Линклар

Байтуллоҳ ўрнига Ҳакимуллоҳ


Таҳлилчилар фикрича, Ҳакимуллоҳ Мақсуднинг Толибоннинг Покистондаги етакчиси этиб тайинланиши Афғонистон ва Покистонда жангари ҳужумлари кўламининг ошишига олиб келади.

Таҳлилчилар фикрича, Ҳакимуллоҳ Мақсуднинг Толибоннинг Покистондаги етакчиси этиб тайинланиши Афғонистон ва Покистонда жангари ҳужумлари кўламининг ошишига олиб келади.

Толибон ҳаракатининг ёйинлашича, бир нечта террор ҳуружи учун масъул бўлган жангари Ҳакимуллоҳ Мақсуд ҳаракатнинг Покистондаги етакчиси этиб сайланган.

28 яшар Ҳакимуллоҳ Мақсуднинг Покистондаги Толибон ҳаракати етакчиси этиб сайлангани ҳақидаги хабарни матбуот агентликларига шанба куни ҳаракат вакиллари тарқатди.

Покистон ва АҚШ расмийлари жангариларнинг аввалги раҳнамоси Байтуллоҳ Мақсуд 5 август куни Жанубий Вазиристоннинг Афғонистон билан туташ минтақаларида Америка кучлари уюштирган ҳаво ҳужумида ҳалок этилганини айтиб келмоқда.

Толибон ҳаракати эса Байтуллоҳ тирик, лекин бетоб эканини таъкидламоқда.

Бир неча хабар агентликлари Толибон дала қўмондонлардан бири Мавлавий Фақир Муҳаммадга таяниб, ҳаракат кенгаши бир овоздан Ҳакимуллоҳни Толибоннинг Покистондаги янги етакчиси этиб сайлаганини маълум қилди. Айтилишича, бунга Байтуллоҳнинг оғир касаллиги ва кўзи очиқлигида ўзига ворис танлаш истаги сабаб бўлган.

Айни пайтда Покистон махсус хизматлари Ҳакимуллоҳнинг тайинланганига оид хабарлар юзасидан шубҳа билдириб, уларни икки ҳафта давомида етакчисиз қолиб кетган Толибон ҳаракатини парокандаликдан сақлаб қолиш уринишларига йўймоқда.

Ҳакимуллоҳ Байтуллоҳнинг яқин сафдоши бўлиб келган.

Мустақил таҳлилчи ва Афғонистоннинг Покистондаги собиқ дипломати Аҳмад Сайиднинг айтишича, Ҳакимуллоҳ ўз салафидан кўра анча шафқатсизроқ ва ваҳшийроқдир, бу эса унинг Покистон ва Афғонистон учун каттароқ таҳдид эканини англатади.

- Толибоннинг баъзи дала қўмондонлари, жумладан, Мавлавий Фақир, Мавлавий Назир ва Гул Баҳодирлар Покистонда худкуш ҳужумларни уюштиришга қарши бўлган. Улар бундай ҳужумларни фақат Афғонистонда уюштириш керак, деб ҳисоблайди. Бу масала хусусида Толибон қўмондонлари ичида икки хил фикр мавжуд. Ҳакимуллоҳ кураш ҳам Покистон, ҳам Афғонистонда амалга оширилиши лозим дейдиганлардан. Унинг етакчи этиб тайинланиши Афғонистон ва Покистонда ҳужумлар кўламининг ошишига олиб келади, дейди собиқ дипломат.

Ҳакимуллоҳ “Таҳриқи Толибон Покистон” номли ташкилот етакчиси бўлиб келган. Бу ташкилот Байтуллоҳ томонидан 13 та жангари гуруҳни бирлаштириш мақсадида тузилган.

Ҳакимуллоҳ Мақсуд жорий йил 9 июн куни Пешовар шаҳридаги “Перл Континентал” меҳмонхонасига уюштирилган худкуш ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олган. Бу воқеада 11 киши ҳалок бўлиб, 50 дан ортиқ одам жароҳатланган эди.

У, шунингдек, март ойида Шри Ланка крикет командасига қилинган ҳужум учун ҳам масъулдир.

Айтилишича, Ҳакимуллоҳга Покистоннинг Ҳайбар, Куррам ва Ўракзай минтақаларида 2000 га яқин жангари бўсинади.

Унинг Толибон етакчиси этиб сайланганига оид хабарларни кўпчилик “Байтуллоҳнинг ўлими тасдиғи”, деб баҳоламоқда.
XS
SM
MD
LG