Ўринбой Эргашев масаласида Россия суди авваламбор Ўринбой Эргашевга қўйилган айблар ўз тасдиғини топмади? деб айтди ва кейин экстрадиция масаласини тўхтатди. Бу дегани Россиядаги судлар ҳам мустақил эмас. Улар тепадан қанақа сиëсий кўрсатма бўлса¸ қанақа сиëсий буюртма бўлса¸ шуни бажаришади. Улар ҳозир сиëсий конъюнктурани эътиборга олиб¸ Ўринбой Эргашевнинг экстрадициясини ва унга нисбатан таъқибларни ҳам тўхтатишди¸ дейди Тошпўлат Йўлдошев.
XS
SM
MD
LG