Линклар

Жаҳон лидерлари афғон сайловларига муносабат билдирмоқда


Жаҳондаги етакчи ташкилот ва давлатлар раҳбарлари 20 август кунги сайловларни афғон халқининг демократия қуриш йўлидаги уриниши сифатида баҳоламоқдалар.

Жаҳондаги етакчи ташкилот ва давлатлар раҳбарлари 20 август кунги сайловларни афғон халқининг демократия қуриш йўлидаги уриниши сифатида баҳоламоқдалар.

БМТ, Ғарб давлатлари ва NATO кеча Афғонистонда ўтказилган президент сайловини ҳамда вилоят шўроларига сайловларни олқишладилар.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун, афғонистонликлар сайловда иштирок этиш билан ўз мамлакати барқарор ривожи учун овоз бердилар, деган фикрни билдирди.

АҚШ президенти Барак Обама сайловни "муваффақиятли" деб атади ва овоз бериш, толиблар кўрсатган қаршиликка қарамай, амалга оширилганини белгилаб ўтди.

- Биз Афғонистонда жангариларга босимни кучайтиришда давом этаяпмиз ва у ердаги сайловлар, толиблар ҳар қанча тўсқинлик қилишга уринмасин, афтидан, муваффақиятли ўтган кўринади, деди Барак Обама.

NATO бош котиби Андерс Фог Расмуссен ҳам пайшанба кунги видеомурожаатида афғонистонликларни муваффақият билан қутлади.

- Бугун бутун дунёнинг назари сўнгги 30 йил ичида илк бор сайлов ўтказилган Афғонистондадир. Бу сайлов афғонларнинг демократия қуришга интилаётгани белгисидир. Мен мавжуд шароитнинг оғирлигига қарамай, довюраклик кўрсатган Афғонистон халқини табрикламоқчиман, деди Андерс Фог Расмуссен.

Афғонистон расмийларига кўра, толиблар сайлов куни мамлакат бўйлаб овоз бериш участкаларига 130 мартадан зиёд ҳужум уюштиришга уриниб кўрди.

50 дан зиёд одам, шу жумладан, тинч аҳоли орасидан 9 киши, хавфсизликни таъминловчи кучлар ходимларидан 17 киши нобуд бўлди.

Сайлов дастлабки натижаларининг яқин уч кун ичида эълон қилиниши кутилмоқда.

Кузатувчилар фикрича, сайловчилар аксариятининг овозларини амалдаги президент Хамид Карзай, собиқ ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ Абдуллоҳ ва собиқ молия вазири Ашраф Ғанилар олган бўлишлари мумкин.
XS
SM
MD
LG