Линклар

Тожикистон ўрта мактабларида "Ислом маърифати" сабоғи жорий этилишини кузатувчилар расмийларнинг ёш авлодни зарарли оқимлардан иҳота қилиш истаги ўлароқ баҳоламоқдалар.

Тожикистон Таълим вазирлигининг дарсликлар тайёрлаш ва нашр этиш бўлими мудири Маҳмуд Шоевнинг билдиришича, “Ислом маърифати” деб номланган янги фан бу йилча ўрта таълим мактабларининг фақат саккизинчи синфларида ўқитилади. Келгуси йилдан эса ҳамма юқори синф ўқувчилари “Ислом маърифати”дан сабоқ ола бошлайдилар.

Расмийга кўра, “Ислом маърифати ” фанининг асосий мақсади ўқувчиларга Ислом динининг пайдо бўлиш тарихидан тортиб Ислом дини асосларигача маълумот бериш, мазҳаблар, пайғамбарлар, шунингдек, исломий аҳлоқ каби қатор мавзуларда сабоқ бериш экан.

- Вазирлигимиз мутахассисларининг республика дин уламолари ва исломшунос олимлар маслаҳатларига таянган ҳолда тайёрлаган “Ислом маърифати” дарслиги чоп этилди. Янги фан учун ўқув йили давомида 34 соат ажратилган, деди таъкидлади вазирлик масъули.

Тожикистон ўрта таълим мактабларида бунгача Ислом дини тарихи фани ўқитилиб келинарди. “Ислом маърифати” дарслиги муаллифларидан бири, Тожикистон дин қўмитаси собиқ раиси Саид Аҳмадов янги предмет “Ислом дини тарихи” фанидан буткул фарқ қилишини билдирди.

- “Дин тарихи” фани фақат турли динлар тарихи, уларнинг пайдо бўлиши кабиларни ўз ичига оларди. Бироқ “Ислом маърифати” фани ундан фарқли ўлароқ фақат Исломга бағишланган. Дарслик программасида барча масалалар фақат Ислом нуқтаи назаридан изоҳланган. Яъни марксистик диншунослик ёки Ғарб диншунослигига ўрин берилмаган, дейди муаллиф.

Шу билан бирга, Саид Аҳмадов тожикистонлик дин уламолари ҳам баъзан дарс бериш жараёнларида қатнашиб туриши тарафдори эканини айтади.
- Бу метод жамиятимизда исломшунос олимлар, педагоглар ва дин уламолари ўртасида англашмовчилик келиб чиқишининг олдини олади. Чунки бизнинг педагогларимиз Ислом дини бўйича етарли билимга эга эмаслар. Менимча, булар иккиси бир-бирини тўлдириб бориши керак, дейди Аҳмадов.

Тожикистонлик диншунос олим Шерзод Абдуллозода фикрича, Тожикистонда исломшунос - педагог кадрлар тайёрлаш вақти етган.

- Бунгача мактаб диндан айри бўлгани ва ўқувчиларнинг масжидга бориши таъқиқлангани сабабли ёшлар Исломдан етарлича хабардор бўлиш имконидан маҳрум эди.

Энди бугунга келиб фарзандларимизга Исломни чуқурроқ ўргатишга киришар эканмиз, аввало диншунос ва исломшунос педагогларни тайёрлаш ҳамда бунда бошқа исломий мамлакатлар тажрибаларини ўзлаштиришимиз лозим, дейди тожикистонлик олим.

Аснода тожик жамияти мактабларда “Ислом маърифати” ўқитилишини хурсандлик билан қарши олгани кузатилади.

- Биз мусулмонмиз ва динимиз таълим берадиган суннат, фарз, одоб-ахлоқни бошқалардан яхшироқ билишимиз лозим. Ва бугун мактабларимизда бизга Ислом маърифатининг ўргатилиши жуда зўр иш, дейди душанбелик суҳбатдошларимиздан бири.

Мустақил таҳлилчилар Тожикистонда “Ислом тарихи” ва ундан кейин “Ислом маърифати”дан таълим беришдан мақсад дин асосларини чуқурроқ ўргатиш баробарида мамлакат ёшларини жамиятда илдиз отаётган турли диний-экстремистик гуруҳларга эргашиши олдини олиш эканини таъкидламоқдалар.

- Халқ табиатан динга эргашувчи. Хусусан тожик миллати. Улар ўз динига доир маълумотларга эга бўлиш учун турли манбалар эътибор қаратади. Жумладан, имом-хатибларнинг маърузалари, амри маъруфлари ва панду насиҳатларини ҳам жон қулоғи билан тинглашади, қўл телефонларига ёзиб олишади. Агар эътибор қаратган бўлсангиз, сўнгги йиллар кўпчилик фуқароларимиз Ҳизбут-Таҳрир, Салафия, Жамоати Таблиғ каби турли гуруҳларга мойиллик кўрсата бошладилар. Улар бу гуруҳлар фаолияти қонун доирасида таъқиқланганидан хабарсизликлари сабабли бу гуруҳларнинг тарғиботларига қулоқ солишди ва натижада кўплари қамоққа ташланди. Менимча, вазирлик ҳам, ҳукумат ҳам халққа, хусусан, ёшларга Ислом динидан кенгроқ маълумот бериш мақсадида бу янги фанни мактаб программасига киритган. Аммо ҳали бу етарли эмас. Халқимизнинг Ислом дини борасида тўла маълумот олишга бўлган эҳтиёжини қондириш учун ҳали кўп ишлаш керак, дейди мустақил таҳлилчи Сайидумар Ҳусайний.
XS
SM
MD
LG