Линклар

logo-print

"Чегарачилар Хайруллони огоҳлантиришсиз отган"

  • Гулнора Равшан

Сўнгги пайтларда минтақа давлатлари чегараолди ҳудудларида чегарачилар томонидан ўқотар қурол ишлатилиши билан боғлиқ ҳолатлар кўпаймоқда.

Сўнгги пайтларда минтақа давлатлари чегараолди ҳудудларида чегарачилар томонидан ўқотар қурол ишлатилиши билан боғлиқ ҳолатлар кўпаймоқда.

Ўзбекистон чегарачилари ўқидан ҳалок бўлган тожикистонлик фуқаро Хайрулло Суюновнинг жасади 22 август куни эрталаб унинг қариндошларига топширилди.

Маълум бўлишича, марҳум Хайрулло Суюнов Панжакент туманининг Шўрча қишлоғида истиқомат қилган.

“Озоди” радиосининг Панжакент туманидаги мухбири Шоҳин Равшан марҳумнинг қариндошлари берган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилишича, Хайрулло Суюнов шу йил 22 июл кечки пайт айланма йўллар билан Панжакентдан Самарқанднинг Ургут туманига ўтишга уринган.

- Қариндошларининг айтишига қараганда, 22 июл куни Хайрулло Шўрнова ҳудуди орқали Ургут туманига трактор сотиб олиш учун ўтаётган пайтда ўзбек чегарачилари уни ҳеч бир огоҳлантиришсиз отган. У бир ой Самарқанд касалхоналаридан бирида ётган, дейди Шоҳин.

Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида яхши қўшничилик ва ўзаро ҳамкорликка доир имзоланган шартномаларга биноан ўзбекистонлик чегарачилар тожикистонлик ҳамкасбларини уч кун давомида юз берган ҳодисадан хабардор қилиши зарур эди.

- Аммо, афсуски, Тожикистон Давлат чегарасини қўриқлаш қўмита масъулларига ҳам, Хайруллонинг яқинларига ҳам воқеадан роса бир ой ўтиб, яъни Хайрулло касалхонада вафот этганидан сўнг хабар топишган. Мана бугун эрталаб Ўзбекистон чегара хизматчилари Тожикистон чегарачиларига жасадни топширишди. Айни пайтда жасад Панжакент туман марказида суд-тиббий экспертизасидан ўтказилмоқда, деди Шоҳин Равшан.

Жасадни тиббий экспертизадан ўтказган врач Раҳмонов ҳақиқатдан Хайрулло ўзига теккан ўқдан вафот этганини тасдиқлади.

- Марказимизга олиб келинган жасад бунгача Самарқанд тиббий суд экспертизасидан ўтказилгани маълум бўлди. Буни жасаддаги жароҳатлардан билдик. Аммо бизга ўзбекистонлик касбдошларимиз экспертиза хулосаларини берганларича йўқ. Бизнинг хулосаларимизга кўра, жасадда бир ўқнинг икки изи мавжуд, деди тиббий эксперт Раҳмонов.

Маълум бўлишича, марҳум Хайрулло Суюнов Ўзбекистонга Саразм назорат ўтказиш постидан ўтмаган.

- У айланма йўллар билан Ўзбекистон ҳудудига ўтишга уринган. Ўзбекистонлик чегарачилар ҳам у чегарани ноқонуний кесиб ўтгани сабабли унга ўқ узилганини билдиришган. Лекин Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида яхши қўшничилик, ўзаро ҳамкорликка доир имзоланган шартномага кўра у ёки бу мамлакат фуқаролари чегарани ноқонуний кесиб ўтишга уринганларида унга қарата ўқ узмаслик, аксинча уларни ортга қайтариш ёки огоҳлантириш керак эди. Бироқ бу ўринда ўзбекистонлик чегарачилар шартнома шартларига амал қилишмагани кузатилади, дейди Шоҳин Равшан.

Қайд этиб ўтиш жоизки, Тожикистон билан Ўзбекистон ўртасида 2000 йил виза тартиби жорий қилинган эди.

Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонасидан олинган маълумотларга кўра, орадан икки йил ўтиб, 2002 йил Ўзбекистон ва Тожикистон республикаси чегара ҳудудида яшовчи фуқаролар учун виза тартиби соддалаштирилган.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, чегара атрофидаги 30 километргача бўлган туман, қишлоқлар аҳолиси у ёқдан-бу ёққа ёки аксинча беш кунлик муҳлат билан текин ўтиш ҳуқуқига эгалар.

- Чегарада назорат ўтказиш пунктларидан ўтаётган фуқаролар фақат паспортларини қайддан ўтказишади ва беш кун давомида белгиланган ҳудудда юриш ҳуқуқига эгалар. Назорат ўтказиш пунктларида уларнинг ҳақиқатдан виза тартиби соддалаштирилган ҳудуд фуқароси экани маълум қилингач, ҳеч бир тўсиқсиз ўтказиб юборилади, дейди Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонаси ходимларидан бири.

Бироқ Шоҳин Равшан ўзбек дипломати таъкидлаётган тартибга кўпинча ўзбек чегарачилари амал қилмаётганларини билдирди.

- Бугун Хайруллонинг жасадини қабул қилиб олиш жараёнида қатнашдим. Ўз кузатувларим асосида шуни айтиш мумкинки, виза тартиби соддалаштирилган ҳудуд фуқароларининг ҳаммаси ҳам эмин-эркин ўтиб қайтиш имконига эга эмаслар. Кўпинча чегарачилар томонидан улар ҳуқуқлари поймол қилинаётгани кузатилади, дея таъкидлади Шоҳин Равшан.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG