Линклар

Афғонистонда сайловлар бўлиб ўтди


Афғонистонда президент ва маҳаллий кенгашларга сайловлар ўтказилди.

Сайлов участкалари ёпилгач, мамлакат президенти Ҳамид Карзай афғон халқига, толиблар томонидан қилинган таҳдидларга қарамай, 20 август кунги сайловларда иштирок этганликлари учун миннатдорлик изҳор қилди.

Афғонистон расмийларига кўра, бугун мамлакат бўйлаб рўй берган зўравонликларда камида 23 киши нобуд бўлган. Нобуд бўлганлар орасида тинч аҳоли вакиллари, полиция ходимлари ва ҳарбийлар борлиги айтилмоқда.

Бағлон шаҳарчасида эса жангарилар ва полиция ўртасида рўй берган отишмада 22 нафар жангари ўлдирилгани тўғрисида хабар тарқатилди.

Афғонистон президентлиги учун 32 номзод, шу жумладан, 2 аёл ҳам курашмоқда. Кузатувчилар фикрича, президентлик учун асосий кураш Ҳамид Карзай ва собиқ ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ Абдуллоҳ ўртасида бориши мумкин.

Афғон расмийлари ва полициясига кўра, овоз бериш жараёни осойишта ва тинч ўтган. Бироқ улар сайловчиларнинг фаоллиги тўғрисида гапириш ҳали эрта эканини таъкидламоқдалар.

Айни пайтда БМТнинг Кобулдаги матбуот вакили Олим Сиддиқ овоз берувчилар фаоллиги мақташга арзигулик бўлганини маълум қилди.

НАТО бош котиби Андерс Фог Расмуссен ҳам Афғонистондаги сайловларнинг ташкил этилиши мақтовга лойиқ эканини айтди.
XS
SM
MD
LG