Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:36

Депутатлар мустақил текширув ўтказмоқчи


Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳбусларнинг аёвсиз қийноққа солинишига уларнинг қонли кўйлаклари ҳам далил бўла олади.
Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳбусларнинг аёвсиз қийноққа солинишига уларнинг қонли кўйлаклари ҳам далил бўла олади.

Британия парламентининг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўшма комиссияси мамлакат жосуслик хизматларининг террорда гумон қилинганларни қийноққа тутилишига аралашгани эҳтимолларидан хавотир билдирди.

Хорижда террорчиликда гумонланиб қўлга олинган одамларни тергов қилиш жараёнида британ жосуслик хизматлари ҳам қатнашгани ҳамда уларнинг қийноқ остида олинган маълумотлардан фойдаланганига оид даъволар Бирлашган Қиролликда қизғин мунозаралар марказида қолмоқда.

Гуантанамо қамоқхонасидан озод қилинган Британияда яшовчи Бениам Муҳаммад ўзининг қийноққа солинишида британ жосуслик хизматлари ҳам иштирок этишганини билдирган. Шунингдек, Британиянинг Тошкентдаги собиқ элчиси Крейг Мюррей ўз ҳукумати Ўзбекистонда қийноқлар остида олинган маълумотлардан фойдалангани хусусида айбловларни илгари сурган эди.

Ўзининг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари борасида қилган ошкора чиқишларидан сўнг элчилик лавозимидан озод қилинган Крейг Мюррей, жумладан, қийноқ остида олинган разведка маълумотларидан фойдаланишни “халқаро конвенцияларга зид” деб билишини ва буни англаган ҳолда, Британия ҳукумати улардан фойдаланганини қайд этди.

“Британия ҳукуматидаги вазирлар бундай маълумотлардан фойдаланиб, қонун доирасидан чиқишди”, деб айтган эди жаноб Мюррей апрел ойида Британия парламентининг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўшма комиссиясида бўлган тингловларда.

- Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ўзбекистонда қийноқлар мунтазам қўлланилиши ва иқрор олишнинг энг асосий усули бўлиб қолаётгани ҳақида айтар экан, демак, Ўзбекистондан келаётган ҳар қандай разведка маълумоти қийноқ остида олинган. Қийноқ мунтазам қўлланиладиган давлатдан чиққан бунақа маълумотлардан фойдаланиш эса БМТ конвенциясига зиддир, деб айтган эди Мюррей апрел ойида бўлган тинглов чоғида.

Шунингдек, Британиянинг Тошкентдаги собиқ элчиси Ўзбекистондан олинган маъмулотлар қийноқлар остида қўлга киритилгани эҳтимоли борасида Лондондаги масъулларга хавотирини ўз вақтида билдиргани, аммо Британия бунга кўз юмганини даъво қилган.

- Мен бу ҳақда Тошкентда элчи лавозимида ўтирган пайтим вазирга: "Балки, бу ҳаракатингиз қонунга хилофдир", деган мазмунда иккита телеграммани жўнатганман, аммо ҳар иккаласига ҳам ёзма тарзда жавоб олмаганман. Кейинчалик бу нарсалар ҳақда ёзмаслигим лозимлиги ҳақида айтилди. Вазирлик ҳуқуқий маслаҳатчиси Майкл Вуднинг қийноқ остида олинган маълумотлардан разведка хизматининг фойдаланиши қонунга зид эмаслиги ҳақида айтгани ҳаммасидан ошиб тушди, деб таъкидлади Крейг Мюррей парламент тингловларида.

Британия расмийлари ўз мамлакатлари террорчиликда гумонланганларни қийноққа солишда иштирок этгани эҳтимолларини қатъий рад этишмоқда. Жумладан, Британия Ташқи ишлар вазири Девид Милибанд ва Ички ишлар вазири Алан Жонсон "Британия ҳукумати қийноқларни қоралайди", деб баёнот беришди.

Британия парламентининг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўшма комиссияси бу даъволарни ўрганиб, инсон ҳуқуқларини оёқ-ости қилиш ва қийноқлар масаласига келганда Британия бефарқ бўлмаслиги кераклигини айтиб, бу юзадан мустақил суриштирув олиб борилиши керак, деган хулосага келди.
XS
SM
MD
LG