Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:49

Рамазон ташбеҳлари


Ўзбек расмийлари талабига кўра, Рамазон ойида Ўзбекистонда Таровиҳ намозлари фақат Жомеъ мақомига эга бўлган масжидларда ўқилиши керак.
Ўзбек расмийлари талабига кўра, Рамазон ойида Ўзбекистонда Таровиҳ намозлари фақат Жомеъ мақомига эга бўлган масжидларда ўқилиши керак.

Рамазон ойи кириб мусулмонлар рўза ибодатини бошлашди. Лубнон¸ Эрон¸ Туркия каби мамлакатлардаги мусулмонлар 20 августдан рўза тутишган бўлса¸ бошқа давлатлар, хусусан, Ўзбекистонда рўза шанба кунидан белгиланди.

Рамазон арафасида ўзбек мусулмонлари "Рўза қачон бошланади? Қачон ният қилиб, қачон оғиз ёпилади?" деган савол жавобини қидиришди.

Рамазоннинг қачон бошланиши Ўзбекистон бозорларидаги тужжорлар учун ҳам муҳим¸ зеро, улар учун бу ой гўшт ¸ нишолда¸ хурмо каби ифтор дастурхонига қўйиладиган неъматларнинг харидоргир пайтидир.

Чалкашликми ë икки хил ëндошув

Тошкентлик диндор Мўътабар Аҳмедованинг айтишича, рўзанинг қачон бошланиши пайшанба кунигача номаълум бўлиб турган.

- Албатта бизларда чалкашлик жуда кучли бўлади. Бу йил янада кучли бўлди. Ҳафта-10 кун илгари “18 августда тутилар экан” деган хабар келди. Кейин 20 августда экан, дейишди. Чоршанба куни диний идора қачон оғиз бекитилишини эълон қилар экан, деди. Лекин чоршанба куни эълон бўлмади. Шунинг учун кеча одамлар нима қилишни билмай қолди¸ дейди Мўътабар Аҳмедова.

Исломшунос олим Сайфиддин Сайфуллоҳ рўзани қачон тутиш масаласида расмий идоралар раъйига қарашини айтади.

- Биз энди "амри подшо вожиб" деб қилдик энди. Бошқа нима қиламиз? Календарда белгилангани бўйича тутаяпмиз. Ўзингиз биласиз¸ бу энди раҳбарлар ҳал қиладиган нарса¸ дейди Сайфиддин Сайфуллоҳ.

Рўза ва на моз вақтини аниқлаш масаласи боис ўтмишда исломий давлатларда астрономия ва математика ривожланган.

Ҳозир Туркияда истиқомат қилаëтган ўзбекистонлик мулла Мусо назарида эса рўза вақтини математик усулда эмас, балки оддий кузатув орқали белгилаган маъқул.

- Чалкашлик нимада¸ деган савол туғилганда, масалан¸ Туркия бўлсин¸ Ўзбекистон бўлсин¸ бошқа бўлсин, математик тақвим бўйича қилишади. Саудия ва бошқа араб мамлакатларидаги мусулмонлар ойга қараб белгилайди. Пайғамбаримизнинг (с.а.в) ҳадислари бор-ку. Шунга кўра, ойни кўриб¸ рўзани бошлашимиз керак. Айни шаклда ойни кўриб байрам намозини ўқишимиз керак. Асос бўлган нарса¸ далил бўлган нарса ойдир. Математик ҳисоб бўлмайди. Математик ҳисобда хато бўлиши мумкинлиги учун ҳам бизга тавсия қилинган нарса ойдир¸ дейди мулла Мусо.

Таниқли олим Обид қори Назаров рўзанинг бошланиш вақти билан боғлиқ вазиятга ойдинлик киритди.

- Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Пайғамбаримиз (с.а.в) “Ойни кўриб тутингиз ва очингиз”, деганлар. Ўшандан бери дин эркинлиги мавжуд бўлган ислом мамлакатларида одамлар бу қоидага амал қилишади. Чунки давлатларнинг ўзи шунга йўл беради. Аммо дин ва мусулмонлар тазйиқ остида қолган ҳудудларда эса бу нарсага амал қилишни ҳукумат истамайди. Шунинг учун улар ибодат вақтини ҳам ўзларининг йўли билан белгилаб беришга ҳаракат қилишади. Улар ойнинг чиқишини ва ботишини астрономик кузатувлар орқали кузатишади.

“Астрономик¸ фалакиëт кузатувлари ëрдамида¸ асосида тузилган тақвим тўғри. Шунга амал қилиш керак” дейдиган одамлар ҳам¸ олимлар ҳам бор. Аксинча, бу табиий ҳолат билан белгиланиши керак¸ дейдиган олимлар ҳам бор. Биз фалакиëт тарафдорларига қарайдиган бўлсак¸ бу ишлар жуда ҳам аниқ ва хатодан ҳоли бўлади, деб айтиш ўринли эмаслигини кўрамиз. Бундай кузатишлар асосида қарор чиқарадиганларда ҳам адашишлар бўлиб туради. Олайлик¸ бу йилги Рамазонни белгилашда ҳам шу кўзга ташланаяпти¸ дейди Обид қори Назаров.

Рўза арафасидаги тижорат

Ўзбек шоир Ҳамза Ҳакимзоданинг “Рўза тутдим нон учун” деган шеъри бор. Шоирнинг бу шеърида кўпчиликнинг тақво учун эмас¸ балки моддият илинжида рўза тутгани танқид қилинади.

Ўзбекистонлик суҳбатдошларимизнинг айтишларича, шу кунда Ўзбекистон бозорларидаги тужжорлар рўзани баҳона қилиб нархни оширишмоқда.

- Ҳамма нарса қимматлашди. Бу бор. Битта кичкинагина қовун оламан десангиз¸ 1500-2000 сўм. Тарвузлар ҳам шу. Ҳамма нарса қимматлашган¸ дейди Мўътабар Аҳмедова.

Рўза айëмида егуликларнинг қимматлашуви,Сайфиддин Сайфуллоҳнинг эътирофича ҳам, ҳар йил кўриладиган ҳолат.

- Шу қимматлашиб кетиши тўғри эмас. Бу¸ қўполроқ айтганда¸ ноинсоф одамларнинг одати. Бунақа бўлиш керак эмас. Шу одамларга ҳам инсоф берсин. Шу одамлар Рамазондан фойдаланишни ўйламаслиги керак. Рамазондан моддий эмас, маънавий фойдани кўзлаш керак¸ дейди Сайфиддин Сайфуллоҳ.

Тижоратчи ўзига оид молини сотаëтган бўлса-ю¸ биз ундан Рамазон ойи боис нархни туширишини сўрасак¸ бу инсофданми? Ахир таннарх деган¸ фойда деган тушунчалар Исломга зид эмас-ку?! Бу саволимизга жавобни Обид Қоридан олдик.

- Расулуллоҳ (с.а.в) “Сотганда ҳам¸ харид қилганда ҳам бағрикенглик қилган инсонга Оллоҳнинг раҳмати ëғилсин”, деганлар. Яна “Одамларнинг яхшиси одамларга кўпроқ фойда етказадигани” дейдилар. Одамларга қандай фойда етказиб бўлади? Мана шу касб-кор билан фойда етказилади. Шунинг учун бундай пайтларда нарх-наволарнинг кўтарилишидан хурсанд бўлиш ва “Одамлар барибир олади, одамлар мажбур, Рамазонда олади-да, Ҳайитда олади-да” деган нарса билан нархларни кўтариш¸ одамларга қийин бўлаëтганига эътибор бермаслик бағритошликка¸ бераҳмликка кириб қолади. Бундай тижоратчилар савоб олмайдилар¸ дейди Обид қори Назаров.

Рамазондан мурод сиëсий тижоратми?

Ўзбекистон ҳукумати кўпгина ҳисоботларда диндорларга ва хусусан, мусулмонларга тазйиқлар қилаëтган режим сифатида тилга олинади. Рамазон кириб келар экан, Ўзбекистон ҳукумати бундан "Мана, мамлакатда диний бағрикенглик бор" деган гапнинг тарғиботи сифатида фойдаланади. Обид қори Назаров бу ҳолатга изоҳ берди.

- Ислом ва мусулмонлар Ўзбекистон ҳукумати учун катта бир муаммо. Ўзбекистон ҳукуматининг Исломга муносабати яхши эмас. Ўзи дилдан Исломни суймаган инсонлар бўлгандан кейин улар бундай ишларни фақат ўз сиëсий мақсадлари йўлида ишлатадилар ва Рамазонни ҳам сиëсий тижоратга айлантиришга ҳаракат қиладилар. Бундай ойнинг ҳурматидан на қамоқхонани ëпадилар¸ на қийноқларни тўхтатадилар¸ на тазйиқни камайтирадилар. Аксинча¸ барчасини кучайтирадилар. Рамазон келиши билан одамларнинг қалбига қўрқув ҳам келади¸ дейди Обид қори Назаров.

Қочган ҳам, қувган ҳам Худо дейди

Суҳбатдошимиз "Мемориал" фаоли Мўътабар Аҳмедова Ўзбекистонда золимлар ҳам мазлумлар билан бирга рўза тутаëтганини айтади.

- Бизларда ҳамма мусулмон. Аммо бизларда Ислом йўқ. Бир қўли билан ўғирлик қилади¸ қотиллик қилади¸ иккинчи қўли билан Оллоҳга ибодат қилади. Буни билгувчи Оллоҳнинг ўзи. Бунинг ҳаммаси мунофиқлик¸ дейди Мўътабар Аҳмедова.

Исломшунос олим Сайфиддин Сайфуллоҳга кўра¸ тақлид эмас¸ тақво муҳим.

Сайфиддин Сайфуллоҳ: “Тоғ бўрисиз бўлмас¸ қишлоқ ўғрисиз” деган гап бор. Бу аччиқ ҳақиқат гап. Бу бор гап.

Озодлик: Эртага Рамазон бўлади экан¸ деб бугун маишатни жуда маромига етказиб қилиш...

Сайфиддин Сайфуллоҳ: Оллоҳ асрасин бундан. Бу энди жуда ҳам нозик масала. “Эртага Рамазон бўлади, бугун баъзи бир ишларни қилиб олайлик, Рамазон ойида буни қила олмаймиз, ичиб қолайлик¸ маишат қилайлик¸ фаҳш ишлар қилайлик” дейдиган инсонлар йўқ эмас. Афсуски¸ шунақа инсонлар бор. Бу инсонлар бу қилиғи билан¸ бу иши билан жуда катта хато қилади. Булар маърифати жуда оз инсонлар. Бошқа инсонларга тақлид қилиб юрган инсонлар. Одатда, имон ҳақида гап кетганда¸ тақлидий ва таҳқиқий имон бор, дейди. Булар бировга тақлид қилиб яшайдиган кишилар. Тақлидий имон билан инсон узоққа бор олмайди¸ кўзлаган мақсадига эриша олмайди. Рамазонга тавба ва истиғфор билан кириш керакки¸ токи Рамазон янада манфаатли¸ янада қувватли¸ янада фойдали бўлсин. Рамазонда моддий ва маънавий умуман ҳар жиҳатдан покланиб кирилса¸ ўша Рамазоннинг файзи янада зиëда бўлади.

Озодлик: Ифторликларни овқат ейиш бўйича мусобақаларга айлантириб юборилиши...

- Ифторлик дегани бу овқатни исроф қилиш дегани эмас. Масалан¸ биринчиси сузилади¸ иккинчиси сузилади. Бунга чидаш мумкин. Учинчи¸ тўртинчисига ўтгандан кейин бу исроф бўлади. Бундан ташқари¸ бу овқатларни тайëрлаш учун қанча одам сарсон бўлади. Оллоҳ Қуръони Каримда: “Енглар¸ ичинглар¸ лекин исроф қилманглар” деб айтган. Шунинг учун ифторликларга жуда эҳтиëт бўлиш керак. Пайғамбаримиз (с.а.в) замонларида қанақа ифторликлар бўларди? Шуни халққа бир тушунтириб қўйишимиз керак. Ифтордан мақсад қоринни тўлдириб ейиш эмас. Ифторлик бу рўзадорнинг ўзининг эҳтиëжига кўра нарсаларни тановвул қилиши. Рўзадор ифторликда биринчи¸ иккинчи¸ учинчи ва тўртинчини паққос ургандан кейин ибодат ҳам шунга яраша бўлади¸ дейди Сайфиддин Сайфуллоҳ.

Бировларнинг ибодатини муҳокама қилиш ийманишга лойиқ бир машғулот. Аммо нима бўлганда ҳам "Бир диндорга зулм қилаëтган золимнинг ибодати қабул бўладими?" деган саволга ҳам жавоб истадик.

Обид Қори Назаров гапиради.

- Баъзи одамлар ўзларининг ҳиссиëтларига берилиб¸ “Золимларнинг тутган рўзаси ҳам рўза эмас, уларнинг ўзлари ундай¸ бундай” деб юборишади. Эҳтимол шундайдир. Шундай бўлиши ҳам мумкин. Шариатнинг бу жиҳати ҳам бор. Лекин фақат шунинг ўзи ушлаб олинмайди.

Халққа зулм ўтказиш ниҳоятда оғир гуноҳ. Одамларни қийнаëтган қамоқхона нозирларими¸ ҳукумат арбобларими – шуларнинг ичидан кимдир рўза тутаëтган бўлса¸ булар золимнинг рўзаси. Зулм бу куфр дейилмайди. Яъни зулм қилган одам диндан чиқиб кофир бўлади, дейилмайди. У қаттиқ гуноҳкор бўлади. Унга қаттиқ гуноҳкорлиги ҳам етиб ортади. Бу ëқдаги одамларнинг “У кофир бўлди, унинг ҳеч бир амали қабул бўлмайди” деган сўзларни айтмасалар ҳам унинг зулми¸ бир мусулмонга қилган зўравонлиги¸ зуғуми унинг ниҳоятда қаттиқ азобда қолишига¸ дўзахга тушишига ва дўзахда жуда ҳам оғир ҳолатларда қолишига кифоя қилади. Тутаëтган рўзасини эса Оллоҳ билади¸ дейди Обид қори Назаров.

Исломнинг беш асосий арконидан бири бўлган рўза ибодати Ўзбекистонда шанба кунидан деб белгиланди.
XS
SM
MD
LG