Линклар

logo-print

Муллен: Афғонистон вазият ёмонлашиб бормоқда


АҚШ бош штаби раиси Афғонистондаги вазият “жиддий ва ёмонлашиб” бормоқда, дея таъкидлади. Адмирал Майк Муллен CNN телеканалига берган интервьюсида “Толибон ҳаракати кейинги пайтларда ўз тактикасини амалга оширишда малакалироқ ва мукаммалроқ бўлиб қолди”, деди.

- Афғонистондаги АҚШ ва НАТО кучларининг янги қўмондони генерал Стэнли МакКристал ҳозирда вазиятни тўла ўрганиб улгурмади, дея қўшимча қилди бош штаб раиси.

АҚШ президенти Барак Обама Афғонистондаги қўшинлар сонини оширишни буюрганидан бери ҳалок бўлган америка аскарлари сони ҳам ошди. Июл ойининг ўзида АҚШ 44 аскаридан айрилди.

Адмирал Майк Муллен ўтган ҳафта Бағдодда 95 кишининг жонига зомин бўлган портлашлардан ташвишга тушганини ҳам таъкидлади.

Бош штаб бошлиғи бу ҳужумлар келгусида яна мазҳаблараро зўравонлик авж оладими, деган саволни ўртага ташламоқда, деди.

- Мазҳаблараро зўравонлик кенг кўламда авж олиши, балким энг катта таҳдиддир. Шу боис ўтган ҳафтадаги портлашлар нафақат мен учун, балки Ироқдаги АҚШ қўшинлари қўмондони генерал Рэй Одиерно, АҚШ элчиси Кристофер Ҳилл ва бошқа кўплаб масъуллар учун жуда хавотирлидир ва биз вазиятни яқиндан кузатмоқдамиз. Бу ҳақда бош вазир Нурий ал-Маликий ва Ироқ раҳбарияти билан маслаҳатлашдик, деди адмирал Муллен.
XS
SM
MD
LG