Линклар

logo-print

Юсуф Жума қамоқда калтакланаяпти

  • Садриддин Ашур

Оиласи билан президент Каримов истеъфосини талаб қилиб пикетлар ўтказгани учун қамоққа ташланган шоир Юсуф Жума, жазони ўташ жойида калтакланаётгани ҳақида маълумотлар бор.

Оиласи билан президент Каримов истеъфосини талаб қилиб пикетлар ўтказгани учун қамоққа ташланган шоир Юсуф Жума, жазони ўташ жойида калтакланаётгани ҳақида маълумотлар бор.

19 июл куни отасини кўриб чиққан Феруза Жумаеванинг айтишича, беш йил муддатга озодликдан маҳрум этилган ўзбекистонлик диссидент шоир Юсуф Жума қамоқхона назоратчилари томонидан калтакланаяпти.

Шоир Юсуф Жуманинг қизи Феруза Жумаевага кўра, унинг отаси билан учрашув олиши жуда қийин бўлган:

- Бориб¸ ўша ëқда бир ҳафтагача кутиб қолдим. Киритишмади. Қамоқхона маъмуриятига бориб: “Мен ëш болаларимни ташлаб келдим. Нима учун бунақа куттираяпсизлар? Ë дадам изолятордами? Тўғрисини айтинглар. Агар изоляторда бўлса ва мен кўра олмайдиган бўлсам¸ менга айтинглар мен кетай. У ëқда ëш болам бор. Бўлмаса¸ Тошкентга бориб¸ сизларнинг устларингиздан шикоят қиламан. Шу ҳам инсофданми” деб айтдим.

18 июл куни мен бир кун дадамнинг олдида бўлдим. Бир суткагина берди. Ўзи уч сутак бериши керак эди. Бу уч ойда бир мартагина бўладиган учрашув.Менинг передачаларимни ҳам олмади. Жуда ҳам ëмон бўлди. Агар бирор жойга шикоят ëки ариза ëзсанг¸ киритмайман¸ деб айтди¸ - дейди Феруза Жумаева.

Юсуф Жума жазо муддатини ўтаётган бу қамоқхона Қорқалпоғистоннинг Жаслиғида жойлашган. Ферузанинг сўзларига кўра, отасининг аҳволи жуда ёмон экан.

- Дадамнинг аҳволларини кўриб¸ жуда ҳам ачиниб кетдим. Дадамнинг аҳволлари яхши эмас. Жуда ҳам озиб кетганлар. Яқинда Жамшид Атоев дегани¸ у бошқа отряднинг бошлиғи ва дадамнинг отрядига умуман тегишли жойи йўқлигига қарамасдан дадамни калтаклабди. У ëқда ҳеч нарса ўзгармаган. Қайтанга аввалгидан ҳам баттарроқ бўлган. Дадам “Юрагим санчиб турибди ҳозир. Бошимга бир мушт урди. Баъзан қон босимим ошиб кетади”, деб айтдилар. Дадамнинг аҳволлари жуда ҳам ачинарли. Билмадим, булар қачон инсофга келади¸ -дейди Феруза Жумаева.

Феруза Жумаева Жаслиқ қамоқхонасидаги шарт-шароитлар ҳақида қуйидагиларни гапириб берди:

- У ëқда ҳеч кимга ҳам осон эмас. У ëқ ëниб ëтибди. Об-ҳавоси жуда ҳам ëмон. Нафас олиб бўлмайдиган бир жой. Ўсиб турган кўк нарсанинг ўзи йўқ. Мана бизлар томондаги чўлларда янтоқ каби нарсалар ўсади. У ëқда ҳеч нарса ўсмайди. Шунақа об-ҳавоси ëмон жой. Ҳар ким ўз дарди билан ўзи. Озиқ-овқати ҳам ëмон. Дадам аввал “Супургининг уруғини қуруқ сувга қайнатиб беришади”, деб айтган эдилар. Ëки қуруқ сувга қуртлаган макарон солиб беришади, бу турмада. Яна дунëдаги энг ëмон турма¸- дейди Феруза Жумаева.

Исёнкор ўзбек шоири Юсуф Жума 2007 йилнинг декабр ойида, президент сайловларидан олдин президент шаънини ҳақорат қилганлик ва бошқа қатор айблар билан ҳибсга олинган эди.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар аслида Юсуф Жумага қўйилган бу айбовлар тўқима айблар эканлигини таъкидлар экан, шоир Юсуф Жума эркин сўз ва ҳур фикр учун қамоққа ташланганини таъкидлашади.

Яқинда Ҳюман Райтс Вотч Халқаро ташкилоти тарқатган баёнотда айтилишича, Юсуф Жума Жаслиқ қамоқхонасининг махсус изояторига ташланган ва унга нисбатан тана аъзоларини куйдириш¸ калтаклаш каби қийноқлар қўлланмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати Юсуф Жумани озод қилиш ҳақда маҳаллий ва халқаро ҳуқуқ гуруҳлари мурожаатларига расман жавоб қайтарган эмас.

Нега таниқли ва исёнкор шоирининг бу тақдирини Ўзбекистон ҳукумати кўрмаганга оляпти, эшитмаганга соляпти? Нега? Биз бу савол билан шоира Гулчеҳра Нуруллаевага мурожаат қилдик:

- Юсуф Жума ўзбекнинг фахри¸ ўзбекнинг исëнкор шоири. 200-300-400 йилларда бир туғиладиган шоир. Мен уни шахсан “Ўз даврига сиғмаган шоир” деб ҳисоблайман.

Одатда¸ демократия бўлмаган мамлакатларда демократияни истаган¸ эркинликни истаган шоирлар ҳеч қачон ҳукуматга ëқмайди. Ҳукумат уларни ўзининг биринчи душмани деб билади. Афсуски¸ Юсуф Жуманинг ҳам тақдири мана шундай кўргиликларга дучор бўлди.

Ўзбек ҳукумати унинг буюк шоирлигини кўрмаяпти¸ жаҳон жамоатчилигининг уни озод қилишни талаб қилаëтганини эшитмаяпти¸ унинг қалби фарëдларини эшитмаяпти. Бу жуда ҳам ачинарли.

Менинг назаримда¸ Юсуф Жумани ҳозирги тузум эъзозламаса¸ қадрига етмаса¸ барибир у халқнинг шоири. Халқ вақти келиб уни бошига кўтаради¸ - дейди шоира Гулчеҳра Нуруллаева.
XS
SM
MD
LG