Линклар

18 август куни президент Каримов ва АҚШ қўмондони Дэвид Петреус ўртасида бўлиб ўтган сўзлашув Ўзбекистонда АҚШ ҳарбий базасининг пайдо бўлиши эҳтимоллари ҳақида фикр билдириш учун янги баҳона бўлди.

АҚШ қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Дэвид Петреус Тошкентга келиб ҳужжат имзолаб кетганидан уч кун ўтиб, бир қатор оммавий ахборот воситалари бу ҳужжатга аҳамият қарата бошлади. Имзоланган бу ҳужжатнинг аҳамиятини АҚШ элчихонаси пасайтиришга ҳаракат қилди.

- Бу тренинглар ўтказилишини назарда тутувчи бир келишув. Бундай стандарт келишувларни биз дунё бўйлаб кўплаб давлатлар билан имзолаганмиз¸ деди Тошкентдаги АҚШ элчихонасининг расмий вакили Молли Стивенсон.

Дэвид Петреус ва Ўзбекистон Мудофаа вазири Қобул Бердиев ҳарбий-техник ҳамкорликка оид ҳеч қандай янги келишувни имзолагани йўқ. Шунчаки, ўз имзолари билан улар ҳарбий соҳадаги алоқалар ва тажриба алмашишни назарда тутадиган протокол муддатини яна бир йил муддатга чўзганлар.

АҚШ қўмондони Дэвид Петреуснинг Тошкентга келиши билан боғлиқ каттароқ мунозаралар Ўзбекистонда жойлаштирилиши айтилаётган базалар устида бормоқда.

Россиядаги нуфузли “Коммерсант” газетаси АҚШ базасини очиш масаласи Петреус-Каримов музокаралари давомида кўтарилгани ҳақида ёзди.

“Коммерсант” шарҳловчиси Владимир Соловьёвга кўра, Ўзбекистондан 2005 йилда чиқариб юборилган АҚШ базасини қайтариш ғояси сўнгги воқеалар ривожи манзарасида анча ишончли кўринади.

- Тошкент АҚШ ҳарбий базасини Ўзбекистонга қайтариш масаласини кўтараётган бўлиши мумкин. Айниқса¸ Россия Қирғизистонда янги базани очиши ҳақида эълон қилганидан кейин, расмий Тошкент бунга қарши чиқишини очиқдан-очиқ баён қилганди. Ўзбекистонда АҚШ ҳарбий базаси бугун ўтиб эртага очилади дегани эмас. Шунчаки ҳозир базанинг пайдо бўлиши билан АҚШнинг Ўзбекистон учун қандай қулай шароитларни яратиши ҳақида гап бормоқда¸ дейди Владимир Соловьëв.

Президент Каримов генерал Петреус билан учрашар экан, ўзининг аввалроқ АҚШ Давлат котибининг ўринбосари Уиллиам Бёрнс билан ўтказган сўзлашувларига аҳамият қаратди, аммо базалар масаласига ишора қилмади.

- Мана яқиндагина мен АҚШ Давлат котиби ўринбосари жаноб Бёрнс бошчилигидаги нуфузли делегация аъзолари билан АҚШ – Ўзбекистон муносабатларинини батафсил муҳокама этдим. Иккала томон ўзаро муносабатларни кучайтириш учун пайдо бўлаётган улкан имкониятларни ишга солиш масаласига ижобий ёндошди¸ деди президент Каримов.

Мустақил журналист Сергей Ежков фикрича, расмий Тошкент томонидан қилинган аввалги қатъий баёнотлар Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар базаларига мойил эмаслигини кўрасатади.

- Давлат очиқдан-очиқ баён қилмоқдаки, Қирғизистонда Россия ҳарбий базасининг пайдо бўлиши миллатлараро муносабатларни оғирлаштириши ва террорчи гуруҳлар томонидан ҳужум уюштирилишига сабаб бўлиши мумкин. Шундай дер экан, Ўзбекистон минтақада мутлақо хорижий базаларни жойлаштириш ғоясига қарши чиқмоқда. Шу жумладан, ўз ҳудудида ҳам¸ дейди Сергей Ежков.

Ўзбекистонда АҚШ ҳарбий базасининг пайдо бўлиши мумкинлигини инкор этувчи яна бир баёнотни АҚШнинг Тожикистондаги элчиси Трейси Энн Жейкобсон ҳам қилган эди. Маҳаллий журналистларга берган интервьюсида Трейси Энн Жейкобсон АҚШ Марказий Осиёда умуман янги ҳарбий базаларни очишни режалаштирмаётганини айтган эди.

Вашингтондан сиёсий таҳлилчи Абдуманноб Пўлатов Ўзбекистон раҳбарияти билан ҳарбий базани очиш масаласини муҳокама этаётган тақдирда ҳам Пентагоннинг бу борада сукут сақлашни афзал кўраётганини тушуниш мумкин, деб айтади.

- Баëнотларга қараб¸ ҳақиқатан мақсад нималиги тўғрисида шошилиб хулоса чиқариш керак эмас. АҚШнинг “Биз Ўзбекистонда база очишга интилмаяпмиз” деб айтаëтганининг сабаби¸ менимча¸ шундан иборатки¸ агар Қарши-Хонобод ëки бошқа бир ҳарбий базани очиш бўйича кетаëтган ва очиқ айтилмаëтган музокаралар натижасиз тугаса¸ “Мана, Америка ҳаракат қилди¸ аммо оча олмади” деган гап бўлмаслиги учун буни ҳозир ошкор қилишмаяпти. Менинг фаразим бўйича¸ Қарши-Хонобод базасини қайтадан очиш бўйича очиқ бўлмаган музокалар кетаяпти¸ дейди Абдуманноб Пўлатов.

Аксар таҳлилчилар АҚШ ва Ўзбекистон ҳарбий ҳамкорлигида яқин келажакда жиддий бурилиши кутилмаётганини таъкидлайдилар. Айни пайтда АҚШ Ўзбекистонда тўлақонли ҳарбий базага эга бўлмаса ҳам Афғонистонга юк ташиш мақсадида Навоийдаги аэродромдан, Ўзбекистон темир ва автомобил йўлларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлди.

Россиянинг янги ҳарбий базаси Ўзбекистон чегарасига яқин Қирғизистон ҳудудида ҳали пайдо бўлмаган шу кунги вазият сақланиб қолган тақдирда Ўзбекистон ва АҚШ ни бугунги ҳарбий ҳамкорлик даражаси қондириши керак.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG