Линклар

Эркин микрофон

  • Садриддин Ашур

Марҳамат¸ +420 602 612 713 рақамига қўнғироқ қилинг, SMS хабарлари йўлланг - Озодликнинг эркин микрофони Сиз учун ҳам очиқ!

Марҳамат¸ +420 602 612 713 рақамига қўнғироқ қилинг, SMS хабарлари йўлланг - Озодликнинг эркин микрофони Сиз учун ҳам очиқ!

Озодликка тингловчи ва муштарийлардан йўлланаëтган SMS-хабарлар, бўлаëтган қўнғироқлар асносидаги суҳбатларда яна турфа мавзулар¸ турфа мулоҳаза ва истаклар Эркин микрофон рукнида жамланди.

“Рамазон муборак бўлсин!”

Муборак Рамазон ойининг кириб келиши муносабати билан муштарийларимиз барча мусулмонларни табрикламоқда. Қўқон шаҳридаги Ғиштли масжиддан қўнғироқ қилган Нуруллохон ҳам ўз табригини етказиб қўйишимизни илтимос қилди:

- Ассалому алайкум. Мен Ўзбекистоннинг Қўқон шаҳридан Нуруллохон. Юртимизда Рамазон илиқлик билан кутиб олинаяпти. Жомеъ масжидларда 15 кунлик хатми Қуръонлар бошланди. Имомларимиз¸ жамоат илиқлик билан Рамазонни кутаяпмиз. Озодлик радиосини яхши радио, дейишади. Шунинг учун телефон қилдим. Ҳамма фикрлар тўла¸ яхши гапирилади. Ўзбекистонда бир хил вақтда нотўғри гаплар гапирилади, деган гап бор. Яна бир гапим бор. Имомларимиз “Аҳли сунна вал жамоа” бўйича яхши гапларни гапиришса. "Диний эркинлик" деган нарсалар бор-ку. Телевизорда ҳам яхши гаплар гапирилса. Президентимизнинг ғояга қарши ғоя деган гаплари бор. Дин яна ҳам яхшироқ тарғиб қилинса¸ мен хурсанд бўлардим¸ дейди Қўқон шаҳридаги Ғиштли масжиддан қўнғироқ қилган Нуруллохон.

“Ўзбекистонни ҳадеб танқид қилаверманглар...”

Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманидаги Нурсуқ қишлоғида яшовчи ўқитувчи Дадажон Содиқовнинг эътирозига кўра¸ Озодлик радиоси Ўзбекистонни фақат қора бўёқларда тасвирлайди. Унинг фикрича, меҳнат қилган одам Ўзбекистонда хор бўлмайди:

- Мен Озодликни тўрт-беш йилдан бери эшитиб бораман. Янгиликлар дарров берилади. Жуда яхши томонлари кўп. Менда битта фикр бор. Билмадим, ўқитувчи бўлганлигим учунми¸ кўп одамлар билан гаплашганим учунми, Озодликдан Ўзбекистон ҳақида кўпроқ салбий фикрлар билдирилади-да. Менга шу ноўриндай туюлади. Бундай ўйлаб қарасангиз¸ ҳозирги замонда битта рўзғорни бошқариш ҳам қийин бўлаяпти. Юртбошимиз шунча катта давлатни бошқариб¸ эплаб турибди. Битта одамга қийин-да. У ҳамма нарсани идора қила олмайди. Ўзбекистонда аҳоли кўп. 25-26 миллион атрофида. Қирғизларда олти миллион бўлса керак. Бизда аҳоли кўп¸ ер майдони кичкина. Лекин ҳаëтимиз¸ менинг ўзимнинг фикрим бўйича яхши. Чунки ҳозирги даврда ким ҳаракат қилса¸ меҳнат қилса¸ яхши ҳаëт кечираверади. "Берсанг ейман¸ урсанг ўламан" дейдиган одамлар кўп-да. Кўпинча шу одамларнинг ҳаëти яхши эмас¸ дейди Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманидаги Нурсуқ қишлоғида яшовчи ўқитувчи Дадажон Содиқов.

“Ўзбекистонликлар Россия фуқаролигини олишмоқда. Нега?"

Бугун миллион-миллион ўзбек меҳнат муҳожирлари узоқ йиллар давомида хорижда қолиб кетмоқда. Улар эркин ишлашлари ва тазйиқларга учрамаслиги учун ўзга мамлакат фуқаролигини ўз ихтиёрлари билан олишмоқда. Бу ҳақда етти йилдан буён Россиянинг Иркутск шаҳрида ишлаётган фарғоналик Иқболжон гапириб берди.

- Одамлар Россияга келган бўлса¸ ҳеч кимда қайтиб кетиш йўқ. Кўпчиликка қийин бўлиб қолди ҳозир. Масалан¸ мен ҳам Россия фуқаролигини олиш ҳаракатида юрибман. Биз ҳам уйни соғинамиз. У ëқдан ўйлаймиз¸ бу ëқдан ўйлаймиз. Бола-чақа деб, Ўзбекистонга борамиз¸ лекин у ëқда тирикчилик яхши бўлмайди. Иложсизликдан қайтиб келамиз яна. Ҳозир мен билан бирга 40 нафарча болалар ишлайди. Шуларнинг 20-25 нафари Россия фуқаролигини олган. Бу ерга келиб Россия фуқаролигини олиб олсангиз¸ ишга кириш ҳам осон бўлади. Кўпчилик бу ерда ишга рухсатномаси борлигига қараб олади¸ дейди етти йилдан буён Россиянинг Иркутск шаҳрида ишлаётган фарғоналик Иқболжон.

“Моҳигул, келманг Россияга...”

Аввалги дастурларимизда наманганлик Моҳигул исмли тингловчимиз меҳнат муҳожирлигида юрган ватандошларига мурожаат қилиб, Россияга ишлагани бормоқчи эканлигини, у ердаги шарт-шароитлар ҳақида муҳожир акаларидан гапириб беришни илтимос қилган эди. Москва шаҳрида ишлаётган андижонлик Рустам Моҳигулга ва Россияда ишлашни орзу қилган бошқа опа-сингилларга жавоб беради:

- Моҳигулхон¸ тўғриси, бу ерга келмаганингиз маъқул. Сабаби эркак кишилар ўзи зўрға ишлаб пул топади. Кўп эркакларимиз ўзининг нимага келганини унутиб қўяяпти. Баъзи бировлар унутмаган¸ лекин ишини топиши қийин бўлаяпти. Пул топишнинг ўзи амримаҳол. Топаëтган пулингизга ўзимизда сабр қилиб¸ қаноат қилиб юришингизни мен тавсия этардим. Сабаби¸ аëл киши бу ерда эркак кишига нисбатан ниҳоятда хор бўлиб кетар экан. Ахлатлардан нон олиб еб юрганларга гувоҳ бўлаяпмиз. Ëш бўлсангиз¸ яхшиси келманг.

Қанчадан-қанча ëш қизлар келаяпти. У ëқдан, бу ëққа чақиришаяпти. Аэропортга чиқиб кутиб олишаяпти. Бир-икки кун қорнини тўйғазади. Сотиб юборгандан кейин эса бу қизнинг ҳаëти барбод бўлади. Дугона-дугона бўлиш¸ андиша¸ бир-биримизга юз иссиқлик Ўзбекистонда бор. Инсоннинг бу ерда бир-бирига бўлган муносабатини юзидаги маскасини олгандан кейин биласиз. Мен келмаганингиз яхши, деб тавсия қиламан. Тўғрисини айтсам¸ бу ерда ўзбек аëллари.... Ўтириб¸ йиғлагиларим келиб кетади. Ҳалигиларга қарасангиз¸ аëлларимизнинг ўзбекона ҳолати қолмаган¸ дейди Москва шаҳрида ишлаётган андижонлик Рустам.

Санкт-Петербург шаҳрида ишлаётган қашқадарёлик Аброр ҳам ўзбек хотин- қизларининг мардикорликда хор бўлаётганидан юраклари эзилиб кетаётганини айтади:

Аброр: У куни бир хоразмлик акамиз гапирди. Эшитиб ўтирдим. Мана шундай ëш қизлар мана шу ëқларда ҳам юрибди.

Озодлик: Қаердан келган улар?

- Хоразмдан ҳам бор¸ Самарқанддан ҳам бор. Ишлаб юрибди-да шу қизлар. Сигарет чекади¸ болалар билан юради. Ўзини хор қилади-да улар. У қизларнинг келажаги йўқ, деб ўйлайман. Биз яшаëтган посëлканинг ўзида 15 нафар ўзбек қизлари бўлса¸ бошқа жойларда ҳам бордир. Ëш¸ чиройли¸ бир рўзғорни гуллатадиган қизлар. Русларга тегиб олган. Рус нима қилади¸ тўрт-беш кун хотин қилади¸ кайфини қилади¸ кетади. Эртага у Ўзбекистонга боради-ку. Кейин нима бўлади? Бошқа одам олмайди-ку уни¸ дейди Санкт-Петербург шаҳрида ишлаётган қашқадарёлик Аброр.

Бугун Ўзбекистондан ташқарида юрган меҳнат муҳожирларининг сони қанча эканлиги тўғрисида расмий маълумотлар йўқ. Норасмий маълумотларга кўра, уларнинг сони беш миллиондан ортиқ.

***

Азиз муштарий! Озодлик радиосининг эркин сўз микрофони сизлар учун доим очиқ. Марҳамат¸ +420 602 612 713 рақамига қўнғироқ қилинг, SMS орқали хабарлар йўлланг.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG