Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:42

Сўнгги сўзни МСК айтади


Иқтидордаги президент Ҳамид Карзай вакиллари сайловнинг биринчи босқичидаёқ унинг ғалаба қозонганини даъво қилмоқдалар.
Иқтидордаги президент Ҳамид Карзай вакиллари сайловнинг биринчи босқичидаёқ унинг ғалаба қозонганини даъво қилмоқдалар.

Афғонистонда 20 август куни ўтказилган президентлик сайловида берилган овозларни санаш ҳали давом этаётган бўлса-да, айрим номзодларнинг вакиллари ўз ғалабаси ҳақида эълон қилишга ошиқмоқдалар.

Афғонистондаги энг олий лавозимга асосий даъвогар бўлган иқтидордаги президентнинг сайлов кампанияси бошлиғи Дин Муҳаммад Карзай сайловда ғолиб бўлганини иддао қилди.

“Ройтерс” ахборот агентлигига интервью берган Дин Муҳаммад сайловнинг иккинчи босқичини ўтказишга ҳожат йўқлигига Ҳамид Карзайнинг берилган овозларнинг ярмидан кўпини олгани сабаб эканлигини айтган.

Дин Муҳаммад мамлакат бўйлаб сайлов участкаларини кузатган 29 минг нафар кузатувчи тақдим этган натижаларга асосланиб шундай хулосага келганини айтган.

Айни пайтда президентлик сайловида Ҳамид Карзайнинг асосий рақиби бўлган собиқ ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ Абдуллоҳнинг матбуот вакили Фазл Санчараки Дин Муҳаммаднинг “сайловдаги ғалаба” ҳақидаги иддаосини рад қилди.

Турли ахборот агентликларига интервью берган Санчараки сайловни кузатган кампания вакилларга асосланган ҳолда Абдуллоҳ Абдуллоҳ овозларнинг тахминан 62 – 63 фоизини олганини айтган.

- Бу нотўғри. Чунки мамлакатнинг аксар ҳудудларида Афғонистон Мустақил сайлов комиссияси ва кузатувчиларга асосланган ҳолда биз эга бўлган натижалар доктор Абдуллоҳ Абдуллоҳ Ҳамид Карзайдан олдинда бораётганини кўрсатади. Овоз санашга асосланган сўнгги натижаларга кўра, доктор Абдуллоҳ 62 фоиз овоз олган, Карзай эса 31 ёки 32 фоиз овоз олган, деди Санчараки.

Фазл Сангчараки ўзбек генерали Абдурашид Дўстумга қарашли Жузжон вилоятидан ташқари Афғонистон шимолида яшовчи аҳоли Абдуллоҳ учун овоз берганини айтди.

Овоз бериш жараёни тугаши билан Абдуллоҳнинг сайлов штаби вакиллари 34 та вилоятдан камида учтасида сайлов қонунлари бузилганини иддао қилди.

- Афсуски, саккиз йиллик тажрибага эга бўлган ҳукумат расмийлари мамлакатнинг айрим минтақаларида ташаббус билан сайлов жараёнига аралашди. Шунга қарамай, мен одамлар берган овоз сайловлар натижаларини акс эттиради, деди Абдуллоҳ Абдуллоҳнинг ўзи ҳам 20 август куни Кобулда ўтказилган матбуот анжуманида.

Президентликка асосий даъвогар бўлган икки номзод ўз ғалабасини иддао қилаётган бир пайтда Мустақил сайлов комиссияси раиси Зикриё Баракзай томонларни сабрли бўлишга чақирди.

- Биз сайлов кампанияси бошлиқларининг ҳар қандай иддаоларини тасдиқлай олмаймиз. Сайлов натижасини эълон қилиш Мустақил сайлов комиссиясининг вазифаси. Улар сабр қилишлари керак, деди Зикриё Баракзай.

Афғонистондаги президентлик сайловининг дастлабки расмий натижалари икки ҳафтадан кейин эълон қилиниши кутилмоқда.

Сайлов натижалари сохталаштирилмаслиги учун Афғонистондаги 6200 та сайлов участкасида қайд этилган натижаларни аввал жадвал тарзида ёзиш, шундан келиб чиқиб якуний натижани аниқлаш кўзда тутилган.

Пойтахт Кобулдаги БМТ Миссияси ва АҚШ элчихонаси Мустақил сайлов комиссияси тасдиқламагунча ҳар қандай сайлов натижаси ноқонуний эканини маълум қилди.

Мустақил сайлов комиссияси 21 август куни эълон қилган баёнотга мувофиқ, Афғонистонда президентлик сайловини ташкил этиш учун 120 минг 500 нафар афғонистонлик жалб этилган. Толибон жангарилари уюштирган ҳужуми оқибатида улардан 11 нафари қурбон бўлгани билдирилган.
XS
SM
MD
LG