Линклар

logo-print

Ўзбекистон жорий йил куз ва қиш мавсумида Туркманистоннинг бир миллиард икки юз миллион кВт/соат электрини ўз энергетик тизимлари орқали Тожикистонга узатиб беришга розилик берди.

Бу ҳақда Озодликка Тожикистон Энергетика ва саноат вазирининг биринчи ўринбосари Муҳиддин Пўлотов маълум қилди.

Пўлотовга кўра, икки мамлакат энергетик компаниялари ўртасида бу борадаги келишув битими ўтган ҳафтада Тошкентда имзоланган.

Тожикистон ва Туркманистон ўртасида 2007 йил электр импорти бўйича имзоланган шартномага биноан туркманлар 2012 йилгача ҳар йили куз ва қиш мавсумида Тожикистонга 1,2 миллиард кВт/соат электр етказиб бериш мажбуриятини олган эди. Бироқ ўтган йили Тожикистон Туркманистондан атиги 400 миллион кВт/соат электр импорт қилган, холос. Янги йил бошидан Ўзбекистон энергетиклари “Қоракўл” подстанциясида авария юз берганини баҳона қилиб туркман электрини Тожикистонга транзит қилишни тўхтатиб қўйган эди.

Шундан сўнг Тожикистон энергетик тизими мутахассисларидан тузилган махсус комиссия “Қоракўл” подстанциясидаги вазиятни ўрганиш ва лозим бўлса, уни таъмирлаш ишларида қатнашишни билдирган эсалар-да, аммо Ўзбекистон томони бунга рухсат бермаган эди.

Ички заҳираси тугаб қолган Тожикистоннинг барча ҳудудларида ўтган йили айни қиш қаҳратонида энергия танқислиги вужудга келди, ҳатто пойтахт Душанбеда ҳам ўтган қишда бир неча соат электр энергияси берилди, холос.

Тожикистон Энергетика ва саноат вазирлиги расмийси Муҳиддин Пўлотов Тожикистон бу йилги куз ва қиш мавсумида олдинги йилларда бўлгани каби электр танқислигига учрамайди, деган ишончда.

- Туркманистондан импорт қилинадиган электр ҳамда Норак ва Сангтўда-1 ГЭСлари ишлаб чиқарадиган электр қуввати бизни қишдан эсон-омон чиқаради. Бу йил ўтган йилдагилардан фарқли ўлароқ Ўзбекистондан электр импорт қилмаймиз. Аммо Ўзбекистон август ва сентябр ойларида биздан 500 миллион кВт/соат электр сотиб олади, дея таъкидлади Пўлатов ўзаро суҳбат чоғида.

Расмийнинг гапига қараганда, Тожикистон бу йил Ўзбекистонга ўз электрини сотади, яъни ўтган йиллардаги сингари Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида ўзаро электр бартери тўхтатилади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган олти йил давомида Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида ўзаро электр олди-бердисини амалга оширилиб келинган.

Тожикистон баҳор ва ёзда Ўзбекистонга 600 миллион кВт/соат электр бериб, эвазига куз ва қишда 900 миллион кВт/соат электр олиб турган.

Пўлот Муҳиддиновнинг таъкидича, бу йил Тожикистонда Сангтўда-1 ГЭСи тўла ишга туширилгани сабабли ўзаро электр бартерига эҳтиёж сезилмайди. Тожикистон бу йил Ўзбекистондан туркманлар электрини мамлакатга узатиб турувчи транзит ўлка сифатида фойдаланмоқчи, холос.

Бироқ кузатувчилар мамлакат аҳолиси бу йил ҳам ўтган йиллардаги сингари электр танқислигига дуч келиши мумкинлигини башорат қилмоқдалар.

Мустақил кузатувчи Раҳмон Ўлмасов Ўзбекистон бу йил ҳам турли баҳоналар билан туркман электрини Тожикистонга узатиб бериш бўйича мажбуриятларини бажармай қўйиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмайди.

- Шу шартнома шартлари Ўзбекистон томонидан тўла бажарилишига юз фоиз кафолат йўқ. Ўзбекистонлик энергетиклар бу йил ҳам электр тармоқларида авария юз бергани ёки бошқа бирор сабабларни баҳона қилиб туркманларнинг электрини бизга узатмай қўйиши эҳтимолдан йироқмас. Туркманистон томондан бундай муаммо бўлиши мумкин эмас, чунки туркманлар Тожикистонга электр сотишдан манфаатдор, дейди Ўлмасов.

Аммо шунга қарамай, таҳлилчига кўра, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида туркманлар электрини транзит қилишга доир икки ёқлама шартноманинг имзоланиши икки мамлакат ўртасидаги алоқаларнинг илиқлашаётганидан даракдир.

Бироқ мустақил таҳлилчи Қосим Бегмуҳаммадов бу битимни Ўзбекистоннинг навбатдаги сиёсий ўйини ўлароқ баҳолайди. Зеро, таҳлилчига кўра, ёз фаслида Ўзбекистоннинг Тожикистон сувига эҳтиёж катта.

- Расмий Тошкент бугун тожиклар сувига эҳтиёж сезиб турган бир пайтда туркманлар электрини узатиб бериш битимига имзо чекиб юборган бўлса ажаб эмас. Аммо эртага қаҳратон қишда Ўзбекистон ўз зимасига олган мажбуриятини бажармаслигига ким кафолат бера олади? Ўзбекистон Тожикистоннинг энергетика мустақиллигини қўлга киритиш режаларининг амалга ошмаслигига ҳар томондан зарба бераётгани бу шуҳбаларимизни кучайтиради, дейди таҳлилчи Бегмуҳаммадов.

Туркманистон электрини Тожикистонга транзит қилиб турган Ўзбекистон ўтган йил ҳар кВт/соат электр учун 0,3 цент ҳақ олган. Аммо бу йил транзит ҳаққига янги тариф белгиланганми, йўқми - буни тожикистонлик энергетиклардан аниқлаштириш имкони бўлмади.
XS
SM
MD
LG