Линклар

Диктаторлар сулҳномаси имзоланган кун

  • Ҳурмат Бобожон

"Молотов-Риббентроп пакти"нинг имзоланишидан Сталин ҳам, Гитлер ҳам муайян мақсадларни кўзлаган эди.

"Молотов-Риббентроп пакти"нинг имзоланишидан Сталин ҳам, Гитлер ҳам муайян мақсадларни кўзлаган эди.

“Молотов-Риббентроп пакти”га 70 йил тўлди. 1939 йилнинг 23 август куни Германия ва Совет Иттифоқи ҳужум қилмаслик ҳақидаги "Молотов-Риббентроп пакти"ни имзолаган эди.

Ўша даврдаги Германия ташқи ишлар вазири Йоахим фон Риббентроп ва Совет Иттифоқи ташқи ишлар вазири Вячеслав Молотов номи билан айтиб келинаётган бу ҳужжат Шарқий Европани бўлиб олишни ҳам назарда тутган.

1939 йил, 23 август. Ўша куни Сталин раҳбарлиги остидаги Совет Иттифоқи ва Гитлер Германияси ўртасида имзоланган ўзаро ҳужум қилмаслик пакти дунёни урушга яна ҳам яқинлаштирди.

Гитлер учун бу пакт Полшадаги “муаммолар”ни жиловлаш ва айни пайтда унинг Иттифоқчилари бўлган Франция ҳамда Англияга қарши уруш бошлаши учун йўл очган бўлса, Советлар доҳийси Сталин учун ушбу пакт қатағон даврида яксон бўлган армияни тиклаб олишга вақт қозониш, қолаверса, Шарқий Европани ўз таъсирига олиш имконини англатар эди. Яъни, “Молотов-Риббентроп пакти”га Шарқий Европани бўлиб олишни назарда тутилган махфий протокол ҳам иловаланган эди.:

- Айтиб ўтиш керакки¸ икки томондан ҳам бошқа халқлар ҳисобига¸ СССР ўз сиëсатини хаспўшлаб тўғри деб келган бўлса ҳам амалда Гитлер Германияси билан келишиб¸ дунëдаги бошқа халқлар ҳисобига ўз ҳудудларини кенгайтириш назарда тутилган эди¸ дейди Ўзбекистонлик тарихчи олим, тарих фанлари доктори, профессор Раҳмон Фармонов.

“Молотов-Риббентроп” пакти имзоланганидан бир ҳафта ўтиб¸ 1939 йилнинг 1 сентябр куни Германия кучлари Полшага ҳужум қилиб, иккинчи жаҳон урушини бошлаб юборди. 17 сентябр куни эса Сталиннинг Қизил армияси Полшанинг шарқий ҳудудларига бостириб кирди. Ноябр ойида Қизил Армия “Молотов-Риббентроп пакти” махфий протоколида Совет Иттифоқи таъсир доираси қилиб белгиланган Финляндияга ҳужум қилди.

1940 йил ёзида эса Совет армияси Болтиқбўйи давлатларига бостириб кириб, у ерда куч билан ўз ҳукмронлигини ўрнатди. Кейинчалик Сталин Руминиянинг Бессарабия ва Шимолий Буковина ҳудудларини босиб олди. Босиб олинган худудларда Советлар қатағони ва мажбурий бадарға этишлар бошланди.

Профессор Раҳмон Фармонов фикрича, Иккинчи жаҳон уруши бошланишида Совет Иттифоқининг ҳам ҳиссаси бўлган.

- Менинг назаримда¸ иккинчи жаҳон уруши бошланишига Гитлер Германияси бошчилигидаги агрессив кучлар сабабчи бўлган. СССР ни ҳам иккинчи жаҳон урушининг келиб чиқишига сабабчилардан десак бўлади. СССР нинг узоқ вақт олиб борган сиëсати ҳам босқинчилик сиëсати эди. Бу иккинчи жаҳон уруши даврида ва ундан ўзини яна бир бор кўрсатди¸ дейди Раҳмон Фармонов.

Совет тарихчилари узоқ йиллар давомида бу фактларни, жумладан, Германия билан имзоланган Шарқий Европани бўлиб олишни назарда тутувчи махфий протокол борлигини рад этиб келишган. Кейинчалик бу ҳужжат Германия архивларидан¸ нусхаси Болтиқбўйидан топилди.

- 1989 йилда СССР парчаланиб кетишидан олдин бу ҳужжатнинг нусхаси Болтиқбўйидан топилди. Ўша пайтда Ўзбекистоннинг биринчи котиби Ислом Каримов бунда қатнашиб¸ бу нарсаларни ўз кўзи билан кўрди¸ дейди Раҳмон Фармонов.

Германия ва Совет Армиясининг 30-йиллар охирида ўта заиф ҳолда экани икки диктаторни шундай аҳдлашувга ундаган омил сифатида кўрилади.

1939 йил май ойида Германия қуролли кучлари штаби бошлиғи Гитлерга тақдим этган махфий ҳисоботида Армиянинг аҳволи аянчли экани, узоғи билан уч ойга етадиган қурол-аслаҳа, ўқ-дори, олти ойга етадиган ёқилғи қолганини билдирган. Айнан шу боис Гитлер учун Совет Иттифоқи билан ҳужум қилмаслик ҳақидаги келишув муҳим эди.

- Маълумки¸ Совет Иттифоқи ва Германия биринчи жаҳон урушидан сўнг мағлуб бўлган давлатлар қаторида эди. Германия яксон бўлган, Совет Иттифоқи билан эса етакчи давлатлар муносабат қилмай қўйган эди. Мана шу омиллар икки диктаторни бир-бирига яқинлаштирди, дейди россиялик тарихчи олим Сергей Слух.

Ўзбекистонлик тарихчи олим Раҳмон Фармонов фикрича, Германия ва Совет Иттифоқини яқинлаштирган омил улар табиатидаги ўхшашлик эди.

- Германия ва СССР ўртасидаги табиати ва тузилишида ҳам ўхшашлик бўлган. Германияда ҳам¸ СССР да ҳам тоталитар тизим бўлган. СССР томонидан икки томонлама ўйин олиб борилган. СССР раҳбариятида икки хил қараш бўлган. Сталинда кўпроқ Гитлер билан яқин бўлишга мойиллик бўлган.

1939 йилдан 1941 йилгача¸ яъни Германия СССР га қарши уруш бошлагунча СССР матбуотида Германиянинг олиб бораëтган сиëсати мақталган.

Булар ўртасида нега бундай битим бўлган? Чунки ўша пайтда СССР, бир томондан, Германия билан музокаралар олиб борган¸ иккинчи томондан, Англия ва Франция билан музокара олиб борган. Англия кейинчалик Америка билан бир қаторда СССРнинг иттифоқчисига айланади¸ лекин унгача Англия СССР га ишонмаган. Шунинг учун ҳам СССР боши берк кўчага кириб қолгандай бўлган. Чунки иттифоқчилар бўлмаган-да. Шунинг ҳисобига Гитлер Германияси билан мана шундай пакт имзоланган¸ дейди Раҳмон Фармонов.

“Молотов-Риббентроп пакти”, шунингдек, Совет Иттифоқи тарафидан Германияга ёқилғи, озиқ-овқат етказиб беришни назарда тутган. Ушбу пакт икки йилдан камроқ ўз кучида турди.

1941 йил ёзида Совет ёқилғиси билан тўлдирилган немис танклари ва қўшинлари пактни бузиб, Совет Иттифоқига уруш очади. Бу уруш Совет Иттифоқида 20 миллион одам ёстиғини қуритди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG