Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:51

Чегара яқинида яшовчилар кўчирилмоқда


Ўзбек расмийларига кўра, Ўзбекистон томони ўз фуқароларини қуролли тўқнашувлар эҳтимолидан ҳимоялаш мақсадида чегарадаги аҳолини кўчирмоқда.
Ўзбек расмийларига кўра, Ўзбекистон томони ўз фуқароларини қуролли тўқнашувлар эҳтимолидан ҳимоялаш мақсадида чегарадаги аҳолини кўчирмоқда.

Ўзбек-қирғиз чегарасида жойлашган Андижон вилоятининг Хонобод шаҳридаги Хидирша маҳалласида яшовчи 178 оила ўз уйларидан кўчирилаяпти.

Хидирша маҳалла аҳлининг чегарадан узоқроқ жойларга кўчирилаётгани ҳақидаги маълумотни Озодликнинг Хонободдаги манбалари хабар қилишди.

- Кўчиришаяпти. Ҳозир уларга чек берилди. Шу чекларга уй қуришаяпти. Бу Хонободнинг ичида.

Озодлик: Чек деганингиз ерми?

- Ҳа. Уларнинг ҳаммасига чек берилган, дейди Хонободдаги манба.

Андижонлик Абдуқодир акага кўра, хидиршаликларни кўчириш учун давлат томонидан анчагина маблағ ажратилган.

- Ҳукумат уларга ë 26 миллион ë 26 миллиард сўм пул ажратган экан. Аниғини билолмадим. Чегара ҳудудидан кўчинглар¸ дебди. Кўчадиган ери яхши экан. Ҳам пул олаяпти экан. Бу пулга шаҳардан уй олса ҳам бўлар экан. Улар қишлоқнинг деҳқончилик жойларига¸ қишлоқнинг янги ерларига уй-жой қураяпти экан, деди андижонлик Абдуқодир ака.

Андижон вилояти Хонобод шаҳар хокимлиги мутасаддилари Хидирша маҳалла аҳлининг чегарадан узоқроқ жойларга кўчирилаётгани ҳақидаги хабарни тасдиқлашди.

Хонобод шаҳар ҳокими ўринбосари Расулжон Рустамовнинг айтишича, Хидирша маҳалла аҳлини кўчириш юзасидан махсус штаб ташкил қилинган бўлиб, кўчирилаётган оилаларнинг барчасига давлат томонидан моддий ёрдам берилмоқда.

Расулжон Рустамов: Давлат томонидан кўчирилаëтганларга текинга 10 тоннадан цемент¸ 3000 тадан ғишт¸ уч кубдан ëғоч¸ бир ярим тонна арматура¸ 80 та шифер¸ 18 квадрат метр ойна берилаяпти.

Озодлик: Демак¸ фақат қурилиш материаллари берилган?

Расулжон Рустамов: Йўқ¸ ҳаммасига товон пули ҳам берилган.

Озодлик: Қанчадан берилган?

- Ҳамманики ҳар хил. Уйига қараб туриб берилаяпти¸ дейди Расулжон Рустамов.

Хидирша маҳалла аҳлини кўчириш сабаблари билан боғлиқ саволларимизга Расулжон Рустамовдан жавоб олиш имкони бўлмади.

“Регнум” ахборот агентлиги Хидирша маҳалла аҳлини кўчириш тадбирини 25-26 май кунлари Хонобод ва Андижон шаҳрида бўлиб ўтган воқеалар билан боғлиқ экани ҳақида ёзади.

Хонободда яшовчи бир аёлнинг айтишича, хидиршаликларни кўчириш тадбири айнан ушбу воқеалардан кейин бошланган.

- Одамларни кўчириб¸ уларнинг уйлари ҳам битиб қолди.

Озодлик: Қачондан кўчиришни бошлашди?

- Урушдан кейин кўчиришни бошлаган.

Озодлик: Уруш деганингиз бу жорий йил май ойидаги воқеаларми?

- Ҳа.

Озодлик: Шундан кейин кўчириш бошландими?

- Ҳа. Шундан кейин кўчиришни бошлашди, дейди хонободлик аёл.

Хабарларга кўра, ўзбек- қирғиз чегарасига яқин ҳудудлардан 178 оила яшаб турган жами 149 ҳовли, шунингдек, Хидирша маҳалла аҳлига ажратилган ва ҳали қуриб битказилмаган 85 ҳовли-жой ҳам бузилади.

“Регнум” ахборот агентлиги Ўзбекистондаги ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбага таянган ҳолда хабар қилишича, Ўзбекистон томони ўз фуқароларини қуролли тўқнашувлар эҳтимолидан ҳимоялаш мақсадида чегарадаги аҳолини кўчирмоқда.

"Чунки 25 май куни террорчилар Қирғизистондан Ўзбекистонга айнан мана шу жойдан ўтган эди", деган фикрни билдирган ҳуқуқ-тартибот органларидаги манба “Регнум”га.

Маълумки, Андижон – Хонобод воқеаларидан кейин Ўзбекистон томонидан Қирғизистон билан чегара ҳудудларида хандақлар қазиш ва бетон деворлар кўтариш ишлари бошланган.

Эндиликда чегарага яқин жойларда яшовчи аҳолини кўчириш ишлари бошланди.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Фарҳод Толипов ушбу тадбирлар негизида Хонобод ва Андижондаги воқеаларга боғликлик кўрмасада, бу каби ишлар натижасида Ўзбекистоннинг ўз қўшнилари билан муносабатлари совуқлашиши мумкинлигини тахмин қилади.

- Албатта бундай тадбирлар учун жуда жиддий сабаб бўлиши керак. Чунки бундай тадбирлар жуда катта сарф-харажатларни талаб қилади. Бундан ташқари¸ ўзига яраша ижтимоий¸ маънавий, керак бўлса, сиëсий жиҳатдан жуда катта куч талаб қилади. Демак¸ қандайдир жиддий сабаблар бўлгандирки¸ ана шундай тадбирлар қилинган.

Юзаки қарашда¸ ташқи кўринишида бу албатта нохуш хабар. Иккита давлат муносабатларига хизмат қилмайдиган тадбирлар¸ ишлар бўлаяпти. Бунинг натижаси фақат салбий бўлади, деб ўйлайман. Лекин нима сабаб бўлганлигини чуқур ўрганиш керак.

Умуман олганда, бу нохуш. Буни ижобий иш, деб баҳолаш осон эмас. Бу тадбир натижасида иккита давлат ўртасида қандайдир совуқчилик уруғлари тушади. Қирғизистон¸ Тожикистон умуман қўшниларимиз билан муносабатларимизни мутлақо бузмаслигимиз керак¸ дейди Фарҳод Толипов.

Маълумки, жорий йилнинг 26 майга ўтар кечаси Хонободдаги милиция блок-постларидан бирига номаълум шахслар ҳужум қилган, Андижонда бир неча портлаш амалга оширилган эди.

Расмий Тошкентга кўра, қўпорувчиликни амалга оширган шахслар Ўзбекистон ҳудудига қўшни Қирғизистондан ўтган.
XS
SM
MD
LG